Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига зарба берди
Эрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қасос олиш мақсадида, Ироқ ғарби ва шимолидаги АҚШ ҳарбий базаларига зарбалар берди. Теҳрон базалардан бири йўқ қилингани ҳақида маълум қилмоқда. Пентагон етказилган зарарни ҳали баҳоламади.
АҚШ аскарлари жойлашган Ироқ ғарбидаги Айн ал-Асад ҳарбий-ҳаво базаси Эрон томонидан ракета ҳужумига учради. Бу ҳақда 8 январь, чоршанбага ўтар кечаси Ислом инқилоби соқчилар корпуси томонидан тарқатилган баёнотда айтилган.
Ҳужум эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун ўч олиш ҳаракати деб аталди. Авиабазага камида тўққизта ракета учирилгани ҳақида хабар берган Теҳрон, ҳужум натижасида объект «тўлиқ йўқ қилингани»ни эълон қилди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги ўзининг иккита базасига ҳужум қилингани тўғрисида хабар берди. Пентагон маълумотларига кўра, Эрбилдаги база ҳам ракета зарбасига учраган. АҚШ ҳарбийларига кўра, Эрон ўндан ортиқ баллистик ракеталар учирди.
Айни пайтда, Пентагон ҳозирча зарарни баҳолашга тайёр эмас. Ракета ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар бор-йўқлиги ҳам номаълум.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг Ироқдаги Америка базаларига уюштирган ҳужуми юзасидан «кечроқ» баёнот беришни ваъда қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳужум оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаш жараёни кетмоқда.
«Ҳаммаси яхши! Ракеталар Эрондан Ироқда жойлашган иккита ҳарбий база томон учирилган. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетмоқда! Бугунги кунда бизда жаҳондаги энг қудратли ва энг яхши таъминланган ҳарбийлар бор! Мен (Америка вақти билан) тонгда баёнот бераман», деб ёзди Трамп твиттердаги саҳифасида.
Эрон АҚШ ҳарбий базаларига уюштирилган ҳужумни «муносиб жавоб» ва «ўз-ўзини мудофаа қилиш» деб атади.
«Эрон БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ ўз-ўзини мудофаа қилиш мақсадида бизнинг фуқароларимиз ва юқори мартабали шахсларимизга қарши қўрқоқларча ҳужум бошланган ҳарбий базани нишонга олиб, муносиб чоралар кўрди.
Эрон кескинликни ошириш ёки уруш келтириб чиқариш учун ҳаракат қилмайди, бироқ ҳар қандай агрессиядан ҳимояланади», дея ёзди Зариф твиттерда.
Бундан олдин, Эрон парламенти Пентагонни террорчи ташкилот деб тан олганди. Ушбу қарор Ироқда эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ортидан қабул қилинди.
Эрон ташқи сиёсатидаги бош стратеги, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс» қўмондони, амалда Эронда оятуллоҳ Али Хоминаийдан кейинги иккинчи одам саналган Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдоддаги аэропорт ҳудудида америкалик ҳарбийларнинг дрон орқали берган ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлди.
Ҳужум АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармойишига биноан амалга оширилди. У Сулаймоний дунёнинг биринчи рақамли террорчиси бўлгани ва миллионлаб кишиларнинг ўлими учун жавобгарлигини айтиб ўтди. Трамп Сулаймонийнинг ўлдирилиши урушнинг бошланиши эмас, урушнинг якунланиши бўлганини қайд этиб ўтди.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трампнинг «Твиттер»да маълум қилишича, агар Теҳрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими туфайли америкаликларга ҳужум қилса, унда Қўшма Штатлар «Эрон учун жуда муҳим бўлган» 52та объектга «жуда тез ва жуда кучли» зарба беришга тайёр турибди.