Ўзбекистон | 21:20 / 08.01.2020
73546
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги можаро иштирокчиларини босиқликка чақирди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазият бўйича муносабат билдирди.

«Ўзбекистонда Марказий Осиёга бевосита туташ Яқин Шарқда юз бераётган воқеалар алоҳида ташвиш билан қарши олинмоқда.

Ҳарбий-сиёсий ҳолатнинг янада кескинлашиши кўплаб инсонлар қурбон бўлишига ва кенг кўламли гуманитар фалокатга олиб келиши мумкин, ҳаётий муҳим иқтисодий алоқалар ва коммуникация йўлларини вайрон қилади, минтақавий ва глобал хавфсизликка тузатиб бўлмас зарар етказади.

Ўзбекистон томони ўта босиқлик тарафдори бўлиб, тарангликни камайтириш ва минтақадаги вазиятни мўътадиллаштириш учун қарама қарши томонларни сиёсий-дипломатик чоралар кўришга чақиради», дейилади вазирликнинг ЎзАда эълон қилинган баёнотида.

Яқин Шарқдаги вазият 3 январь куни Бағдодда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилгач кескинлашди.

8 январга ўтар кечаси Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қасос олиш бошлангани ҳақида эълон қилиб, АҚШнинг Ироқдаги иккита базасига ракета зарбалари йўллади. Эрон АҚШ ҳарбий базаларига уюштирилган ҳужумни «муносиб жавоб» ва «ўз-ўзини мудофаа қилиш» деб атади. 

Мавзуга оид