Жаҳон | 08:40 / 09.01.2020
180227
3 дақиқада ўқилади

Генерал Сулаймоний учун қасос олинди - Эрон

Фото: AP Photo/Vahid Salemi

Эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун АҚШдан қасос олинди, Теҳрон АҚШ томонидан бошқа тажовуз бўлмаса, янги ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмайди. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги доимий вакили Мажид Тахт-Равончий маълум қилди.   

«Барча ҳаракатларимиз Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига мутаносиб бўлди. Улар якунланди», деб айтган Эрон вакили. У АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқдаги ҳарбий базалар ракета зарбаларига учрагандан кейин берган баёнотига шундай изоҳ берган.  

Дипломат Эрон БМТнинг мудофаа ҳуқуқи ҳақидаги 51-моддасига асосан ҳаракат қилганини таъкидлаган.   

«Агар АҚШ Эронга нисбатан ҳарбий ҳаракатлар амалга оширмаса, биз ҳам шундай йўл тутамиз», деб таъкидлаб ўтган Тахт-Равончий.

8 январга ўтар кечаси Сулаймонийнинг ўлимига жавоб сифатида Эрон ҳарбийлари америкаликларнинг Ироқдаги базаларига ракета зарбалари йўллади. Эрондаги давлат телеканаллари бу ҳужум оқибатида 80 нафар америкалик ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди.

АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳужумдан 16 соат ўтиб берган баёнотида эронликларнинг ҳужуми оқибатида «бирор америкалик жабрланмагани», «фақатгина ҳарбий базалардаги объектлар минимал даражада шикастлангани» ҳақида гапирди. Трамп «Эрон, афтидан, чекинишга қарор қилгани» ҳақида қўшимча қилиб, бу давлатга «қўшимча иқтисодий санкциялар қўлланиши» ҳақида айтиб ўтди.

Бугун Эрон БМТга зиддиятни кескинлаштиришни истамаслиги ҳақида маълум қилди.

Ислом республикаси мурожаатида Ироқдаги базаларга берилган зарбаларга изоҳ берилган ва Эрон «минтақада эскалация юзага келишини истамаслиги» билдирилган. 

«Амалиёт ҳарбий объектларга аниқ йўналтирилди ва тинч фуқаролар ҳалок бўлишига йўл қўйилмади», дейилади номада.

АҚШ ҳам БМТга нома йўллаган ва унда мамлакат Эрон билан «жиддий музокаралар бошлашга тайёрлиги» билдирилган.

АҚШнинг БМТ қошидаги махсус вакили Келли Крафт АҚШ «минтақадаги тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш учун олдиндан шартлар қўймасдан Эрон билан жиддий музокаралар бошлашга тайёрлиги» ҳақида маълум қилган.

Мавзуга оид