Фан-техника | 16:28 / 28.01.2020
16965
2 дақиқада ўқилади

Mercedes юк машиналари рекорд баландликка кўтарила олди

Фото: Daimler

Mercedes компаниясининг иккита махсус жиҳозланган универсал юк машинаси Unimog U 5023 Чилидаги фаол вулқоннинг ёнбағри бўйлаб денгиз сатҳидан 6694 метр баландликка кўтарилди. Юк машиналар вулқон тоғига илмий қурилмани ўрнатиш учун кўтарилган.

Машиналар дунёдаги энг баланд фаол вулқон ҳисобланган Охос-дель-Саладо бўйлаб юқорига кўтарилган. Мутахассислар олдида Чилидаги Атакама чўли марказида жойлашган 6893 метрлик тоғда чодирли лагерлар ёйиладиган жойларга авариявий радиоузатгичларни ўрнатиш вазифаси турган.   

Аслида, 6694 метр баландликка кўтарилишга эҳтиёж бўлмаган, чунки барча радиоузатгич 6100 метр баландликда ўрнатилган. Бироқ экспедиция жамоаси 4 ғилдирикли автомобиллар учун жаҳон рекорди ўрнатишга қарор қилиб, юқорига йўлни давом эттирган.

Таъкидлаш жоиз, экспедиция раҳбари Матиас Йеше 2014 йилда Mercedes Zetros моделида ўрнатган ўз рекордини янгилади.

Unimog U 20 вездеходнинг қисқартирилган модели бўлиб, у 4 цилиндрли двигателда ҳаракатланади. Юк машинаси ишлаб чиқарилиши 2008 йилда йўлга қўйилган. Машиналар тоғ ёнбағирлари бўйлаб кўтарила олиши учун уларнинг оғирлик марказини ўзгартирадиган юкнинг олдинга-орқага ҳаракатланиш тизими билан жиҳозланган. 

Ҳайдовчисиз вездеход модели россиялик муҳандислар томонидан ишлаб чиқилган. У ҳар қандай шароитда қўллашга мўлжалланган. Жумладан, машина қор, музда юра олади, сузади, 1,6 метргача баландликдаги вертикал тўсиқлардан ва эни 2 метргача келадиган ёриқлардан ўта олади.

Мавзуга оид