Спорт | 15:43 / 05.02.2020
9349
11 дақиқада ўқилади

«Чемпион ҳикоялари»: Буффон болалиги, хатолари, тушкунлик ва ўзини англаш ҳақида

Жаҳон чемпиони, Италия ва Франция чемпиони, асримизнинг дастлабки ўн йиллигидаги дунёнинг энг яхши дарвозабони деб тан олинган Жанлуижи Буффон яқинда 42 ёшга тўлди. Унинг ThePlayersTribune’га айтиб берган ҳикояси эса, муваффақиятлар ва совринларга тўла футбол фаолиятини эмас, оддий, тушунарли ва барча ҳам эришиши мумкин бўлган ҳақиқий бахт ҳақида. Ҳикоя сиз учун таниш услубда, бугунги Буффоннинг 17 ёшли Буффонга мактуби сифатида ёритилган.

«Қадрли 17 ёшли Жанлуижи!

Сенга ҳаётида жуда кўп воқеаларни бошдан кечирган, хатолар қилган бир одам ёзмоқда. Менда сен учун ҳам яхши, ҳам ёмон хабарлар бор. Муҳими, мен сен билан қалбинг ҳақида гаплашмоқчиман.

Аввал, ёмон хабар. Сен 17 ёшга кирдинг. Яқинда худди орзу қилганингдек, ҳақиқий футболчи бўласан. Сен учун ҳаммаси маълумдек, лекин ҳали ҳеч нарсани билмайсан, ишонавер.

Бир неча кундан кейин «Парма» сафида А Сериядаги биринчи ўйинингда майдонга тушасан. Бундан қўрқадиган даражада тажрибали эмассан, биламан. Бундай воқеа олдидан ўрнингга ётиб, иссиқ сут ичишинг керак. Лекин сен ёшлар таркибидаги дўстинг билан тунги клубга қараб кетдинг.

Бир бокалгина пиво, майли. Лекин сен ўзингни тута олмадинг. Ўзингни катта боладек ҳис қила бошладинг. Кечаси бирда клуб базасига борасан, полиция билан жанжаллашасан. Ундан кўра, уйга кетгин, илтимос.

Сен доим ҳеч қандай сабабсиз, атрофингда хаос пайдо қиласан. Қалбингда ўт бор ва бу жуда кўп хатоларга бошлайди. Гўёки, шерикларинг олдида ўзингни кучли ё эркин кўрсатишга уринасан, аммо буларнинг ҳаммаси ниқоб. Уч кун ўтиб, тақдир сенга учта совға тақдим этади. Жуда хавфли совғалар.

Пул. Шуҳрат. Орзуингдаги иш.

Бунинг нимаси хавфли дейишинг мумкин, парадокс ҳам шунда. Бир томондан дарвозабон ўзига ишониши, руҳан кучли бўлиши лозим, ҳеч нарсадан қўрқмаслиги керак. Агар мураббий техник томондан энг мукаммал ва энг жасур дарвозабондан бирини танлаши керак бўлса, ҳаммаси иккинчи вариантни танлайди. Иккинчи томондан эса, довюрак инсон ҳамма нарсани унутиб қўйиши осон. Бу ҳатто сени зериктириб, тушкунликка олиб келиши ҳам мумкин.

Истасанг, кулишинг мумкин, лекин шундай бўлади. Фаолиятингнинг чўққиси, ҳар бир эркак орзу қиладиган ҳолатдасан, 29 ёшингда «Ювентус» ва Италия терма жамоаси посбони бўлдинг. Пул, эҳтиром. Сени ҳатто Супермен деб атай бошлашади. Аммо ўзинг яхши биласан, ҳеч қанақа суперқаҳрамон эмассан. Атрофингдагилар каби, оддий инсон. Аммо босим, сенга бўлган муносабат сени занжирбанд қилади. Машғулотларга борасан, телевизор кўрасан. Ухлайсан. Эртасига ҳам шу гап. Ютасан. Ютқазасан. Яна ва яна.

Бир куни уйғониб, оёқларинг қалтираётганини сезасан. Шунчалик ожизсанки, машина ҳайдай олмаяпсан. Шунчаки, чарчадим ёки бетобман, деб ўйлайсан. Аммо аҳволинг ёмонлашади. Ҳеч нарса қилгинг келмайди, фақат ётасан. Машғулотлардаги ҳар бир сэйв жуда кўп меҳнат талаб қилади. Етти ой тушкунликда бўласан, хурсанд бўлиш учун бирор сабаб топиш қийин бўлиб қолган.

Энди, бироз пауза оламиз. Чунки, сен, 17 ёшли йигит нималарни ўйлаётганингни биламан.

«Қанақасига? Мен бахтлиман-ку? Туғма етакчи. Агар мен «Ювентус» дарвозабони ва миллионер бўлсам, бахтли бўлишим аниқ. Қанақа тушкунлик?»

Сенга жуда муҳим савол бераман: нега ҳаётингни футболга бағишлашга қарор қилгандинг Жижи. Эсингдами?

Томас Н’Конони айтма, илтимос, янаям чуқурроқ ўйла. Ҳаммасини эслашга уриниб кўр.

12 ёшда эдинг. Ҳа, Италияда жаҳон чемпионати бўлаётганди. Биринчи ўйин – Аргентина Камерунга қарши. «Сан Сиро» стадионида.

Ўша ўйин пайтида қаерда эдинг, кўзингни юмгин-да, эслашга уриниб кўр. Уйда, бир ўзинг. Ўртоқларинг-чи? Бувинг ошхонада овқат пишираётганди. Кўчанинг иссиқлигидан пардалар ҳам ёпиб қўйилган, хона қоронғи, фақат телевизор нури ёритиб турарди.

Камерун! Қизиқ сўз. Бу қаерда жойлашганини ҳам билмайсан. Бундай давлат борлигини билмасдинг ҳам. Албатта, Аргентинани, Марадонани танийсан, аммо Камерун футболчиларида қандайдир сеҳр бор эди. Жуда иссиқ, лекин уларнинг дарвозабони енги узун кийимда ва қора шалвар кийиб олган. Бўйи баланд, мўйлови бор, чаққон. Сенинг эътиборингни тортди. Ёқтириб қолдинг.

У сен ҳаётда кўрган энг зўр йигит. Шарҳловчи унинг исми Томас Н’Коно эканини айтади. Аргентина бурчак зарбаси ижро этяпти. Томас тўпга ташланади-да, ҳамманинг орасидан тўпни узоққа уриб юборади. Шу лаҳзада ҳаётда нима хоҳлашингни билиб оласан. Сен шунчаки, дарвозабон эмас, худди шундай дарвозабон бўлмоқчисан. Ёввойи, дадил, эркин...

Ўйин давом этган сари, қароринг қатъийлашиб боради. Камерун гол уради, сен асабийлаша бошлайсан, уларга мухлислик қиласан. Ўрнингдан туриб кетасан. Камерун майдонда ўн киши қолгач, шарҳловчининг овози ҳам ёқмайди. Иккинчи бўлимда телевизор ёнида уёқдан буёққа юра бошладинг, Камерун тўққиз киши қолади. Охирги беш дақиқада, телевизор овозини ўчириб, тиз чўкканча, бошингни ерга қилиб турасан. Орада бошингни кўтариб, ҳисобни кўрасан ва яна эгасан. Ниҳоят, Камерун ғалаба қилди. Қўшнилардан икки болакай пайдо бўлди: «Камерунни кўрдингми? Кўрдингми?»

Ўша куни қалбингда ўт ёнди. Камерун деган давлат бор. Томас Н’Коно деган дарвозабон ҳам бор. Бир куни дунёга Буффон ҳам борлигини билдириб қўясан. Мана шунинг учун футболчи бўлишни орзу қилгандинг. Пул ва шуҳрат учун эмас. Томас Н’Коно ўйинидаги артистизм, унинг услуби, унинг қалби...

Унутма, пул ва шуҳрат асосий мақсад эмас. Агар футболдан ташқарида ҳам ўзингни илоҳлантирувчи нарсалар топа олмасан, бир кун тугайсан. Сенга фақат бир маслаҳат беришим мумкин бўлганида, атрофингдаги воқеаларга, одамларга қизиқишинг кераклигини айтган бўлардим.

Дарвозабон бўлиш довюракликни тақозо қилади, тўғри. Аммо бу дегани жоҳил бўлиш кераклигини англатмайди. Ўша тушкунликда юрган пайтингда, сен билан ажойиб ҳолат юз беради. Бир куни, ўз қобиғингдан чиқиб, бошқа жойга нонушта қилгани борасан. Туриндаги янги кўчаларидан бирида кетаётиб, санъат музейидаги бир афишага кўзинг тушади. ШАГАЛ деб ёзилган.   

Сен илгари бу фамилияни эшитмагансан. Сабаби, санъат ҳақида ҳеч нарса билмайсан. Ишинг кўп. Сен Буффонсан. Хўш? Буффон ким? Кимсан ўзи? Биласанми?

Бу хатимнинг энг муҳим нуқтаси. Сен ўша куни ўша музейга киришинг керак. Бу ҳаётингни ўзгартириб юборади. Бутунлай. Агар кирмасанг, ўша футболчи, супермен сифатида қолиб кетасан. Қалбинг ўлади.

Киргин-да, у ердаги Шагалнинг юзлаб асарларини томоша қил. Аксарияти сени унчалик жалб қилмайди. Яхшилари ҳам бор, бундайроқлари ҳам. Ва расмлардан бири сенга чақмоқ каби уради. Бу суратнинг номи – «Сайр».

Буни худди бир болакай чизганга ўхшайди. Бир аёл ва эркак, паркда. Аёл фаришта каби юқорига, осмонга учмоқчи, эркак эса, унинг қўлларидан ушлаб кулиб турибди.

Худди ёш боланинг тушига ўхшайди. Бу сурат бошқа бир оламдан нимадир бераётгандек туюлади. Бу сурат ёш бола бўлиш қандай эканини эслатади. Бахтли бўлиш қанчалик осонлигини ўргатади.  

Бу худди ўшанда Томас Н’Коно тўпни узоққа уриб юборгандаги ҳис. Бу худди бувинг ошхонадан овқатга чақиргандаги туйғулар. Қоронғи хонада телевизор қаршисида дуо қилиб ўтирган онларинг...

Улғайган сари, бу туйғуларни унутамиз. Эртасига яна ўша музейга қайтишинг керак. Бу жуда зарур.

Кассадаги аёл сенга қараб кулади – «Кеча ҳам шу ерда эмасмидингиз?»

Нима бўпти? Ичкарига кир. Санъат – сен учун энг яхши даво. Ақлингни озод қилганингда, ички оғирлик сени тарк этади. Худди Шагал чизган расмдаги аёл каби.

Жуда қизиқ ҳолат. Баъзида менга шундай туюладики, ҳаётимиздаги ўзгаришларни бошқа кимдир бошқаради. Жуда кўп ажойиб ва тушунтириш қийин бўлган воқеалар бўладики... Баъзилари бир-бири билан қай даражада боғлиқ эканига ақлинг ҳам етмайди. 

«Парма»да ўйнаб юрганингда, ёшсан, жуда кўп жоҳилона ҳаракатлар қиласан. Шерикларингга, мухлисларга, ҳаммага ўзингни етакчи, қувноқ йигит сифатида кўрсатгинг келади. Ўзингча, болалигингда мактаб партасига ҳам ёзиб олган сўзларни футболкага ҳам ёзасан – «Қўрқоқларга ўлим!»

Бу қандайдир илҳомбаҳш чақириқ, деб ўйлайсан. Сен ҳали буни фашистларнинг чақириғи бўлганини билмайсан ҳам.

Сенга, оилангга бундай хатолар кўп азият олиб келади. Лекин бу хатолар ҳам муҳим, чунки шу орқали, инсон эканингни тушуниб борасан. Сен аслида ҳеч нарсани билмаслигингни эслатиб туради бундай хатолар. Гўёки, футболда ҳаммани ўзингни супермен эканингни кўрсатиб, тан олдирарсан, лекин унутмаки, яқин дўстларингга айланадиган бармен ёки электрикдан заррача фарқинг йўқ.

Айнан мана шу сени тушкунликдан қутқаради. Иқтидоринг, истеъдодинг, муваффақиятларинг эмас, аслида бошқалардан фарқинг йўқлигини англашинг... Ўз ожизлигидан уялмаслик аслида, жуда катта довюракликдир.

Ҳаётда ҳаммаси бир-бирига боғлиқ ва ҳали буни тўлиқ тушуниш учун ёшсан ва соддасан. Мен фақат, эртароқ, буни тушуниб етмаганимдан афсусланаман холос. 41 ёшингда ҳам қалбингдаги олов ёниб туради. Сен ўшанда ҳам қониқмайсан. Кўрасан, ҳатто жаҳон чемпионатидаги ғалаба ҳам ёрдам бермайди. Ўзингни босишинг учун балки бутун мавсумни гол ўтказмай якунлашинг керакдир, балки...

Назаримда, сен доим шундай бўлгансан.

Эсингдами, Удине тоғларига, амакингникига меҳмонга боргандинглар. Тўрт ёшда эдинг, туни билан қор ёғди. Унгача сен ҳеч қачон қорни кўрмагандинг. Эрталаб уйғониб, деразадан қарасанг, қандайдир сеҳр, туш ўнгга айланган – атроф оппоқ. Юпқа кийимда кўчага ошиқдинг. Қор нималигини билмасанг ҳам, сени бу тўхтатмади. Довюраксан. Сен учун номаълум бўлган оламга ўзингни урдинг.

«Жанлуижи!!! Йўқ! Йўқ! Йўқ!!» – деб қичқирганди бувинг орқангдан.

Совуқ ичингдан ўтиб кетган, лекин кулардинг. Бир ҳафта истимада ётдинг, аммо сенга фарқи йўқ эди.

Ўйлаб ҳам ўтирмасдан, қорнинг ўртасига ўзингни ургандинг.

Сен шунақасан!

Сен Буффонсан!

Сен ҳали бутун дунёга бор эканингни кўрсатасан!»

Жанлуижи Буффон

Мавзуга оид