Круиз лайнер бортида эпидемия. Коронавирус бўйича сўнгги маълумотлар
Япониянинг Йокогама шаҳри қирғоқлари яқинида тўхтатилиб, карантинга олинган «Даймонд принцесс» круиз лайнери йўловчилари орасида яна 41 киши янги коронавирусни юқтириб олгани маълум бўлди. Бортдаги зарарланганларнинг жами сони 61 нафарни ташкил этмоқда.
Лайнердаги йўловчиларнинг жами сони 3700 кишига яқин - 2700 йўловчи ва кема экипажининг мингга яқин аъзоси. Кема яна икки ҳафтага яқин вақт давомида карантинда бўлади.
Ушбу кема 20 январь куни Йокогама шаҳридан Кагосима-Ҳонгконг-Окинава йўналиши бўйича икки ҳафталик круизга жўнаган. Саёҳат 4 февралда тугаши керак бўлган.
Бироқ 20 январь куни кемага чиқиб, 5 кун ўтгач Ҳонгконгда қирғоққа тушган йўловчилардан бири, ҳонгконглик 80 ёшли пенсионерда вирус аниқлангач, бортдагиларнинг барчасини ёппасига текшириш бошланди.
Бу ҳолат ҳақда Япония ҳукумати хабардор қилингач, круиз 3 февраль куни Йокогамага қайтганида унга портга киришга рухсат берилмаган.
Худди шу вақтда яна бир круиз лайнер Ҳонгконг яқинида карантинга олинди, унинг қирғоққа тушган йўловчиларидан 8 нафарида коронавирус аниқланган. «Уорлд дрим» бортида қолган 3600 кишида ҳозирча вирусдан зарарланиш ҳолати тасдиқланмади.
Британия-Америка компаниясига тегишли бўлган «Уэстердам» лайнерига ҳам япон портларига кириш тақиқланган, ҳолбуки унинг бортида вирусдан зарарланиш ҳолати ҳақида маълумот йўқ.
Айни вақтга келиб Япония ҳудудида коронавирусни юқтириб олганлар сони 86 кишини ташкил этмоқда. Бу Хитойдан ташқаридаги ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткичдир.
Барча зарарланганлар бир неча префектурада ташкил этилган махсус жиҳозланган шифохоналарга жойлаштирилган.
Кемадан эвакуация қилинган беморлар орасида 58 ёшли британиялик ҳам бор, у 41 ёшли рафиқаси билан асал ойини ўтказаётганди. Унинг рафиқасида коронавирус симптомлари аниқланмаган ва у бошқа йўловчилар билан бирга кема бортида қолган.
Карантинда қолаётган йўловчиларнинг айримлари шароитлардан шикоят қилишган, улар қарийб бир ойни каютада ўтказишга мажбур бўлишмоқда. Йўловчилардан бири буни сузувчи қамоқхонага ўхшатган.
Лайнер бортида дори-дармон танқислиги юзага келган. Йўловчилардан бири Япония байроғини кўтарган, унинг оқ рангли қисмида «дорилар етишмаяпти» деб ёзилган.
Япония телекомпанияларидан бирининг қирғоқда турган журналисти унга жавобан плакат кўтарган, унда, айнан қайси дорилар етишмовчилиги кузатилаётгани сўралган.
«Даймонд принцесс» бортида 56 давлат фуқаролари бор. Зарарланганлар қуйидаги тартибда:
- Япония: 28 киши
- АҚШ: 11 киши
- Австралия: 7 киши
- Канада: 7 киши
- Хитой: 3 киши
- Буюк Британия, Аргентина, Янги Зеландия, Филиппин ва Тайван: бир кишидан.
Карантин ҳолатида қолаётганлар орасида Россиянинг 24 нафар фуқароси бор.
Ушбу круиз сафарини ташкиллаштирган Princess Cruises компанияси карантин ҳолатидагиларнинг шароитларини яхшилаш учун бор имкониятлар ишга солиниши, йўловчилар телевидение, фильмлар, стол ўйинлари ва болалар учун ўйинлар, инглиз ва япон тилидаги газеталар, озиқ-овқатларни каюталарга етказиб бериш хизматлари, шунингдек, текин интернет ва телефон алоқаси билан таъминланишини ваъда қилган.
Вақти вақти билан йўловчиларга каюталарни тарк этиб, банкет залларига ташриф буюриш имконияти яратилмоқда, уларни Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари назорат қилмоқда, аммо уларнинг сони бир неча нафар холос.
Лайнер бортидагилар қандай яшамоқда?
«Даймонд принцесс» бортидаги британиялик йўловчи Дэвид Абель фейсбукдаги саҳифаси орқали лайнер ҳаётини ёритиб бормоқда.
- «Биз доимий равишда ўз тана ҳароратимизни ўлчаб боришимиз керак, агар у кўтарилган бўлса бу ҳақда тиббиёт ходимларига хабар бериш керак»
- «Кичик каюталарда иллюминаторлар йўқ, бундай хоналарга кундуз куни ҳам ёруғлик тушмайди, тоза ҳаво кирмайди. Аммо, кема капитани бундай хоналардаги йўловчиларга вақти вақти билан палубага чиқиш ва жисмоний машқлар бажариш имконияти тақдим этилишини билдирди»
- «Агар бизни палубага қўйишса, биз юз ниқоби кийишимиз ва бошқалардан камида бир метр масофа сақлаган ҳолда ҳаракатланишимиз керак»
- «Стюардлар энди каюталарга кириб тўшакни йиғиштиришмайди. Биз гигиена ва хона озодалиги тўғрисида ўзимиз қайғуришимиз керак»
- «Кийимларни ювишнинг иложи йўқ, биз устимизда нима бўлса шунда юрибмиз. Ички кийимларни раковинада ювишга ҳаракат қиламиз - совун бор»
- «Карантиннинг биринчи кунида озиқ-овқат кам эди. Ҳозир бу борада ҳаммаси яхши, лекин меню бутунлай ўзгарган ва бу энди люкс эмас».
Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар сони 638 кишига етди, касалланганлар сони дунё бўйича 31 479 кишини (Хитойда 31211) ташкил қилмоқда, коронавирус 24та давлатда 268 нафар кишида лаборатория усулида тасдиқланган. Вафот этганларнинг катта қисми — 618 киши Хубэй провинциясида жойлашган Ухан шаҳрига тўғри келмоқда. Ухандаги крематорийлар коронавирус сабаб тўлиб кетган.
7 февраль куни Ухандаги госпиталда янги турдаги коронавирус хавфи ҳақида биринчилардан бўлиб огоҳлантирган шифокор Ли Венлян коронавирус оқибатида вафот этди. Ли Венлян 2019 йилнинг декабрида вирус юқтириб олган беморлар ҳақида ҳамкасбларини огоҳлантиришга уринган. Дастлаб у атипик пневмония эпидемиясини чақирадиган вирус ҳақида WeChat орқали оммага маълум қилганди.
Ўзбекистонда ҳозирча коронавирус инфекцияси аниқланмаган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби маълумотига кўра, И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 6 февраль куни хорижий давлатлардан 38та самолёт қабул қилиниб, 4374 киши, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ марказий Санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6та санитария-карантин пунктидан 6та поездда жами 1399 киши, Давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлари орқали 28863 киши термометриядан ўтказилди.
6-7 февраль кунлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилот ва идоралар мутахассислари билан ҳамкорликда Тошкент вилояти, Тошкент туманида жойлашган «Навоий» чегара-божхона постида «Янги коронавирус инфекциясини республика ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалиши олдини олишда ФВДТ раҳбар органлари ва куч-воситаларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари» мавзусида кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Бу каби амалий машғулотлар бутун республика бўйлаб ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Саломатлик» поликлиникаси ходимлари ҳамда «Тошкент-Волгоград» ва «Андижон-Уфа» йўналишидаги вагон кузатувчилари билан «Янги коронавирус инфекцияси, унинг бирламчи симптомлари, касалликка гумон қилинган беморлар аниқланганда амалга ошириладиган чора-тадбирлар» мавзусида семинарлар ўтказилди.
Ўзбекистон аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Бу касаллик республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан назоратга олинган.
Мавзуга оид
12:13 / 25.12.2024
“Ўзбекистондаги носвойлардан 10 хил заҳарли модда аниқладик” — Япониядаги ўзбек олими янги тадқиқоти ҳақида
20:50 / 23.12.2024
Японияда сунъий гравитацияга эга Ой мажмуаси прототипи қурилади
20:28 / 23.12.2024
Honda ва Nissan бирлашмоқда. Улар дунёдаги энг йирик учинчи автомобил ишлаб чиқарувчига айланади
18:22 / 22.12.2024