Олимлар кўршапалаклардаги вируслар нима учун ўта хавфли эканини аниқлашди
Олимлар кўршапалаклар иммунитети одамларникидан кучлироқ эканини аниқлашди. Бу эса ушбу жонзотлар ўз ўлчамидек келадиган бошқа сутэмизувчилардан кўра кўпроқ яшаши ва улардаги вируслар инсон учун ўта хавфли экани сабабини тушунтиради.
Бу борадаги тадқиқот натижалари eLife нашрида чоп этилди.
Охирги йилларда энг ҳалокатли вирусли касалликлар - SARS (атипик зотилжам), MERS (Яқин Шарқ респиратор синдроми), Эбола ва Марбург вируслари ҳамда катта эҳтимоллик билан Хитойда тарқалган янги коронавирус кўршапалаклардан келиб чиққан.
Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, вирусли инфекция кўршапалакларда тезкор ва кучли иммун реакциясини ишга туширади. Бу реакция бир томондан ушбу жонзотларни ҳимоялайди, бошқа томондан агрессив иммун жавоби вирусларни фаол кўпайишга ва муҳитга мослашишга мажбур қилади.
Кўршапалаклар организмининг ушбу хусусияти уларни тез кўпаювчи ва юқори даражада зарарловчи вируслар учун ўзига хос резервуарга айлантиради. Шу сабабли бу вируслар кучсизроқ иммун тизимига эга сутэмизувчиларга ўтса, мисол учун одамга, улар учун ҳалокатли хавф солади.
“Тез иммун жавоби кўршапалаклар ҳужайраларини инфекциядан сақлайди, вирус ўз эгаси организми учун зарарсиз кўпайишда давом этаверади. Аммо вирус, мисол учун, бундай вирусга қарши ҳимоя механизмига эга бўлмаган одамга юққанда, бу кўплаб асоратларни келтириб чиқаради”, деб келтирилган тадқиқот муаллифларидан бири Кара Брукнинг сўзлари Берклидаги Калифорния университети баёнотида.
Вирус одамга овқат билан ўтиши мумкин. Хитойдаги янги коронавирус манбаси Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорида бўлгани таъкидланмоқда. Бу ерда кўплаб бошқа жонзотлар тирик ва нимталанган ҳолда сотилган. Бундан ташқари, жонзотларда улар яшаш муҳитининг бузилиши вирус сақловчи барча физиологик маҳсулотлар – сўлак, сийдик ва бошқаларнинг уларда катта миқдорда ажралишига олиб келади.
Юқоридаги натижалар Bat One Health лойиҳаси доирасида олинган бўлиб, ушбу лойиҳа кўршапалаклар яшаш муҳити бузилиши ва улардаги вирусларнинг бошқа жонзотлар ва одамларга ўтиши орасидаги боғлиқликни ўрганишга қаратилган.
Тадқиқот муаллифларидан яна бири Майк Бутснинг таъкидлашича, кўршапалаклар вируслар борасида ўзига хос жонзотлардир. “Бу вируслардан аксариятининг кўршапалаклардан келиб чиқиши тасодиф эмас. Бизнинг тадқиқотимиз кўршапалаклар иммун тизими вирусларнинг зарар етказишини бошқара олишини кўрсатади”, деб айтган олим.
Кўршапалаклар уча олувчи ягона сутэмизувчилар бўлгани сабабли улар парвоз вақтида метаболизм, яъни моддалар алмашинуви суръатларини шундай ўлчамдаги кемирувчиларга нисбатан икки марта оширади. Одатда, фаол жисмоний ҳаракатчанлик ва метаболизмнинг тез кечиши реактив молекулалар (метаболизмнинг иккиламчи заҳарли маҳсулотлари), биринчи навбатда эркин радикаллар тўпланиши сабабли тўқималарнинг кучлироқ зарарланишига олиб келади. Бироқ кўршапалаклар, кўринишича, бу вайронкор молекулалардан халос бўлишнинг физиологик механизмларини ишлаб чиққан. Шу билан параллел равишда уларнинг организми турли сабаблар билан чақирилган исталган яллиғланишдан халос бўлади. Бу эса уларнинг узоқ яшаши сабабини тушунтиради.
Юрак уриши ва метаболизми тез бўлган кичикроқ ўлчамдаги сутэмизувчилар юрак уриши ва метаболизми секинроқ бўлган каттароқ жонзотларга нисбатан камроқ яшайди, чунки улардаги юқори суръатлардаги метаболизм вайронкор эркин радикалларнинг тезроқ ажралиб чиқишига олиб келади. Бироқ кўршапалакларнинг ўзига хослиги шундаки, улар ўз ўлчамидек келадиган бошқа сутэмизувчиларга нисбатан анча узоқ яшайди. Баъзи кўршапалаклар 40 йилгача яшаши мумкин, ваҳоланки шу ўлчамдаги кемирувчилар 2-3 йилгина яшайди.
Мавзуга оид
18:11 / 11.12.2024
Австралиядаги лабораторияда ўлимга олиб келувчи вируслар солинган юзлаб флаконлар йўқолди
23:12 / 19.10.2024
Гриппга чалинган одам уни қанча вақт давомида бошқаларга юқтиради? Мутахассислар жавоб берди
18:00 / 12.10.2024
Ерда 70 мингдан зиёд номаълум вируслар аниқланди
23:01 / 05.10.2024