Жаҳон | 23:40 / 14.02.2020
68835
5 дақиқада ўқилади

Хитойда аҳвол ҳамон ёмон, аммо жаҳонда вазият ўнгланмоқда. Сўнгги маълумотлар

Хитойнинг Хубэй провинциясида вазият оғирлигича қолаётган бўлса-да, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилишича, дунё бўйича коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар ўсиши кузатилмаяпти.

Фото: Reuters

Ягона истисноли ҳолат - Япония қирғоқлари яқинида карантинга олинган круиз лайнерида кузатилмоқда, кемада яна 44 кишида вирус аниқланган.

ЖССТ маълумотларига кўра, касалланганлар орасида ўлим ҳолати кескин ўсиши ёки касалларнинг аҳволи оғирлашиши сезиларли даражада ошмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан яна 122 киши вафот этган, инфекция қурбонлари сони 1381 нафарга етган.

Хитой Соғлиқни сақлаш масаласи бўйича миллий комиссия хабарига кўра, 14 февраль куни вирусдан зарарланганлар сони 63 851 нафарни ташкил этган.

Вафот этганлар орасида - олти киши тиббиёт ходимларидир, жами 1716 нафар тиббий ходим вирусдан зарарланган.

Вафот этган шифокорлардан бири Ли Вэнлиань январь ойи бошидаёқ вирус ҳақида ҳукуматни огоҳлантирган, аммо у миш-миш тарқатишда айбланганди. У 2019-nCov ҳақида биринчи бўлиб хабар берганлардан эди, у шифохонада беморлардан вирус юқтириб олди ва 7 февраль куни вафот этди.

Хубэй провинциясида 13 февраль куни 116 ўлим ва 4823та вирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Бу бир кун аввалги кўрсаткичлардан кам, 12 февраль куни 240 киши ҳалок бўлган ва 15 мингга яқин киши вирус юқтиргани аниқланганди.

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда ҳолатлар бўйича дастури раҳбари Майк Райаннинг сўзларига кўра, бу маълумотлар касаллик тарқалиши кўрсаткичлари кескин кўтарилишини англатмайди.

EUROPEAN PHOTOPRESS AGENCY

Унинг қўшимча қилишича, Хитойдан ташқарида икки киши вафот этганидан ташқари, 24 мамлакатда жами 447 киши вирусдан зарарланган.

13 февраль куни Япония ҳудудида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилганди. Токиодан шимоли-ғарбдаги Канагава шаҳарчасида яшаган 80 ёшли аёл оламдан ўтган.

Япон нашрлари хабарига кўра, унга ташхис ўлимдан кейин қўйилган, у коронавирус ўчоғи саналган Хубэйда бўлмаган.

13 февраль куни АҚШ Давлат департаменти Шимолий Корея ҳудудида касаллик кенг тарқалиши мумкинлигидан хавотир билдирган, бу давлат ҳукумати ҳозирга қадар касаллик билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот бермаган.

«Даймонд принцесс» лайнерида нималар бўлмоқда?

Лайнер Япониянинг Йокогама портида карантин ҳолатида қолмоқда.

Унинг бортида 3700 киши бор, ҳозирча уларнинг барчаси вирусни аниқлаш бўйича тестдан ўтказиб бўлинмаган.

Вирус аниқланган беморлар қирғоққа туширилиб, карантинга жойлаштирилмоқда, бортда қолганлар асосий вақтини каюталардан чиқмасдан ўтказмоқда.

Круиз лайнер бортида 3700 киши бор Фото: AFP

Japan Times нашри хабарига кўра, 14 февраль куни япон ҳукумати 80 ёш ва ундан катта бўлган йўловчиларга қирғоққа тушишга рухсат берди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Кацунобу Катонинг сўзларига кўра, улар қирғоққа тушиши мумкин, аммо ҳукумат ажратган махсус ҳудудда яшаб туришади.

Худди шу вақтда яна бир круиз лайнери, бортида 2 мингдан ортиқ киши бўлган «Вестердам» Камбожа портига келган, Япония, Тайван, Гуам, Филиппин ва Таиланд ҳукуматлари бу кемани ўз портларига қабул қилишни истамаганди, ҳолбуки унинг бортида касалланганлар аниқланмаган.

Хубэй провинциясида зарарланганлар сони кескин ўсгани нима билан боғлиқ бўлиши мумкин?

Хубэй провинциясидаги ҳолат 12 февралга қадар барқарор эди.

Шу куни 250га яқин киши ҳалок бўлгани ва беморлар сони 60 мингга яқинлашгани маълум қилинди.

Майк Райаннинг сўзларига кўра, бу вирусни аниқлаш учун ташхис қўйишнинг янги усули - «клиник ташхис» қўлланаётгани билан изоҳланади: бунгача аниқланаётган касаллар вирусни бир неча кун ёки ҳатто бир ҳафта олдин юқтирган бўлган.

Хитойлик мутахассисларнинг фикрича, бу беморларга «касалликнинг эрта давридаёқ даво олиш имконини беради» ва шу сабабли кўрилаётган чоралар самарадорлигини оширади.

Бошқа давлатлардаги ҳолат:

  • Буюк Британияда расмийлар коронавирус тарқатиши мумкин бўлганларни кузатишга ҳаракат қилишмоқда. Бир неча кун муқаддам Хитойдан Лондондаги Ҳитроу аэропортига келган аёл таксида шифохонага келди, у Covid-19 ташхиси қўйилган тўққизинчи британиялик бўлди.
  • Австралия Хитойнинг материк қисмидан келишувчилар учун тақиқни яна бир ҳафтага, 22 февралга қадар узайтирди.
  • Хитойда бир неча мактаблар февраль ой охирига қадар ёпиқ туради.
  • Хитой билан чегарадош бўлган Вьетнамда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ бир неча ҳолат аниқлангач пойтахт Ханой яқинидаги қишлоқда 10 мингга яқин одам карантинга жойлаштирилди. Ҳукумат камида 16 беморни аниқлаган.
  • Қизил Хоч жамияти Шимлий Кореяга қарши санкцияларни юмшатишни ва у ерга дори-дармон етказишни осонлаштиришни сўрамоқда. Мамлакатда вирусни аниқлаш воситалари ҳамда вирус тарқалишига тайёргарлик кўриш учун ҳимоя воситаларига зарурат юзага келган.
  • Британияда рэп юлдузи Stormzy Осиёга турнесини қолдирди - у март ойида гастрол доирасида Шанхай, Ҳонгконг, Сингапур ва Малайзияда концерт бериши режалаштирилганди.
  • Карантинга жойлаштирилган, кейин қочиб кетган россиялик аёл куч билан шифохонага қайтарилди. 32 ёшли Алла Ильина Санкт-Петербургдаги квартираси эшигини полицияга очмаганди.

Мавзуга оид