Ўзбекистон | 17:40 / 17.02.2020
31022
5 дақиқада ўқилади

«Human»дан жабрланувчилар пулларини сўрашмоқда

Суд ҳукми чиқиб, мол-мулклар ва маблағлар орқали жабрланувчиларга қайтарилиши белгиланган бўлсада, жабрланувчилар норозилик билдиришмоқда.

Фото: KUN.UZ

Бугун, 17 февраль куни «Human» хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабр чеккан 50дан ортиқ киши Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдони ёнида тўпланди. Агентлик раҳбари устидан суд жараёни якунларидан қониқиш ҳосил қилмаган ва пуллари қайтарилишидан умидвор бўлган фуқаролар ҳукумат вакиллари билан учрашув ташкиллаштиришни сўрашган.

Тез орада Мустақиллик майдони ҳудудига Тошкент шаҳар ИИББ раҳбари Рустам Жўраев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда бошқа қатор мутасаддилар келишди ва йиғилганлар билан учрашишди.

Жабрланувчиларнинг талаблари қуйидагича:

  1. Энг асосий савол ва талаб – «Human» хусусий бандлик агентлигига Меҳнат вазирлиги томонидан нега лицензия берилган? Лицензия берилган экан, айни шу вазирлик аввало жабрланувчиларнинг маблағларини қайтарсин, сўнгра жавобгарлардан ундириб олсин;
  2.  Ҳукумат раҳбарлари билан бевосита учрашувлар ташкиллаштирилсин;
  3. Нафақат «Human» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Шоҳинур Файзуллаев, балки унинг шериклари, ортида тургани тахмин қилинаётган «қўли узун» одамлар ҳам жавобгарликка тортилсин (аксарият жабрланувчилар ўз пулларини агентликнинг вилоятлардаги бўлимларига топширишган ва асосий фигурант билан мутлақо кўришишмаган);
  4. Шу пайтгача ундирилган маблағлар тезроқ тарқатиб берилсин (таъкидлаш жоизки, бу талабга ҳамма ҳам қўшилмайди, кимдир бу маблағ энг зарурларга берилсин, деса, яна кимдир ҳаммага пропорционал тақсимланиши тарафдори;
  5. Келгусида бундай ҳолатлар қайтарилмаслиги учун қонунчилик такомиллаштирилсин (бу талаб шахсий масалалар олдида энг охирги ўринга тушиб қолди).

Учрашув давомида шу куннинг ўзида барча мутасаддилар бир залда тўпланган ҳолда батафсил маълумот беришига келишилди.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов йиғилганлардан жамоат тартибини бузмасликни сўраган.

«Мавжуд вазиятдан ҳукуматимиз, шахсан бош вазиримиз тўла хабардор. Муаммони ечиш чоралари кўрилмоқда. Бугуннинг ўзида яна бир бор бу масалани кўтарамиз ва барча мутасаддилар иштирокида учрашув ташкил қиламиз. Фақат унутманглар, ҳеч ким жамоат тартибини бузиши, шантаж қилиши мумкин эмас. Ҳаммасини қонун доирасида ҳал қиламиз», деган у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида «Human» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Шоҳинур Файзуллаевга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилганди. Фуқароларни хорижий давлатларга жўнатиш ваъдаси билан 1080 нафар кишидан 21 млрд. сўм эквивалентдаги маблағни ўзлаштириб юборган Файзуллаев Тошкент вилояти суди судьяси Хайрулла Раҳмонов раислигидаги суд ҳукми билан айбдор деб эълон қилинганди.

Судланувчи Шоҳинур Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган ва ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланганди.

Иш бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов Департаментининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган 1 290 913 279 сўм пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга қаратилиб, пропорционал тарзда тақсимлаб берилиши;

дастлабки тергов даврида хатланган қуйидаги мол-мулклар, яъни:

- Тошкент шаҳри, Сергели тумани, 8-мавзе, 23-уй, 16-хонадон;

- Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Сайрам кўчаси, 109/22-уй;

- Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Себзор Ц-17/18 мавзе, 4а-уй, 14-хонадон;

- Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Алишер Навоий кўчаси, 75-уй;

- давлат рақами 01 G 418 GB бўлган «Каптива», давлат рақами 01 D 296 GB бўлган «КИА» русумли юк автомашинаси, давлат рақами 10 G 400 АА бўлган «Ласетти» русумли автомашинаси, давлат рақами 01 W 688 FB бўлган «Кобальт» русумли автомашинаси ижро органлари орқали сотувга қўйилиши ва сотувдан тушган пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорционал тарзда тақсимлаб берилиши белгиланган.

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти вакилининг Kun.uz мухбирига айтишича, агентликнинг бошқа хўжалик юритувчи субъектлари билан иқтисодий алоқаларига оид жиноят иши қисми алоҳида юритувга олиниб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Шоҳинур Файзуллаевнинг жиноий шерикларига оид яна бир жиноий иш бўлиб, унга оид тергов ҳаракатлари Бош прокуратура бошқармаси томонидан амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид