Ўзбекистон | 14:09 / 18.02.2020
46477
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар янги вазирликка раҳбар номзодини маъқуллашди

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси Раҳмат Маматов Ўзбекистонда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига номзод сифатида маъқулланди.

Бугун, 18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида янги вазирлик - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбари лавозимига «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси Раҳмат Маматов номзодини маъқуллашди.

Раҳмат Маматов сўзга чиқиб, мазкур лавозимга масъулият билан фаолият юритишга тайёр эканини билдирди. 

«Оилаларда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқарони ҳаётдан розилигини, олиб борилаётган ислоҳотлардан розилигини ҳис қилиш учун чин дилдан меҳнат қиламиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида таркиб топган янги амалиётга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари Ҳукумат аъзолигига тайинланаётган номзодни кўриб чиқишади. Депутатлар муҳокамасидан ўтган номзод президент лавозимга тайинлаш тўғрисидаги қарорни имзолаганидан кейин, расман вазирга айланиши мумкин.

Бунгача Қурилиш вазири Ботир Зокиров ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов шундай босқичлардан ўтиб вазирликка тайинланишганди.

2017 йилнинг октябридан буён Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган Раҳмат Маматов 2020 йилнинг 21 январь куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раисии этиб тайинланганди. 

24 январь куни президент фармони билан Раҳмат Маматов сенатор этиб тайинланганди. 

Мавзуга оид