Президент фармони: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди
Президент фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. ФҲДЁ органлари ДХА тасарруфига ўтказилади.
Ўзбекистон президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.
Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан вазирлик фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Ҳужжатда белгиланишича, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосари – вазирга ҳамда вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари биринчи ўринбосарлари – вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларига тенглаштирилади.
Қарорга кўра, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юклатилган функцияларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- вазирликка тегишли вазифаларни амалга ошириш учун, зарур ҳолларда, давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар тузиш;
- вазирлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотлардан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
- давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга ариза (шикоят) ва даъволарни киритиш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш.
Ҳужжат билан, Иқтисодиёт ва саноат, Молия, Қурилиш вазирликлари, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:
- ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар йиғинларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий дастурлар, шу жумладан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури, «Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури», «Yoshlar – kelajagimiz» дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Ҳужжат билан, 2020 йил 1 июлга қадар:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари бинолари намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси билан жиҳозлаш;
«Маҳалла маркази» мажмуаларида вазирликнинг ҳамда Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмаларини жойлаштириш ишларини якунлаш белгилаб қўйилди.
Ички ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар «Маҳалла» электрон маълумотлар базасини янада такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ўзаро маълумот алмашинувини жорий этиш чораларини кўради.
Вазирлик бошқарув ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти марказий аппаратда – 2 бараварга, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларида – 1,5 бараварга, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида – 1,3 бараварга оширилган миқдорда қўлланилиши белгиланди.
Фармонга кўра, 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилади.
- Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда президент маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини таъкидлаган ҳамда Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифини билдирганди.
- 18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбари лавозимига «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси Раҳмат Маматов номзодини маъқуллашди.
Мавзуга оид
19:03 / 16.12.2024
Маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилади
10:38 / 13.12.2024
Ўзбекистонда 102 та ижтимоий хизмат маҳалла даражасига туширилди
09:35 / 04.12.2024
Маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирлари ўтказилади
08:50 / 21.09.2024