Спорт | 16:54 / 25.02.2020
15284
2 дақиқада ўқилади

Планка машқида жаҳон рекорди янгиланди. Рекордчи 62 ёшда

Америкалик Жорж Ҳуд 8 соат, 15 дақиқа-ю 15 сония планка машқини бажариб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирди.

Фото: Josef Holic Photography

Бундан олдинги рекорд шу ҳолатда 8 соат-у 1 дақиқа тура олган хитойлик Мао Вейдунг томонидан тўрт йил олдин ўрнатилган эди.

Аёллар ўртасида эса канадалик Дана Гловацка рекордчи саналади. У ўтган йили 4 соат, 19 дақиқа-ю 55 сония тирсак ва оёқ учларига таянган ҳолда туришнинг уддасидан чиққанди.

BBC хабарига кўра, Жорж Ҳуд янги жаҳон рекордини ўрнатиб, планка машқини тўхтатгач, 75 марта «отжимания» машқини ҳам бажарган.

Фото: Josef Holic

Шундан сўнг у планка машқи билан рекорд ўрнатишга бошқа ҳаракат қилмаслигини эълон қилган. Ўзининг айтишича, у дунё рекордини янгилашга тайёргарлик жараёнида умумий ҳисобда тахминан 2100 соат машқ қилган.

62 ёшли Ҳуд АҚШ ҳарбий денгиз пиёда қўшинларининг нафақадаги аскари ҳисобланади. У 2011 йилдан буён планкинг билан шуғулланиб келади.

Фото: Josef Holic Photography / CNN

Чикагода ўтган тадбир давомида Жорж рок мусиқасини тинглаб, томошабинлар билан мулоқотда бўлиб турди.

Мавзуга оид