Ўзбекистон | 13:15 / 16.03.2020
168223
2 дақиқада ўқилади

Вазирлик коронавирусга чалинган беморларнинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилаётгани, эпидемиологик суриштирув ҳамда касаллик тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилаётгани ҳақида маълум қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли даражада эканини маълум қилди.

«Ҳозирга қадар коронавирус инфекцияси қайд этилган 6 нафар бемор клиникамизда ётқизилган. Улар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, белгиланган стантдартлар асосида даволанмоқда. Беморлар шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз тиббий назоратга олинган. Умумий аҳволи доимий кузатувга олинган. Айни пайтда беморларимизнинг аҳволи қониқарли.», – дейди Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев.

«Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва ушбу инфекцияга чалинган беморларни даволаш учун барча шароит яратилган.

Жумладан, тиббиёт муассасалари зарур дори-дармон воситалари ҳамда  мутахассислар билан етарли даражада таъминланган. Шу боис аҳолидан ваҳимага берилмасдан, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қоламиз», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1003 ягона қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилгани маълум қилинган.

«Коронавирус инфекцияси ёки ўзингиз ва яқинларингиз саломатлиги билан боғлиқ саволларингиз бўлса шу рақамга қўнғироқ қилиб, мутахассислардан тиббий асосланган жавоблар ва тавсияларни олишингиз мумкин. 

Call-марказ туну кун хизматингизда бўлади», дейилади вазирлик хабарида.

  • Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус юқтирган илк бемор 15 март куни аниқланди, у 11 март куни Франциядан келган ўзбекистонлик аёл бўлди. Кун охирига бориб унинг ўғли ва қизига ҳам вирус юққани тасдиқланди. 15 март куни соат 05:15да Истанбул—Тошкент йўналишидаги 274- рейс билан Тошкентга келган яна бир Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланган.
  • 16 март куни Ўзбекистонда коронавируснинг илк бемори бўлган аёлнинг оила аъзоларидан яна икки нафарида вирус аниқланди - унинг турмуш ўртоғига ва набирасига коронавирус юққан.

Мавзуга оид