Жаҳон | 21:14 / 18.03.2020
16045
1 дақиқада ўқилади

Венеция каналларида карантиндан кейин балиқлар ва дельфинлар пайдо бўлди 

Италияда коронавирус эпидемияси сабабли киритилган карантин Венеция каналларида балиқлар ва ҳаттоки дельфинлар пайдо бўлишига олиб келди. Шунингдек, Италиянинг бошқа шаҳарларида ўзини бамайлихотир тутаётган ёввойи ҳайвонлар пайқалган. 

Бир ҳафталик карантиндан кейин Венецияда сайёҳлар йўқлиги сабабли сув тиниқлашган. Таъкидланишича, бундай ҳолат анчадан бери кузатилмаган эди. 

Фото: Twitter/@Cosodelirante

Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли каналларда балиқлар ва дельфинлар пайдо бўлганини пайқашган. 

Twitter фойдаланувчиси Francesco Delrio ижтимоий тармоқда Венециянинг тиниқ каналлари ва уларда сузиб юрган балиқлар, дельфинлар, фавворада сузиб юрган ўрдак ва шаҳарлардан бирининг майдонида юрган тўнғиз суратлари билан бўлишган.

“Ҳаво ифлосланиши камайди. Табиат Италиядаги карантин вақтида ўз кучларини тикламоқда”, деб изоҳ қолдирган фойдаланувчи.

Мавзуга оид