Light | 14:56 / 20.03.2020
41464
2 дақиқада ўқилади

Соғлом уйқунинг асосий омиллари маълум қилинди

Халқаро пресс клубнинг “Қадамма-қадам” лойиҳасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов инсон саломатлигини сақлашда тўғри овқатланиш ва ҳаракатнинг аҳамияти, семизлик муаммоси ҳақидаги фикрларини билдирди.

Фото: Shutterstock

Халқаро пресс клубнинг “Қадамма-қадам” лойиҳасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов инсон саломатлигини сақлашда тўғри овқатланиш ва ҳаракатнинг аҳамияти, семизлик муаммоси ҳақидаги фикрларини билдирди.

Алишер Шодмонов ошқозонда истеъмол қилинаётган овқатнинг тақсимоти ҳақида тушунтирди.

“Ошқозоннинг учдан бири овқат, учдан бири суюқлик билан тўлиши керак. Қолган учдан бир қисми эса бўш қолиши керак.

Бир кунда неча марта овқатланиш керак?

Тиббиётда 5 маҳал овқатланиш кераклиги айтилади. Оз-оздан еб турилса, тўйиш ҳисси пайдо бўлади”, - деди Шодмонов.

Унинг фикрига кўра, тўйиш ҳисси инсон миясида 20 дақиқада шаклланади. 

“Демак, шошилмасдан овқат ейишимиз керак. Кўпинча уйга келиб, шошилиб, 3-5 дақиқада овқатланамиз. Қорнимиз тўйиб кетган, лекин кўзимиз тўймаган. Яна нима есам экан деймиз. Ана шу 20 дақиқани кутишимиз керак”, - дея қўшимча қилди Шодмонов.

Кўрсатув давомида Соғлиқни сақлаш вазири тўйларда кўп миқдорда овқат истеъмол қилиниши масаласига ҳам тўхталди.

“Биз кечки овқатни 18.00дан кеч емасликни тавсия этамиз. Овқатни кеч ейиш нимага олиб келади? Ошқозонни тўйдириб олдингиз ва уйқуга ётдингиз. Биринчидан, уйқуга кетиш қийин, уйқунгиз нотинч бўлади. Эрталаб жуда оғир уйғонасиз. Агар уйқуга ётишдан олдин овқат ўрнига салат, сабзавот есангиз, қатиқ ичиб ёки сут маҳсулотини истеъмол қилиб, ундан кейин 1 соат пиёда юргач, ухласангиз, уйқунгиз ҳам соғлом бўлади”, - деди Шодмонов.

Мавзуга оид