Осиёдаги яна 4 мамлакат коронавирусга қарши курашда муваффақият қозонмоқда
Жанубий Кореядан ташқари, Тайвань, Сингапур, Ҳонгконг ва Хитой ҳам пандемияга қарши самарали кураша олмоқда. Улар коронавирус устидан тўла ғалаба қозонишга яқин турган давлатлар ҳисобланади.
Коронавирус пандемияси тарқалиши ҳам, унга қарши самарали кураш ҳам илк марта Осиё давлатларида кузатилди. Аммо бу курашда осиёликларнинг ғалабаси 2002-2003 йилларда тарқалган SARS пневмониясидан орттирилган тажрибага асосланади. Негаки, улар вирусга қарши самарали курашдан сўнг, шу турдаги таҳдидлардан муносиб ҳимояланиш учун соғлиқни сақлаш миллий тизимини қайта ташкил этишга қатъий қарор қилганди.
Бир неча кунлар фарқи билан Тайвань, Ҳонгконг ва Сингапур коронавирусга қарши кураш йўлида уч турдаги чорани қўллади, улардан айримлари айни вақтда Ўзбекистонда ҳам татбиқ этилмоқда.
Биринчидан, инфекция тарқалган ҳудудлар билан авиаташув бекор қилинди. Иккинчидан, вирусни юқтириб олган ва шунга гумон қилинган барча шахслар мажбурий карантинга олинди. Ниҳоят, ижтимоий масофаланиш чоралари, яъни ўзини изоляцияга олиш, оммага қўшилмаслик ва шахсий гигиенага риоя этиш қоидалари амал қила бошлади.
Тайвань
Расман Хитой Халқ Республикаси таркибига кирувчи, аммо ўз ҳудуди устидан суверенитетга даъво қилувчи Тайвань кўп масалаларда Хитойга боғланган. Масалан, 850 мингга яқин тайванлик (оролнинг тахминан 3,6 фоиз аҳолиси) Хитойнинг материкдаги қисмида меҳнат қилади. Бундан ташқари, уларни кучли иқтисодий алоқалар боғлаб туради. Шунга қарамай, Тайванда SARSr-CoV-2 коронавируси билан касалланганлар сони 215 кишини ташкил этган, Covid-19’дан эса фақат икки киши вафот этгани қайд этилган.
Тайвань ҳукумати касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича бошқа давлатлардан кўра қатъийроқ чоралар кўра олди.
Уҳанда коронавирус қайд этилиши билан Тайвань вирус тарқалган шаҳарлардан учиб келувчиларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни мажбурий қилиб қўйди. Шу туфайли, Хитойнинг бир қатор йирик шаҳарларидан кириш бекор қилинди, Макао ва Ҳонгконгдан ташриф буюрувчилар эса 14 кунлик карантинга олинди.
Февраль ойи бошиданоқ Тайванда тиббий ниқоблар экспортига тақиқ қўйди, уларнинг тақсимланиши назоратга олинди. Шу билан расмийлар аҳоли ўртасида кўтарилган ваҳимадан фойдаланишга уринган оппортунист ишбилармонларга имконият бермади. Тиббий ниқоблар тахминан 1700 сўмдан (маҳаллий купюрадаги 5 доллар) чекланган миқдорда сотувга чиқарилди. Оммавий жойлар, ташкилот ва марказларда антисептик гелдан бепул фойдаланиш шароити яратилди. Аҳоли истагига кўра, тана ҳароратини текшириб берувчи мобил-қурилмалар фаолият кўрсата бошлади. Ҳукумат вирусга қарши курашда зарур тиббий анжомлар, хусусан ниқоб ишлаб чиқаришни жадаллаштирди.
Оролда 23 миллион аҳоли бўла туриб, мамлакатда кунига 10 миллион дона тиббий ниқоб ишлаб чиқарилмоқда.
Сингапур
2000-йиллар бошида SARS билан курашган шаҳар-давлат ҳам тезкор чоралар кўриш бўйича тажрибага эга эди. Ўтган йили 31 декабрь куни Хитой расман инфекция тарқалганини эълон қилишидан уч кун ўтиб, Сингапур Уҳандан келувчи барчани синчковлик билан текширишни бошлади. Вирус юқтириб олган биринчи йўловчи аниқланиши заҳоти Уҳан билан авиақатнов бекор қилинди.
Сингапур минтақадаги йирик авиатранспорт ҳаби ҳисобланади, шунингдек, мамлакат аҳолисининг 10 фоизи этник хитойлик бўлиб, уларнинг иш фаолияти Ҳонгконг ва Хитой билан алоқадор. Шунга қарамай, Сингапур карантин жорий этиб, гумондор шахсларни карантинга ола бошлади. Бундан ташқари, инфекция аниқланган бемор билан алоҳида ишлаб, у билан алоқада бўлган барча шахсларни аниқлаштирди.
Ҳонгконг
Уҳандан 900 км масофада жойлашган Хитойнинг махсус маъмурий бирлиги – Ҳонгконгда, биринчи галда, коронавирусни текшириш учун барча йирик шифохоналарда тест марказлари ташкил этилди. Ўз ҳукумати ва пул бирлигига эга ушбу шаҳарда фервалдаёқ 12 минг киши карантинга олинганди. Шунингдек, 7,5 миллион аҳолига эга шаҳар маъмурияти бир вақтнинг ўзида 1200 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга юқумли касалликлар шифохонасини шай ҳолатга келтирди.
Жанубий Корея
Жанубдаги Корея аҳолиси Тайвандан икки баравар кўп, аммо мамлакатда вирусга чалинганлар сони деярли 60 марта ортиқ - айни вақтга келиб 9 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланди. Шу пайтгача 120 ўлим ҳолати қайд этилди. Тайвань ва Жанубий Корея ўртасидаги фарқ сиёсий хатолик ҳамда кечиктирилган чоралар билан изоҳланади.
Президент Мун Жэ Ин пандемия бошиданоқ Хитой билан авиаташувни тўхтатиш, чегараларни ёпишга шошилмади. Унинг беқарорлиги Хитой раҳбари Си Цзиньпининг қолдирилган ташрифидан умидворлиги билан боғлиқ эди. У сайловолди кампаниясида Шимолий Корея билан дўстона алоқаларни ўрнатишга ваъда берганди, шу мақсадда у минтақа давлатлари билан яқиндан ҳамкорликни кўзлаб турганди. Бундан ташқари, асосий савдо шерикларидан бирини хафа қилишни истамаган Корея 13 январда коронавирус тарқалиши назоратга олинганини маълум қилди. Аммо бир ҳафта ўтмай, инфекцияни юқтириб олганлар сони 100га яқинлашди, ой охирига бориб, беморлар 3 мингдан ошди. Корейслар давлат раҳбарининг истеъфосини сўраб, петиция имзолай бошлади.
Шунга қарамай, ҳукумат курашда дадил қадам ташлади: Жанубий Кореяда коронавирусга текширтириш тест марказлари кўпайтирилди. Таҳлил натижалари икки соатда, айрим ҳолатларда бир суткада уяли алоқа воситасига юборилди. Шундай қилиб, кунига 20 минг киши тест топшириш ва соғлиғи ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлди.
Расмий Сеул бахтига коронавирус кенг тарқаган ўчоқларидан бири Тегу шаҳридаги ибодатхона бўлган. Гап шундаки, ибодатхона маъмурлари кўпроқ ёшларни, хусусан талабаларни ишга ёллаганди. Covid-19 билан касалланган беморлар орасида ўлим ҳолати эса айнан ёшга ҳам боғлиқ бўлиб, у ёшларда нисбатан осон кечади. Шу туфайли, ўлим ҳолати камроқ, яъни беморларнинг 1 фоизи атрофида кузатилди.
Хитой
Албатта, Хитойнинг коронавирусга қарши кураш чоралари анча самарали бўлди. Пекин энг радикал усулларни танлади: аввал, 60 миллион аҳоли яшаб турган бутун провинция карантинга олинди, кейинроқ бутун мамлакат ёпилди. Шифокорлар ва тегишли соҳа вакилларининг жонкуярлиги билан янги шифохоналар тезкор қурилиб, беморларни даволаш иши кучайтирилди. Хитой бунинг товонини катта иқтисодий йўқотиш билан тўлади, оқибатда бу товон жаҳон иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
Хитой ҳукумати 25 мартдан Хубэй провинциясини карантиндан чиқармоқда. Шу билан биргаликда, вирус ўчоғи Уҳан шаҳри 8 апрелга қадар ёпиқлигича қолади.
Хубэй ва Уҳан 23 январдан буён ташқи дунёдан узилган ҳолда яшамоқда.
Хитойда сўнгги ҳафталарда касаллик тарқалиши сезиларли даражада пасайган. Сўнгги бир кунда бутун мамлакат бўйлаб вирусдан зарарланганлар сони 78 нафарни ташкил этди, 7 киши вафот этди. Вирус тарқалиши бошланганидан буён жами 81171 киши вирус юқтирган, улардан 73159 нафари тўлиқ соғайиб кетган, 3277 киши вафот этган.
Мавзуга оид
17:43 / 25.12.2024
Жанубий Корея “ўта қари жамият” деб тан олинди
17:35 / 25.12.2024
Жанубий Кореянинг лавозимидан вақтинча четлатилган президенти яна сўроққа келмади
19:15 / 23.12.2024
КХДР Россия—Украина урушида мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилгани маълум қилинди
16:31 / 18.12.2024