Ўзбекистон | 14:20 / 24.03.2020
9058
2 дақиқада ўқилади

Тиббий ҳимоя воситалари захираси етарли — Алматов

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг ҳимоя воситаларида тақчиллик мавжуд эмас.

Республикада тиббиёт ходимлари учун керакли ҳимоя воситаларининг етарли захираси мавжуд. Давлат Бош санитария врачи Баҳром Алматовнинг маълум қилишича, улар заруратга қараб ишлатилмоқда, тақчиллик йўқ.

«Тиббиёт ходимларининг ҳимояланиши учун мўлжалланган комбинезонлар етарлича мавжуд. Республикада етарли захира яратилган. Туман тиббиёт бирлашмаларида, ҳар бир даволаш муассасаларида аввалдан бор бўлган кийимлар ҳам мавжуд. Заруратга қараб ишлатилмоқда. Керак бўлганда марказлашган ҳолда таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган», дея Баҳром Алматовнинг АОКА махсус штабида ўтказилган брифингдаги сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Алматовнинг сўзларига кўра, ҳар бир вилоятга 1000га яқин яқин комбинезон, кўзойнак, 10 мингдан ортиқ тиббий ниқоблар етказиб берилган.

«Тиббиёт ходимларини зарарсизлантирувчи (дезинфекция) воситалар билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилиб, ҳозирги кунда барча вилоятларда захиралар яратилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Хоразм вилоятларида ташкил этилган масканларга чет элдаги фуқаролар олиб келинган. Улар 14 кунлик карантинда сақланмоқда. Уларга хизмат қилишга жалб қилинган ходимларнинг барчаси керакли воситалар билан таъминланган ҳолда ишлашмоқда», дея қўшимча қилди Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори.

Мавзуга оид