Ўзбекистон | 07:54 / 24.03.2020
49646
2 дақиқада ўқилади

Янги орденлар ва медал таъсис этилди

III даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари, IV даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади

Иллюстратив фото

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Депутатлар, жумладан, «III ва IV даражали «Соғлом авлод учун» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги, «Соғлом авлод учун» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини муҳокама этдилар.

Парламент сайтида хабар қилинишича, III ва IV даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммалаштириш, жисмоний ва тиббий маданиятни ривожлантириш орқали аҳоли саломатлик даражасини юксалтириш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, баркамол авлодни шакллантиришдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади. Ушбу ордени билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланишлари мумкин.

III даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари, IV даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахсларга эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади. Шунингдек, мазкур орденлар билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа имтиёзлардан ҳам фойдаланади.

Депутатларнинг қайд этишича, мазкур орденлар ва медалнинг таъсис этилиши мамлакатда халқнинг саломатлигини сақлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом авлодни вояга етказишда фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади.

“Бу янгилик, айниқса, коронавирус пандемияси бутун дунёга хавф солиб турган бугунгидек кунда ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга бўлиб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, ўз соғлиғи ва ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да, одамлар саломатлиги учун курашаётган фидойи касб эгаларини маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга имкон яратади”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид