Жаҳон | 13:31 / 28.03.2020
24856
9 дақиқада ўқилади

Давлат уйдан бошқарилганда. Карантинда қолаётган сиёсатчилар

27 март куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Бу ҳақда сиёсатчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Борис Жонсон / Фото: REUTERS

Доим позитив кайфиятда бўлувчи Жонсон вирус юқтиргани ҳақидаги хабарни ҳам худди шундай кутиб олди ва хушчақчақ баёноти билан касалликни қандай қабул қилишнинг энг тўғри йўлини кўрсатди, десак бўлади.

«Сизларга бир нарсани хабар қилишим керак. Менда коронавирус аломатлари пайдо бўлиб иситмам кўтарилди ва тест топширдим. Натижалардан менда вирус борлигини маълум бўлди. Аммо уйдан ишлашда ва ҳукуматни бошқаришда давом этаман. Бунда менга ажойиб жамоам ёрдам беради. Ўз навбатида мамлакатда вирусни енгишда қатнашаётган шифокорлар ва 600 минг нафар кўнгиллиларга раҳмат айтаман», деди Борис Жонсон ўзида коронавирус аниқланганини хабар қилган баёнотида.

Борис Жонсон хотинининг кўзи ёригач икки ҳафта «оталик декрети»га чиқмоқчилигини, баҳонада дам олиш имкони пайдо бўлишини айтганди. Декрет бўлмаса ҳам, унга икки ҳафталик «таътил берилди». Жонсон айни дамда Даунинг-стритдаги қароргоҳида карантинда қолмоқда. Британия бош вазири ҳукуматни видеоконференция орқали бошқаришда давом этади. Жонсон давлатни уйдан туриб бошқараётган ягона раҳбар эмас. Кўплаб етакчилар ҳукумат раҳбарлигини уйдан амалга оширишга мажбур бўлмоқда.

Жастин Трюдо. Канада бош вазири

Фото: AP

Кўпчилик карантинда масофадан туриб ишлашга, шу билан бирга болаларга қарашга мажбур бўлмоқда, чунки болалар боғчалари ёпилган. Аммо масофадан туриб бир вақтнинг ўзида болаларга ҳам қараётган одамларнинг ҳаммаси ҳам мамлакатдаги инқирозни ҳал қилишга мажбур эмас. Худди Канада бош вазири Жастин Трюдо каби.

Канада бош вазири икки ҳафтадан буён карантинда қолмоқда. Унинг хотини Софи Трюдо Британиядан қайтгач, ўзини ёмон ҳис қилган ва тест топширгач, Канаданинг биринчи хонимида коронавирус аниқланган. Шу боис эр-хотин алоҳида карантинга олинди. Жастин болалари билан алоҳида, Софи хоним эса алоҳида хонада яшамоқда.

Трюдолар оиласининг уч нафар фарзанди бор. Канада бош вазири карантин вақтида уларга қараб турибди. Болаларнинг ош-овқати, кирлари, хуллас ҳамма юмушлар ота Трюдонинг зиммасида, чунки карантиндаги оила ёнига ҳеч ким яқинлаштирилмайди. Ўтган ҳафта Трюдо ҳукумат вакиллари билан ўтказилган телефон орқали брифингга бироз кечикиб борди: «Кечирасиз, Адриенни чўмилтираётгандим», деб изоҳ берди бунга Канада раҳбари. 6 ёшли Адриен Трюдонинг энг кичик фарзанди.

Трюдо карантинда бўлатуриб «Катта еттилик» давлатларининг онлайн йиғилишида қатнашди. Унинг бу йиғилишдаги иштирокини қизи суратга олган. Кадрда Трюдонинг иш столида ҳам болалар чизган суратни кўриш мумкин.

Болаларни яхши кўрадиган Трюдо канадалик болаларга мурожаат ҳам йўллади: «Қадрли болажонлар, сиз дўстларингиз билан ўйнай олмаяпсиз, ўйин майдончаларингиз ёпиқ. Албатта, март таътилингиз бунақа бўлишини тасаввур қилмаган бўлсангиз керак. Менинг болаларим ҳам зерикишмоқда, лекин сиз бувингиз, бувангиз, ҳамширалар айтганини қилишингиз керак. Қўлингизни тез-тез ювиб туринг. Болажонлар, ота-онангизга уйдан ишлашига имкон бераётганингиз учун раҳмат», дейилади Трюдонинг мурожаатида.

Бутун Берлин биладиган уйдаги карантин

Германия канцлери Ангела Меркель 22 март куни коронавирус аниқланган шифокор билан мулоқотда бўлгани аниқлангач, карантинга олинди. Германия раҳбари Купферграбен кўчаси 6-уйдаги квартирасида карантинда бўлиб турибди. Меркелнинг таъбири билан айтганга, бутун Берлин биладиган бу уй чиндан машҳур. Меркелнинг квартираси 5-қаватда жойлашган. Давлат раҳбарлари бошқачароқ жойда яшайди деб ўйлайдиганлар бу сариқ рангдаги кўп қаватли уйда йиллик ЯИМи 4,5 триллион доллар бўлган дунёнинг энг бой 5-давлати раҳбари яшашига ишониши қийин. Лекин бу рост. Ахир бу Европа!

Меркель яшаётган уйдагиларнинг асаби темирдан бўлиши керак. Чунки унинг олдидан трамвай ўтади. Етмаганига трамвайнинг бурилиш ери. Унинг овозига бардош бериш қийин. Агар у ҳар 4-5 дақиқада ўтса, аҳволни тасаввур қилаверинг. Бунинг устига, Меркелнинг уйи яқинидан поезд ҳам ўтади.

Канцлер ўз уйида эри билан карантинда. Уй айтарли ваҳима билан қўриқланаётгани ҳам йўқ. Уй олдидаги хиёбон сайёҳлар учун ёпилган. Йўқ, Меркель учун эмас, мамлакатдаги умумий карантин чоралари сабаб. Уй атрофида биттагина полиция машинаси турибди, улар ҳам атрофдагиларга бошқа томондан юриш, «сариқ уйга яқинлашмаслик» каби буйруқлар бермаяпти. Бироқ жиноят қидирув бўлимидагилар Германиянинг биринчи одамини қўриқлаш учун «кўринмас чоралар» қўлланганини маълум қилди.

Россиялик машҳур DW.com сайти мухбири Меркелнинг уйи олдида бориб суратга олмоқчи бўлганида полиция унинг гувоҳномасини синчковлик билан текшириб уйни яқиндан суратга олиш мумкин эмаслигини, бу ишни фақат кўчанинг нариги томонидан қилиш мумкинлигини айтади: «Россияда давлат раҳбарининг уй манзилини интернетдан топиш ва бундай яқин масофадан суратга олиш орзу ҳам қилиб бўлмайдиган нарса», дея полициячи билан ҳазиллашганини айтади россиялик журналист.

Португалия президенти Марселу Ребелу де Соуза ҳам ўзини изоляция қилди. Унинг қабулида бир гуруҳ мактаб ўқувчилари бўлишади. Учрашувдан кўп ўтмай бу мактаб ўқувчиларида қоронавирус аниқлангани сабаб карантинга олинади. Шу боис президентдан ҳам тезда вирус учун тест олишади. Унда вирус аниқланмаган бўлишига қарамай, Марселу Ребелу де Соуза ихтиёрий тарзда икки ҳафта карантинда бўлишини эълон қилди.

Middle East Eye нашри маълумотига кўра, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий вирус хавфи сабаб бутун оиласи билан икки ҳафта карантинда бўлган. У билан учрашувдан кейин генерал Абдулхалил Довудда коронавирус аниқланган. Генерал 23 март куни оламдан ўтгани хабар қилинди. Аммо Миср нашрларининг ёзишича, Middle East Eye Миср билан алоқалари яхши бўлмаган Қатар молиялаштирадиган нашр ва у тарқатган маълумот ёлғон.

Коронавирус кўтарган рейтинг, 2,2 триллион доллар мадад

Коронавирус тарқалган вақтда дунё етакчилари айниқса катта синовга дуч келмоқда. Бундай вақтдаги ҳаракатлари уларнинг халқ ичидаги обрўларига катта таъсир қилади. Масалан, Италия бош вазири лавозимига тасодифан келиб қолгани айтилган Жузеппе Контенинг коронавирус вақтида юритган қатъий сиёсати сабаб халқ ичида обрўси ошди. Халқ орасида унинг рейтинги 71 фоизга кўтарилди.

Бу сўнгги 10 йилликда Италия бош вазирлари орасида қайд этилган энг яхши кўрсаткичдир. Ижтимоий сўровга кўра, Контенинг карантин вақтида қилаётган ишларини 94 фоиз италияликлар қўллайди. Контенинг инстаграмдаги ўқувчилари сони ҳам 400 мингдан 750 минггача ошди.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса коронавирусга қарши кураш учун рейтинги кўтарилишини кутмаса ҳам бўлади, чунки мамлакатда инфекцияни юқтирганлар сони 100 мингдан ошди ва бу борада Италия ва Хитойни ортда қолдирди. Одамлар АҚШ вируснинг хавфига нотўғри баҳо бергани оқибатида у бутун мамлакатда жуда тез тарқалганини айтишмоқда.

Трамп вазият жиддийлашгач, аксилинқироз режасини ишлаб чиқишга мажбур бўлди. Унга кўра, АҚШ инқироздан чиқиб кетиш учун 2,2 триллион доллар пул ажратади. Сенаторлар ва қуйи палата уни тасдиқлаб бўлди. Бу мамлакат тарихидаги энг катта пул сарфланадиган режа бўлади. Бу пуллардан 500 миллиард доллари бизнесни қўллашга, 50 миллиарди авиакомпанияларга ёрдамга, 350 миллиард доллар кичик бизнес вакилларига ёрдам беришга ажратилади. Шунингдек, касалхоналар ва тиббий жиҳозлар учун 150 миллиард сарфланади. Ҳукумат карантин вақтида даромади кам бўлган ҳар бир фуқарога 1 200 доллар, ҳар бир болага эса 500 доллардан пул беради.

Фото: EPA 

Дунё етакчилари ҳақида гапирганда Путинни эсламасак, хафа бўлса керак. Россияга вирус кириб келгани мамлакат президенти учун икки ҳисса ёмон хабар бўлди. Чунки 22 апрелда унинг ваколатларини оширадиган ўзгариш учун референдум ўтказилиши керак эди. Карантин сабаб умумхалқ овоз бериш жараёни қолдирилиш арафасида.

Аммо Путин барчасини оддий қабул қилмоқда. У россияликларга мурожаат қилар экан жуда хотиржам кўринди. Президент одамларга бир ҳафталик пул тўланадиган таътил берди ва камроқ кўчага чиқишларини айтди. Шахсан ўзи вирусология касалхонасига борди, беморлар ҳолидан хабар олди. Ҳозир халқ кўнглига референдум сиғмаслигини айтишни ҳам унутмади.

Мавзуга оид