Ўзбекистон | 23:54 / 31.03.2020
124723
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолат ва ўз ходимларига номардлик қилаётган ташкилотлар — депутатлар фикри

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари ортиб, унинг кенг тарқалишига қарши ҳукумат томонидан қўлланилаётган таъсир чоралари кучайиб борар экан, бир қанча саволлар ҳам пайдо бўлмоқда.

Хусусан,

– хусусий ва давлат ташкилотлари ходимларининг айни пайтда ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариб юборилаётгани қанчалик асосли?

– карантин шароитида жамиятнинг камбағал қатлами учун қандай ёрдам кўрсатилади? Бу борада Ўзбекистон ҳукумати аниқ режага эгами?

– ҳукумат қарори билан карантин шароитида амалдорларга турли йиғилишлар ўтказмаслик бўйича топшириқ берилган эди. Аммо баъзи ҳолатларда йиғилишлар ташкил қилиш ҳолати ҳамон давом этмоқда. Парламент қуйи палатаси бу борада қандай назорат чорасини ўрнатган?

– Ўзбекистонда қатъийлаштирилган карантин чоралари қўлланилмокда. Кўрилаётган ушбу чоралардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун вазият етилгандек. Бу борада парламент яқин кунлар ичида нималарни режалаштирмоқда?

Kun.uz мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир неча депутатлари билан боғланиб, шу каби саволларга жавоб олди.

«Ходимларини қўллаб-қувватлаш ўрнига мажбурий таътилга чиқариш ҳолатларини «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ходимлари мисолида кўряпмиз» – Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Депутат Расул Кушербаев карантин шароитида ходимларини ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариб юбораётган корхона ва ташкилотларни ходимларига нисбатан номардлик қиляпти, деб ҳисоблайди.

«Айрим идора ва ташкилотлар ходимларини шундай вақтда қўллаб-қувватлаш ўрнига ўз ҳисобларидан мажбуран меҳнат таътилига чиқариб юбормоқда. Бундай ҳолатни биз «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ходимлари мисолида ҳам кўряпмиз.

Бу аввало ташкилотнинг ўз ходимларига нисбатан номардлиги бўлади. Демак, бу каби ҳолатга йўл қўяётган ташкилот ҳеч қачон ходимлари манфаати учун астойдил жон куйдирмайди, балки кимларнингдир фойдаси учун хизмат қилишни ўйлайди.

Энди бунинг қонуний томонларига эътибор қиладиган бўлсак. Биринчидан, ходимни мажбуран ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариб бўлмайди. Меҳнат кодексига асосан ходим ўз ихтиёри билангина ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқиши мумкин.

Иккинчидан, президентнинг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг 18-бандида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларнинг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналарига (улар ўрнини босувчи шахсларга, васийларга, ҳомийларга) йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан, 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этилиши кўрсатиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, болалари боғча ёки бошланғич мактабда тарбияланаётган ота-оналарни фақатгина маблағ тўланадиган меҳнат таътилига чиқариш мумкин», – дейди у.

Кушербаевга кўра, парламент аъзолари шу каби масалаларда мурожаат қилган фуқаролар ишларини тезликда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ижобий ечишга ҳаракат қилмоқда.

Вазият яхшиланиши билан эса меҳнат қонунчилигини қўпол тарзда бузган идоралар бўйича парламент эшитуви ўтказилиши мумкин.

«Очиғи, бу саволингизга мен жавоб бера олмайман. Чунки бутун парламент бу борада нимани ўйлаётганини билмайман», – дейди депутат карантин шароитида аҳолининг камбағал қатламига ҳукумат ёрдами ҳақидаги саволимизга.

 У шунингдек, ўз сайлов округи аҳолиси талабидан келиб чиқиб Янгийўл деҳқон бозорида тақчил бўлаётган картошка маҳсулоти билан узлуксиз таъминлашда бир неча бор Вазирлар Маҳкамасига чиқиб, ечим топишга ҳаракат қилаётганини ҳам қўшимча қилди.

 «Биз (депутатлар) йиғилишлар бўйича назорат ўрнатганимизни билмайман, очиғи бу ҳақида эшитмадим», – деди Расул Кушербаев  турли ташкилотлар томонидан карантин шароитида ҳам давом эттирилаётган йиғилишлар бўйича парламент назорати бор-йўқлиги ҳақидаги саволимизга жавобан.

 Маълумот учун, кеча айни шу мавзуда  Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган бир нечта депутатлар парламент бу борада тўла назорат олиб бораётганини ва депутатларга бу каби мурожаатлар ҳали бўлмаганини таъкидлашган эди.

 «Лекин жойларда йиғилишлар бўлаётгани ҳақида билиб юрибмиз. Айниқса, маҳалла раислари ва ходимларининг уйма-уй юришга мажбурланаётгани бугунги кун шароитида ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳол. Ҳокимлар бунинг нақадар мантиқсиз эканлигини англашлари керак.

 Тўғриси, бу ҳукуматнинг қуйи даражадаги бўғинларида яшаётган муаммо. Биз вақти келиб ҳукуматдан бунга изоҳ сўрашимиз керак», – дея қўшимча қилди у.

Расул Кушербаев Ўзбекистонда айни шароитдан келиб чиққан ҳолда фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак ёки керак эмаслиги борасида ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Фавқулодда вазият эълон қилиш осон иш эмаслиги аниқ. Дунёдаги кўпгина мамлакатлар карантин ҳолати бўлса ҳам бундай режим эълон қилгани йўқ. Афсуски, бундай режимга ўтиш кўп ҳолларда инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилишига олиб келиши мумкин.

Лекин Ўзбекистон шароитида агар вазият шуни тақозо қилса эълон қилиниши керак. Билмадим, ҳозирча бунга зарурат бўлмаётгандир. Бир нарсани унутмаслик керакки, нимаики кескин чоралар қўлланилса айни пайтда бунга одамларнинг ўзи сабабчи бўлади», – деди Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан депутатликка сайланган Расул Кушербаев.

«Ўзбекистондаги вазият фавқулодда ҳолат эълон қиладиган даражада эмас» – Дониёр Ғаниев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 Монополист завод – UzAuto Motors’га нисбатан кескин танқидий фикрлари билан танилган депутат Дониёр Ғаниев карантин шароитида ходимларни ўз ҳисобидан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат таътилига чиқариб юборилиши ҳар қандай қонунга зидлигини таъкидлади.

 Аммо бу каби форс-мажор ҳолатларда хусусий корхоналарни ходимларга ҳақ тўлашга мажбурлаш кичик ва ўрта бизнес вакилларининг катта қисмини  банкротлик ёқасига олиб келиши ҳам мумкин.

 «Шунинг учун, хусусий сектор корхоналарини иқтисодий таназзулдан сақлаб қолиш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан компенсация ажратилиши мақсадга мувофиқ бўларди. 

 Дейлик, карантин шароитида меҳнат таътилига чиққан ходимларнинг таътил пулларини маълум бир қисми давлат томонидан субсидия тарзида қопланиши мақсадга мувофиқ.

 Бунда иш берувчи томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўлов ҳамда ходимдан иш ҳақи ҳисобидан ушланиб қолинадиган даромад солиғини бекор қилиш ҳисобига тўланадиган маошни ёки меҳнат таътили пулини 40-50 фоиз қисми давлат томонидан қопланиши мумкин. Натижада бу корхоналарга ўз ходимларини ишдан бўшатиш ёки ўз ҳисобидан таътилга чиқаришга эмас, балки уларни карантин давомида уйда қолишларини таъминлашга имконият беради», – деди Ғаниев.

 Унинг қўшимча қилишича, бу тажриба бугунги кунда кўплаб ривожланган давлатлар томонидан амалиётга татбиқ этилмоқда.

 «Албатта бу давлат бюджетидан катта маблағ талаб қилади, лекин айнан шу чора ижтимоий вазият таранглашишининг олдини олиш ҳамда ижтимоий адолат нуқтаи назаридан жуда муҳим деб ҳисоблайман», – деди депутат.

 Дониёр Ғаниев жамиятнинг камбағал қатлами учун ёрдам кўрсатиш борасида гапирар экан, карантин шароитида аҳолининг ижтимоий заиф қатлами, кунлик даромад ҳисобига яшовчи фуқаролар энг кўп қийинчиликларни бошдан кечиришини таъкидлади.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонида аҳолининг камбағал қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш ва нафақа олувчилар сонини ошириш учун қўшимча маблағлар ажратилиши белгиланди.

Бундан ташқари, саховатпеша фуқароларимиз, тадбиркорларимиз томонидан ҳам катта хайрия ишлари амалга оширилмоқда. Ишонаманки, саховатпеша халқимизнинг хайрли ишлари давом этади ва бу оғир кунларда ҳеч ким ёлғиз ташлаб қўйилмайди», – деди депутат.

Дониёр Ғаниев ҳам одамларнинг бир жойда йиғилиши ўта хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган шароитда йиғилишлар ўтказилаётганини кескин қоралади.

«Жойлардаги амалдорларнинг бу каби ишлари кўп ҳолларда карантин тадбирларининг муҳимлигини тушунмаслик ёки бепарволикдан келиб чиқмоқда деб ўйлайман.

Коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва ташкил қилинаётган карантин тадбирлари қайсидир маънода биз оқсаб қелаётган соҳалар, жумладан, иқтисодиётни рақамлаштириш, электрон ҳукумат, масофадан ишлаш ва масофавий таълим кабиларни жадаллаштиришга катта туртки бўлиши керак», – деди Ғаниев.

Биз билан суҳбатлашган депутатлар Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун ҳали шароит пишиб етилгани йўқ, деб ҳисоблашади.

Жумладан, Дониёр Ғаниев ҳозиргача ҳукумат комиссияси вазиятни яхши назорат қилиб келаётганини таъкидлади.

«Тўғри, бозорлардаги нарх-навони назорат қилиш, шахсий автомобиллардан фойдаланишни бекор қилиб, махсус рухсатнома беришни жорий қилишда бир қатор камчиликлар ва ноқулайликлар юзага келди. Лекин бир нарсани ҳисобга олиш керак, бундай ҳолат Ўзбекистонда биринчи бор кузатилмоқда», – деди у.

Депутатга кўра, Ўзбекистонда бу борада тажриба бўлмаганини ҳам инобатга олиш керак.

«Шунингдек, фавқулодда ҳолатларни бошқаришда тажрибали ҳисобланган Италия ва Испания ҳукуматлари ҳам вазиятни самарали назорат қилиш, қатъий чора-тадбирларни тезкор равишда жорий қилиб, вирус тарқалишининг олдини олишда у қадар муваффақиятга эришолмади, деб ҳисоблайман.

Ҳозирга қадар белгиланган чора-тадбирлар шундоқ ҳам жиддий. Шундай экан, расмий тарзда фавқулодда вазият эълон қилишга у қадар эҳтиёж йўқ. Бу турли асоссиз ва кераксиз ваҳимани уйғотиши мумкин. Қолаверса, Махсус комиссия қўлида умумий ҳолат бўйича бизга маълум бўлмаган маълумотлар, ҳудудлардаги вазият бўйича кунлик ахборот олиб туриш имкони бор.

Агар ушбу ахборотлар фавқулодда вазият эълон қилишни талаб қиладиган бўлса, бу ҳам сўнгги чора сифатида қўлланилади.

Умид қиламан, вазият бунгача етмайди», – дея суҳбатга якун ясади депутат Дониёр Ғаниев.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид