Light | 10:13 / 17.04.2020
65524
11 дақиқада ўқилади

2019 йилнинг энг яхши фотосуратлари эълон қилинди

16 апрель куни World Press Photo халқаро танлови ғолиблари эълон қилинди. Асосий йўналишлар бўйича ғолиблар Kun.uz фотогалереясида тақдим этилади

Бу йилги бош мукофот япониялик фотосуратчи Ясуёси Тибага насиб этди. AFP учун у Судандаги норозилик намойишларини суратга олган. Намойишчилар мамлакатни 1993 йилдан бери бошқарган ва 2019 йил 11 апрелда ҳокимиятдан четлаштирилган президентнинг истеъфосини талаб қилишди.

Энг яхши фото

Муаллиф: Ясуёси Тиба / AFP

Судандаги норозилик намойишлари 2018 йилда нон нархи кескин кўтарилиши ортидан бошланди. Кейинчалик намойишчилар мамлакатни 1993 йилдан бери бошқариб келган президент Умар ал-Башир истеъфосини талаб қила бошладилар. 2019 йил 11 апрелдаги ҳарбий тўнтариш натижасида у лавозимини йўқотди ва ҳибсга олинди, аммо норозилик намойишлари шу билан тўхтамади: фуқаролар ҳокимиятни фуқаролик ҳукуматига беришни талаб қилишди. Май ойида Судан ҳарбий кенгаши ҳамда «Озодлик ва ўзгаришлар учун» мухолиф альянси вакиллари мамлакатда уч йиллик ўтиш даври ўрнатишга келишиб олди. Бу вақт ичида ҳокимият янги сайланган сиёсатчиларга топширилиши керак. Ушбу иш «Янгиликлар» тоифасида бош мукофотни қўлга киритди.

Энг яхши фоторепортаж

Муаллиф: Роман Лорендо

Ёш жазоирликлар ва уларнинг «Биродар, қўзғолон қандай бошланди» норозилик ҳаракатидаги иштироки ҳақида фоторепортаж.

ЮНEСКО ҳисоботига кўра, Жазоирда 30 ёшгача бўлган ёшларнинг 72 фоизи ишсиз. Лорендо шаҳарнинг ишчи туманларида яшовчи Жазоир ёшлари вакилларини суратга олган ҳолда фотолойиҳаси устида беш йил ишлади. Уларнинг аксарияти, футбол ва фанатлик маданияти билан қизиқиб, «ультрас»га айланади ҳамда кўпинча норозилик намойишларида қатнашади. «Мен ўзимни бу ёшларга ўхшата олмадим. Улар ёш, аммо улар бу вазиятдан чарчаган ва бошқа одамлар каби яшашни хоҳлайди», - деди Лорендо улар ҳақида. Асар «Лойиҳалар» номинациясида ҳам ғолиб бўлди

Замонавий муаммолар. Асосий мукофот

Муаллиф: Никита Терешин, Берлин

Кўргазма кунининг охирида IDEX халқаро қурол кўргазмасининг иштирокчиси иккита гранатомётни олиб кетмоқда. Абу-Даби, БАА. 2019 йил 18 февраль. IDEX - Яқин Шарқда энг йирик мудофаа кўргазмаси ва анжуман, шунингдек, дунёдаги энг йирик қурол ярмаркаларидан бири. Қанча киши ташриф буюргани ҳақидаги расмий маълумотлар эълон қилинмайди

Замонавий муаммолар. Фоторепортаж. Асосий мукофот

Муаллиф: Лоренцо Тугноли The Washington Post учун

«Толибон» жангарилари ҳақидаги «Кўп йиллик уруш» фотолойиҳаси. Суратда Абдул Раҳмон (20 ёш; ўртада) Шарқий Афғонистоннинг Хогяни туманида бир гуруҳ жангарилар билан айланиб юрибди. Жангарилар отрядига қўшилишдан олдин у деҳқон эди ва бомбани зарарсизлантириш пайтида қўлини йўқотган.

АҚШнинг Афғонистонга бостириб кирганидан ўн саккиз йил ўтиб, толиблар ҳали ҳам мамлакат ярмини назорат қилмоқда. 2019 йил январь ойида бошланган тинчлик музокаралари сулҳ билан якунланмади ва ҳарбий ҳаракатлар янада кучайди. Тинчлик ва иқтисодиёт институти томонидан 2019 йил июнь ойида эълон қилинган ҳисоботда Афғонистон Суриянинг ўрнини эгаллаб, дунёдаги «энг тинч бўлмаган» мамлакат деб топилди

Атроф муҳит. Асосий мукофот

Муаллиф: Эстер Хорвац The New York Times учун

Оқ айиқ ва унинг боласи Шимолий Муз океанининг марказий қисмида арктик иқлим ўзгаришлари таъсирини ўрганаётган илмий экспедициянинг бир қисми бўлган кема яқинида. «Поларштерн» экспедициянинг марказий кемаси бўлиб, у жуда паст ҳароратда ишлашга ва қалин музликлардан ўтиб кета олишга мўлжалланган, бу 100га яқин тадқиқотчилар ва экипаж аъзоларининг йил давомида ишлашига имкон беради. Атмосфера, океан, денгиз музлари, экотизимлар ва биогеокимё ҳақида олинган маълумотлар глобал иқлим тадқиқотларига киритилади

Атроф муҳит. Фоторепортаж. Бош мукофот

Муаллиф: Лука Локателли National Geographic учун

«Чиқиндининг охири» фоторепортажи. Амагер Бакке - Копенгаген (Дания) яқинидаги эски заводни алмаштирган, чиқиндини энергияга қайта ишлайдиган завод. Режага кўра, завод камида 60 мингта уйни энергия билан таъминлаш ва 72 мингтасини иситишда ёрдам беради. Фильтрлашнинг илғор технологияси зарарли азот оксидлари чиқарилишини деярли нолга камайтиради

Янгиликлар. Фоторепортаж. Асосий мукофот

Муаллиф: Николас Асфури Agence France-Presse учун

«Ҳонконгдаги тартибсизликлар» фоторепортажи. Ҳонконгда норозилик намойишлари 2019 йил март ойи охирида ҳукуматнинг амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш ва Хитойнинг материк қисмига экстрадиция қилишга рухсат бериш тўғрисидаги таклифларига жавобан бошланди. Кейинги ҳафталарда ҳукуматга қарши намойишлар фаоллашди. 12 июнь куни ўн минглаб кишилар Қонунчилик кенгаши биноси олдида тузатишлар бўйича дебатлар арафасида тўпланишди ва полиция томонидан шафқатсиз равишда тарқатиб юборилди. 1 октябрь куни, Хитой Халқ Республикаси эълон қилинганининг 70 йиллиги нишонланадиган кун, полиция намойишчиларни биринчи марта жанговар патронлар билан ўққа тутди. Охир-оқибат, қонун лойиҳаси қайтариб олинди, аммо намойишчилар ўз талабларини кенгайтирди, улар орасига илгари ҳибсга олинган намойишчиларни озод қилиш ҳам киритилди. Тартибсизликлар йил охиригача давом этди

Табиат. Бош мукофот

Муаллиф: Алан Шредер, Бельгия

«Сўнгги видолашув» лойиҳаси «Табиат. Фоторепортаж» йўналишида ғолиб бўлди. Суратда Субулуссалам шаҳри (Суматра, Индонезия) яқинида қутқарув гуруҳининг жарроҳлик столида бир ойлик орангутангнинг жасади. Ҳайвон яраланган онаси билан пальма мойи плантацияларида топилганидан кўп ўтмай нобуд бўлди. Қутқарувчилар Хоуп деб ном берган орангутанг боласининг онаси кўр, суяклари синган ҳолатда ва 74та ўқдан жароҳат билан топилган. Унга қишлоқ аҳолиси боғларидан мева еганида ўқ узишган.

Орангутанглар дунёдаги фақат иккита оролда - Суматра ва Борнеода яшайди ҳамда улар табиий яшаш жойларидан сиқиб чиқарилмоқда. Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси маълумотларига кўра, дунёда атиги 14 мингта Суматра орангутанглари қолган. Урғочи орангутанглар саккиз-тўққиз йилни ҳар бир боласини тарбиялашга сарфлагани сабабли, популяция тезда камаймоқда

Портретлар. Бош мукофот

Муаллиф: Томек Качор Duży Format, Gazeta Wyborcza учун

Яқинда «Тинчлантириш синдроми» туфайли кататоник ҳолатдан халос бўлган 15 ёшли арман қизи Ева Польшанинг Подкове-Лесне шаҳридаги қочқинларни қабул қилиш марказида ота-онаси қуршовида ногиронлар аравачасида ўтирибди. Тинчлантириш синдроми беморларни пассив, ҳаракатсиз, гапирмайдиган, еб-ичишга қодир бўлмайдиган, жисмоний стимулларга қарши ҳолатга келтиради. Синдром қочқин болалар орасида кенг тарқалган бўлиб, биринчи марта 1990-йилларнинг охирларида қайд этилган. Оғир зўравонликлар - оилалари ўта хавфли муҳитдан қочган, ота-онасига қарши зўрлик ҳолатларнинг гувоҳи бўлган болаларда энг кўп учрайди. Ремиссия ва аста-секин нормал ҳаётга қайтиш ҳаёт шароитлари барқарорлашгандан кейин содир бўлади. Ева оиласи Швециядан бошпана олишга уринганда синдромга чалинди, улар Польшага депортация қилиниши керак эди, у ердан эса Арманистонга қайтариб юборишлари эҳтимоли бор. Қизнинг касаллигига қарамай, оила барибир Польшага депортация қилинди, саккиз ойдан кейин Ева тўлиқ соғайиб кетди

Портретлар. Фоторепортаж. Бош мукофот

Муаллиф: Адам Фергюсон The New York Times Magazine учун

«Ўғирланганлар» лойиҳаси. Суратда 2014 йилда ИШИД томонидан ўғирлаб кетилган ва 2019 йил бошида Ироқ Курдистонининг Дохук шаҳридаги Ҳанка мажбурий кўчирилганлар лагерида озод қилинган 11 ёшли Резан тасвирланган.

ИШИД Ироқ шимолидаги Мосул атрофидаги ҳудуддан чекингандан сўнг минглаб маҳбуслар озод қилинди. Фотосуратчи Ироқ шимолидаги қочқинлар лагерларида, ИШИД жангариларидан жабрланган ёзидлар ва бошқаларнинг суратларини олди. Ёзидлар жангарилар томонидан шайтонга ибодат қилувчилар деб қабул қилинади. Жангарилар 2014 йил Ироқ шимолида ёзидларнинг ерларини босиб олганида, 5 мингга яқин эркак ўлдирилди, аёллар ва қизлар ўғирлаб кетилди ҳамда жинсий қулликка мажбурланди, ўғил болалар эса бўлажак аскарлар сифатида ўқитилди. 500 мингга яқин ёзидлар қочишга мажбур бўлди

Спорт. Бош мукофот

Муаллиф: Марк Блинч NBAE учун

Миллий баскетбол ассоциациясининг (МБА) плей-офф босқичи Шарқий конференцияси ярим финалининг еттинчи ўйини. «Торонто Рэпторс» ўйинчиси ғалаба тўпини киритмоқда

Спорт. Фоторепортаж. Бош мукофот

Муаллиф: Уолли Скалиж Los Angeles Times учун

«Қайта тирилганлар» фоторепортажи. Paradise Bobcats ўйинчилари ўз шаҳарларини вайрон қилган ўрмон ёнғинидан кейин биринчи ўйинларига тайёргарлик кўришмоқда. Парадайз (Калифорния, АҚШ) кичик қишлоғидан бўлган футбол жамоаси аъзолари жамоани тиклаш ва янги мавсумни бошлаш учун ўз майдонларига қайтишди. Ёнғин Калифорния тарихидаги энг вайронакор ўрмон ёнғинига айланди. Парадайз деярли бутунлай ёниб кетди, аммо ўрта мактабдаги регби майдонига зарар етмади

Тезкор янгиликлар. Бош мукофот

Муаллиф: Фарук Батиг Deutsche Presse-Agentur учун

Жазоирда талабаларнинг ҳукуматга қарши намойиш пайтида полиция билан тўқнашуви.

Жазоирда норозилик намойишлари февраль ойида бошланди. Уларнинг дастлабки мақсади мамлакатни 1999 йилдан бери бошқариб келган 81 ёшли Абдел Азиз Бутефликани ҳокимиятдан ағдариш эди. Апрель ойида Бутефлика истеъфога чиқиб, ҳокимиятни ҳарбийлар томонидан бошқариладиган муваққат ҳукуматга топширди, аммо намойишлар давом этди. Намойишчилар 4 июлга белгиланган президентлик сайловларини бекор қилиш ҳамда демократияга қайтишни талаб қилдилар. Норозилик намойишлари 2020 йилда ҳам давом этди

Тезкор янгиликлар. Фоторепортаж. Бош мукофот

Муаллиф: Мулугете Айене Associated Press учун

10 март куни, парвоздан бир неча дақиқа ўтгач, Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг Boeing 737 MAX 8 йўловчи самолёти қулади. У Аддис-Абеба - Найроби йўналиши бўйича режалаштирилган парвозни амалга ошираётганди. Самолёт бортидаги барча 157 киши ҳалок бўлди. Авиаҳалокатдан бир ҳафта ўтиб, дафн маросими бўлиб ўтди. Ҳалокатдан саккиз ой ўтгач, 14 ноябрь куни ҳодиса жойига тупроқ тўкилди, қурбонларнинг аниқланмаган жасад қолдиқлари эса кўмилди. Авиаҳалокатга ушбу сериядаги самолётларнинг техник носозлиги сабаб бўлган.

Мавзуга оид