Иқтисодиёт | 17:00 / 19.04.2020
16885
12 дақиқада ўқилади

Коронаинқироз шароитида бизнес-саркардалар учун 4 тавсия

Мулкдор, сармоядор, тадбиркор ва бизнес-раҳбар – уларни бир сўз билан «бизнес-саркарда» деймиз. Янги инқироз вазиятида улар ўзини номаълум ёв билан урушда бўлганидек кўра олиши керак.

Фото: Andrea Comas / Reuters

Ҳақиқий бизнес сардори ўз фаолияти борасида стратегик мўлжал олишга интилади. Зеро, янги чақириқлар ҳаёт-мамот масаласига эканлиги ҳис қилинмоқда.

Қуйида тўрт тавсияни айнан шундай қараш асосида тақдим қиламиз.

I. Номаълумлик шароитида 4 омилнинг кучини англанг

COVID-19 инқирози турли давлатларда турлича кетмоқда, унинг ички таъсир потенциали вақт ва кўлам нуқтайи назардан ноаниқ қолмоқда. Ўйлаймизки, вақт ўтиши билан кўп жумбоқлар ҳал бўла бошлайди. Пандемияга қарши турли чеклов чораларининг муддати ноаниқ қолмоқда. Лекин бу муддат қуйидаги омилларга боғлиқ эканлигини ҳозир айта оламиз:

1. COVID-19га чалингани аниқланган барча беморлар учун шифохона ўринлари, тиббий воситалар, дори-дармонлар, тиббий иш кучлари мамлакат ҳудудида етарли миқдорга етказилиши;

2. Касалликни аниқловчи тезкор синов (экспресс-тест) воситалари ва тизимлари оммавий равишда ташкил қилингани;

3. Дезинфекция, санитария ва бошқа профилактик воситалар, тизимлар етарли ҳолга чиқиши ва аҳолининг профилактик кўникмалари етарли даражада оммалашуви;

4. Янги эм (вакцинанинг) топилиши ва оммавий эмлаш бошланиши.

Юқоридаги 4 омилнинг ривожланишини сифат ва миқдор жиҳатидан кузатиб бориш билан коронаинқироз даврини тақрибан белгилашга уриниш мумкин. Ушбу омиллар қанчалик муайянлашса, шунчалик аниқ вақт кўрсаткичига чиқиш мумкин. Ҳозирги нуқтада муддатни, жуда кўп шартларни инобатга олган ҳолда, уч ойдан бир йиллик даврни тахмин қиляпмиз.

Қайтариб ўтамиз: ҳозирги кунда бу фараз ўта ноаниқлик характерига эга. Лекин инқирозни нисбатан муваффақиятли бартараф этаётган Германия, Япония, Жанубий Корея ва Сингапур каби давлатларга қараганда юқоридаги уч омилнинг ўрни катталиги кузатиляпти. Янги вакцина топилгани ҳақида эса ҳали ишонарли ахборот мавжуд эмас.

Бундан бизнес-саркарда учун чиқариладиган асосий хулосалар:

·       Бу вазият қанча вақт давом этиши — номаълум;

·       Давлатнинг антикризис чоралари қайси йўналишда бориши бугунги вақтда аниқлашди: у юқоридаги 4 омилнинг кучайишига ва максимал равишда аҳолини иҳоталашга эътибор қаратмоқда;

·       Аҳоли ва ташкилотлар истеъмол ҳаракатлари ва танловлари кескин ўзгаради, кўпгина товар ва хизматларга талаб тўхтайди ва улар қачон тикланиши аниқ эмас. Лекин шу билан бирга бошқа товар ва хизматларга талаб ошиб боради.

 

II. Ҳаёт бор экан, бизнес ўлмайди

Бизнес-саркарда «ҳаммаси тамом бўлди, ишлаб чиқариш ва савдо тўхтади, одамлар ишсиз ва пулсиз қолди» каби ваҳимали гапларга учмаслик керак, сабаби:

а) Одамлар тирик экан, истеъмол давом этади, демак уни сотиб олишга хоҳиш ва тайёргарлик ҳам топилади. Вазият ўзгаргани шуки, баъзи товар ва хизматларга талаб камайиб, бошқаларига ошади ва янгилари пайдо бўлади, истеъмолчилик атворларида карантин режими сабабли ўзгариш бўлади, масалан кўпчилик энг кўп вақтини уйида ўтказади.

б) Карантин шароитида одамлар маош ишлаши камайгани жамиятда пул ҳажми эриб йўқ бўлиб кетганини англатмайди. Пул кимдадир кўпроқ, кимдадир оз — бу қанчалик ёш болаларча ҳақиқат бўлмасин, барибир ҳақиқатлигича қолаверади. Ундан ташқари, одамлар мутлақо маблағсиз қолмайдилар, давлатнинг молиявий қўллови айнан истеъмол ва унинг орқасидан иқтисодни жонлаштириш учун берилади. Яна бир нарса: пулсиз қолиб кетишдан қаттиқ қўрққан одамлар орасидан тиришқоқ ходимларни ёллаш мумкин, баъзилар учун одатда инқироз ҳолати кучли мотивация кучига эга.

в) Эҳтимол, сизнинг бизнес соҳангизда жиддий тўхташ ёки қисқариш рўй бергандир, аммо қанчалик бу рост? Яхшилаб ўйлаб кўринг, балки чеклов сизнинг товарингизга талаб, хоҳиш эмас, балки сотиб олиш услуби, бизнес-модели ишламай қолгандир? Энг оддий мисол: жамоатчилик таомланиш масканлари ёпилди, лекин ошхоналар ёпилмай уйга буюртма тайёрлаш форматига ўтилмоқда.

г) Иқтисодий кризис даврида бизнес-саркардадан теран назар билан мужассамлашган ижодий ёндашув бўлиши талаб қилинади. Бунда энг асосий саволлар қуйидагича бўлиши керак:

·       «Ҳозирги кунда истеъмолчиларда қандай муаммолар ва оғриқлар мавжуд, уларнинг қайси бирларини қондириш учун менда шу лаҳзада тажриба, ресурслар, бизнес-шериклар мавжуд?»

·       «Мен қондира оладиган одамлар ва ташкилотларнинг эҳтиёжлар орасидан қайси бирларида тўлов олиш осонроқ, бошқача сўз билан айтганда, бу бизнес нақд айланмасини қанчалик таъминлай олади?»

·       «Кўзда тутилаётган бизни амалга оширишда қандай хатарлар бўлиши мумкин, ҳар бир таҳликанинг эҳтимоллик даражаси ва бўлиши мумкин зиён кўлами қандай?»

·       «Менда имконият бўлган ва тўловини йўлга қўя оладиган бизнесни бошлаш учун мен энг биринчи қиладиган ишларим нима?»

Юқоридаги тўрт савол сизга диққатингизни жамлашга, бир қанча ғоя-фикрлар шаклланишга ва тўғри қарор чиқаришга ёрдам беради.

 

III. Истеъмолчи билан алоқани узманг ва янги бозорларни «овланг»

Эски мижоз, эски дўст каби. Нима қилиб бўлса ҳам, мижозларингиз билан алоқа узманг. Тугамай қолган лойиҳалар бўлса, карантин давридан кейин уларни самарали бажарилиши ҳақида буюртмачингиз билан фикр алмашиб боринг. Ижтимоий тармоқлар орқали тавсияларингиз, ғояларингиз билан бўлишинг. Маҳсулотингиз ва хизматингиз ҳақида фойдали маълумот берадиган видео роликлар тарқатинг.

Айниқса, маҳсулотингизни «соғиниб» қолган вафодор мижозларингиз ҳақида кўп ўйланг. Масофали етказиб бериш воситалари ечимларини жамоангиз билан муҳокама қилинг. Бу ҳақда мижозларингиз билан алоқа ўрнатиб, фикр ғояларини олинг. Савдо операциясини амалга ошириш имконияти топилиши биланоқ, ҳаракат қилинг.

Янги давр — янги бозор дегани. Бу умумий шиордек эшитилади. Аммо бу ҳақда тинмай ўйлашдан ва кузатишдан тўхтаманг, ва имконият борича ҳаракат қилиш мумкинлигини унутманг.

Америкалик замонавий ҳарбий мутафаккир Жон Бойднинг «OODA халқаси» концепцияси кризис даврига кириб қолган бизнес учун энг кучли фикрлаш воситаси деб топилган. Вазият ўзгаришидан ҳам тезроқ тўғри қарорлар чиқариш ғалабанинг бирламчи омили, дейди Бойд ва қуйидаги тўрт ҳаракатни қайтариб бажаришни тавсия қилади:

·       Кузат (Observe) ­— атрофингиздаги реал муҳитни кузатиб маълумот йиғинг. Маълумот икки хил бўлади: ташқи ва ички, таъсир доирангизда ва ундан ташқари.

·       Мўлжал ол (Orient) ­­— бу циклнинг энг мураккаб қисми. Маълумот яхши таснифланса, аҳамиятли ва ўз вақтида бўлса, тўғри тасаввур бера олса у ахборотга айланади. Ахборот берилган контекст, яъни қўйилган мақсадлар, режаларга биноан баҳоланади. Аввал ахборот ёки муаммо муҳим таркибий қисмларга парчаланади, сўнг қарор қабул қилишга мос равишда соддалаштирилади ва бир неча муқобил ечимлар чиқарилади.

·       Қарор қабул қил (Decide) — Ориентация босқичида ишланган муқобил ечимлар ва режалар орасидан энг моси танланади ва уни бажаришга азму-қарор қилинади.

·       Бажар (Act) — Қарорга биноан ҳаракат ташқи муҳитга таъсир ўтказишни англатади, оддий сўз билан — режани амалга ошириш.

Ҳаракат ортидан келадиган оқибатлар устидан кузатувни бошлайсиз, яъни OODA ҳалқаси аввалига қайтиб, кейинги босқичларни тезликда ва мунтазамликда амалга оширасиз.

Манба: McKinsey консалтинг фирмасининг глобал пандемия вазиятига бағишланган тақдимоти

Ижтимоий тадбиркорлик модели, яъни жамиятда ўсиб бораётган тангликларни бизнес принципларига мувофиқ ечиш моделини, эътиборингизга олинг. Бунга бир мисол: кам таъминланган оилалар ўз томорқасида ишлаб чиқарган деҳқончилик маҳсулотларини истъемолчиларга етказиб бериш транспорт ва тўлов хизматини бажариш бизнеси даромад келтиради, ҳам кам таъминланган оилалар пул топишларига кўмак бўлади ва жамиятда озиқ-овқат таъминоти жонланади.

Яхшилаб фикрласангиз, дўстларингиз билан муҳокама қилсангиз, бу хусусда кўп амалий ғоялар топиш мумкин. Бу ёндашувда давлат билан ҳамкорлик ўрнатиш кучли омил бўлади, бу ҳақда кейинги тавсия.

 

IV. Сиёсатга қизиқинг

Пандемия даври деганда, албатта давлатнинг роли иқтисодда аввалгидан кўра ошганини эътиборда сақлаш керак. Ишлаб чиқаришингиз ёки хизмат кўрсатиш тизимизнинг ишга тушиши учун махсус рухсатни давлат органларидан оласиз. Бунинг учун бир қатор санитария ва профилактика чораларини мунтазам бажариб бориш ҳақида мажбуриятингиз рухсат учун бирламчи асосларидан бўлади. Ундан ташқари, ташқи муҳитда юритиладиган бизнесингизга ижтимоий зарурат мавжудлигини исботлай олишингиз керак.

Яна бир муҳим томони: эҳтимол, давлатнинг ўзи бизнесингиз мижозига айланиши мумкин. Давлатнинг ўрни шунчалик баланд экан, демак сиз каттароқ миқёсда «ҳукумат органлари билан алоқа» (GR — Government Relations) фаолиятини юрита олишингиз зарур. Бу фаолият тури сиздан давлатнинг сиёсатини жиддий кузатишга, унинг қарорлари ва мотивларини яхши тушунишни ва ҳатто кейинги қадамларни тахминий башорат қила олишингизни талаб қилади.

«Давлатнинг антикризис сиёсати қайси органларига кўпроқ ваколат бермоқда, уларни қандай топшириқлар билан юклаб қандай ресусрслар, молиявий маблағлар билан таъминламоқда?» каби саволларга жавоб топишга урининг. Давлатдан балки махсус имтиёзлар (жумладан, фискал қўлловлар), дезинфекция, махсус кийим-кечак ва бошқа воситалар билан таъминланиш имкониятларини қидиринг, очиқчасига бу ҳақда мутасаддилардан сўранг.

Албатта, бу ўринда коррупцион муносабатлар ҳақида ҳам гапириб ўтиш керак. Маълум эҳтимоллик билан сиз қийин танлов олдида туриб қоласиз: ё коррупцион таклифни (масалан, «откат»ли битим) қабул қилиб унинг ортидаги таҳликаларни гарданингизга оласиз ёки уни рад этиб, маълум молиявий фойдадан мосуво бўлишингиз мумкин.

Қарор қабул қилишда бир нарсани яхши англанг: агар нафсибузуқлик йўлига тушсангиз, биринчидан бошқа имкониятлар эшиклари ёпилади (сизга аксинча кўринса-да), чунки ҳар қандай жиноят тилни қисиқ қилади, иккинчидан, баландроқ давлат мавқеларда ўз муносабатингиз ва таклифларингизни бериш учун маънан ҳаққингиз қолмайди. Энг муҳимини унутманг — коррупцион факт бир кунмас бир кун фош бўлади, «кўза кундамас, кунида синади». Ҳалоллик ҳамиша сизнинг сиёсатингиз бўлишини тавсия қиламиз.

Ташаббускорлик, ёрдам, амалий таклифлар ва конструктив танқид руҳидаги мулоқот — ҳукумат органлари учун қийин вазиятда кўмак бўлади ва бу ўзаро ҳамкорлик ишончни туғдиради. Коронаинқироз даврида давлат ва жамоатчилик вакиллари билан яқин шерикчилик ришталарини ўрната олиш бизнесингизни ривожланиши учун асосий омилларидан бири, деб кўришни тавсия қиламиз.

Жамшид Муслимов

Мавзуга оид