Қозоғистон ТИВ: Ўзбекистонга нота йўлланмайди
Қозоғистон Ўзбекистонга дипломатик нота йўлламайди ва бундай масала кўриб чиқилмаяпти. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айбек Смадияров маълум қилди.
Kazinform нашри хабарида қайд этилишича, Ўзбекистондаги Сардоба сув омбори тўғони бузилиши оқибатида Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудида қатор қишлоқлар сув остида қолиши билан боғлиқ вазият ҳукуматнинг алоҳида назоратига олинган.
«Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги Сардоба сув омборининг бузилиши ва Туркистон вилоятидаги бир қатор аҳоли пунктларини сув босиши ҳукуматимизнинг алоҳида назорати остида.
Маълумки, шу йил 2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди ва суҳбат давомида томонлар вазиятни муҳокама қилишди ҳамда икки мамлакат ҳукуматлари биргаликда ишлашига келишиб олдилар.
Сув тошқини оқибатларини биргаликда бартараф этиш бўйича Ҳукумат ва чегараолди ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро яқин ҳамкорлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон томонига Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг нотасини юбориш масаласи кўриб чиқилмайди», деган у.
Айни вақтда Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеев ва Қозоғистон сув хўжалиги соҳасининг мутахассислари Махтарал туманида юз берган сув тошқини масаласи бўйича музокара ўтказиш учун Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятига жўнаб кетди.
Шунингдек, Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр бошчилигидаги ҳукумат комиссияси ҳам Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
Бундан аввалроқ Tengrinews.kz нашрида Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громов Қозоғистон томони Ўзбекистон томонидан трансчегаравий сувларда қурилган гидротехник иншоотлар тўғрисида тўлиқ маълумот беришни сўраб нота йўллаши ҳақида айтгани хабар қилинганди.
- Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.
- Шу билан бирга, Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Мактаарал туманининг 5 қишлоғида 845 та уй ҳамда 7639 гектар пахта майдонлари сув остида қолган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистон томони зарар миқдорини қарийб 1 миллион долларга баҳолаган.
Мавзуга оид
20:58 / 26.12.2024
Катта эҳтимол билан Россия ракетаси зарба берган. Оқтовдаги авиаҳалокатнинг иккинчи кунига келиб яна нималар маълум?
19:17 / 26.12.2024
Озарбойжон самолёти Россия ракетаси сабабли ҳалокатга учраган – Euronews
16:55 / 26.12.2024
Қозоғистондан Ўзбекистонга нефт маҳсулотлари ташиладиган махфий туннел топилди
22:27 / 25.12.2024