Ўзбекистон | 18:20 / 12.05.2020
116271
3 дақиқада ўқилади

Кириш имтиҳонлари учун 2та фан қолдирилиши режалаштирилмоқда - ДТМ

2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Давлат тест маркази расмий сайтида 2020-2021 ўқув йили кириш имтиҳонлари учун кутилаётган янги тартиб ҳақида маълумот берилди.

ДТМ абитуриентларнинг карантин чекловлари шароитида кириш имтиҳонларига кўнгилдагидек тайёргарлик кўра олмаганини инобатга олиб, уларни тест имтиҳони учун ёпиқ залларда кўп ушлаб қолмаслик мақсадида тестлар қисқартирилиши бўйича таклифлар тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганини маълум қилмоқда.

«2020-2021-ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. 2та мутахассислик фанлари 2019 йил декабрь ойида белгиланган тартибда тасдиқланиб, жамоатчиликка эълон қилинган эди», дейилади хабарда.

ДТМ матбуот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоевнинг қўшимча қилишича, 2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонларида фақат 2та мажбурий фандан имтиҳон олинишига оид таклифлар айни пайтда Қабул комиссиясига киритилган ва тасдиқланиши биланоқ абитуриентлар хабардор қилинади. Бу истисно фақат 2020-2021 ўқув йили учун тегишли. Кейинги йиллар учун 5та фандан имтиҳон олиш тартибида ўзгаришлар бўлмайди.

Бундан ташқари, Давлат тест маркази инфекция бутунлай бартараф этилмаган шароитда абитуриентларнинг 1000 ўринлик биноларда 3-4 соат қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидламоқда.

«Мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700тагача ўрин тайёрланади. Ҳар бир абитуриент учун камида 3 квадрат метрдан жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, улар имтиҳонда ниқоб, қўлқоп билан иштирок этиши таъминланади.

Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 марта дезинфекция қилинади. Булар тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади», дейилади ДТМ хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда бу йил кириш имтиҳонларини соддароқ шаклда ўтказиш бўйича кўрсатма берганди.

Мавзуга оид