Ўзбекистон | 19:40 / 20.05.2020
19515
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими яратилди 

Илк марта “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими яратилди. Ушбу тизим кенг жорий этилиши билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш бўйича бюрократик босқичлар бекор қилинади. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.  

Фото: Shutterstock

Ижтимоий нафақалар – бу кам таъминланган оилаларга 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаб тўлашдир.  

Ягона реестр – бошланғич босқичда ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун инсон омилисиз оила (фуқаро)нинг муҳтожлигини ўзи аниқлайдиган, нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширадиган ва назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлашган ахборот тизимидир. 

Кейинги босқичларда бу тизим ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро ва оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган маблағ ёки маҳсулот кўринишидаги барча ёрдам турларини (ота-оналар тўловисиз мактабгача таълим муассасасига қатнаш, ўқувчиларни бепул дарсликлар тўплами билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул ёки имтиёзли тиббиёт хизматларини кўрсатиш, ипотека кредитлари учун бошланғич бадалини тўлаш ва бошқа) қамраб олади.

Ягона реестрнинг ижобий томонлари қуйидагича:

1) тақдим этиладиган зарур маълумотларга зарурат бўлмаслиги ҳисобига ижтимоий нафақаларга муҳтож оилалар учун ариза бериш жараёни кескин енгиллашади, ушбу оилалар учун маълумотларни йиғиш каби оворагарчиликларга барҳам берилади;

2) кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёни максимал даражада шаффолашади.

Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор фақат Ягона реестр ахборот тизими томонидан (унга киритилган мезонлар асосида) қабул қилинади, бунда ҳеч қандай инсон омили мавжуд эмас.

3) ҳозирги кунда кам таъминланган оилаларга давлат томонидан турли ҳил ёрдамлар (боласи ота-оналар тўловисиз бепул боғчага қатнайди, мактабда бепул дарсликлар ва қишги кийим-бош билан таъминланади, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул даволанади ва бошқалар) амалга оширмоқда. Бироқ: 

  • ушбу ёрдамларга муҳтож оилаларни аниқлаш тартиби ҳеч қандай қонунчилик ҳужжатларда белгиланмаган;
  • қайси оилага қандай ва неча пулга давлат томонидан ёрдамлар кўрсатилганлиги тўғрисида маълумотлар базаси мавжуд эмас.
  • Ягона реестр мана шундай маълумотлар базасига айланади ва ушбу база орқали автоматик тарзда барча ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш имконини беради.
  • Мазкур ахборот тизими жорий этилганда ижтимоий нафақаларни олиш жараёнида аҳолимиз учун қандай енгилликлар яратилади?
  • Ҳозирги кунда ижтимоий нафақаларни олиш учун ёрдамга муҳтож оила аъзолари қуйидаги маълумотномалар ва ҳужжатларни маҳалла фуқаролар йиғинига тақдим этиши керак:
  • оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун - болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;
  • асосан яшаб турган жойи бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун - доимий яшаш (доимий прописка) жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома;
  • агар болалар васийликка олинган бўлса - васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма. Бундан ташқари, моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризага, ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

Шундан кейин ҳам бир қатор жараён амалга оширилади:

биринчидан, ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг аризачи ва унинг оила аъзоларининг даромадлари ҳисоб-китоб қилинади;

иккинчидан, аризачининг уйига 5 кишилик махсус комиссия бориб, оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади, унинг хулосаси маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган оқсоқолларда иборат яна 15 кишилик комиссияга тақдим этилади;

учинчидан, ушбу 15 кишилик комиссия оила даромади ва махсус комиссиясининг хулосасини кўриб чиқиб, оилага ижтимоий нафақани тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ушбу жараёнда талаб даражасида шаффофлик йўқ бўлиб, ижтимоий нафақани тайинлаш (ёки тайинламаслик) тўғрисида қарорга инсон омилининг катта таъсири мавжуддир.

Янгидан яратилган Ягона реестр учун эса оила аъзоларининг бор-йўғи паспорти (вояга етганлар учун), туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (болалар учун) ва никоҳни қайд этиш тўғрисида гувоҳнома (мавжуд бўлганда) нусхалари талаб этилади. Ушбу ҳужжатлар маҳалла фуқаролар органларига тақдим этилади ва бунда ушбу ҳужжатларни қабул қилинмаслигига йўл қўйилмайди.

Қабул қилинган ҳужжатлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилгандан сўнг ариза ва унинг оила аъзолари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотлар Ягона реестрга киритилади.

Оиланинг муҳтожлигини аниқлаш учун зарур бўладиган бошқа маълумотлар (оила аъзолари даромадлари (иш ҳақи, пенсия, стипендия ва бошқа), номида мавжуд кўчмас мол-мулки, автотранспорт воситалари, ишлаганлиги ёки ишсиз бўлганлиги, ишсиз бўлиб меҳнат органларига мурожаат қилганлиги тўғрисида) Ягона реестр орқали солиқ, кадастр, ички ишла, меҳнат ва бошқа идоралардан автоматик равишда электрон тарзда олинади.

Қонунчиликда белгиланган мезон ва меъёрлардан келиб чиқиб, турли идоралардан олинган маълумотлар асосида Ягона реестр, ҳеч қандай инсон омилисиз, аризачилар оиласига ижтимоий нафақаларни тайинлайди ёки тайинлашни рад этади ва бу бўйича қабул қилинган қарорлар аризаси ёки унинг оила аъзоларига СМС-хабарлар орқали етказилади.

2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб шу кунга қадар Ягона реестр тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилояти ҳудудида ишлатилиб келинмоқда.

Ягона реестрни яратиш учун қанча маблағ сарфланади, ушбу ахборот тизимини яратишда қайси ташкилотлар ёрдам бермоқда?

Эътиборлиси шундаки, Ягона реестрни шакллантириш учун ҳозирги кунга қадар Давлат бюджетининг 1 тийини ҳам сарфланмаган. Барча харажатлар “ЮНИСЕФ”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг жалб этилган грант маблағларидан қопланмоқда. Шу кунга қадар ушбу маблағлар ҳисобидан:

а) “Ягона реестр” ахборот тизими яратилди (“Development Pathways” ихтисослаштирилган ҳалқаро компанияси томонидан) ва бу тизим орқали 9 та вазирлик ва идораларнинг (Давлат хизматлари агентлиги (ФҲДЁ бўлимлари), Молия вазирлиги ва Пенсия жамғармаси, Уздавгеодезкадастри, Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва АТ Халқ банки) маълумотлар базалари билан реал вақт режимида электрон алмашуви асосида 20 турдаги маълумотлар олинмоқда;

б) Сирдарё вилояти учун сервер қурилмаси, шахсий компьютер, принтер ва компьютер техникалари сотиб олинди;

в) 2020 йилда “Ягона реестр” ахборот тизимини такомиллаштириш, шунингдек унинг функцияларини кенгайтириш (давлат томонидан кам таъминланган оилаларга кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш) бўйича ишлар давом этмоқда.

Ягона реестр орқали ижтимоий нафақалар тайинланиши қайси ҳужжат билан тартибга солинади ҳамда Ягона реестр республикамизнинг қолган ҳудудларида қачон татбиқ этилади?

Ягона реестр Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги 308-сонли қарори билан Сирдарё вилоятида жорий этилди ва ушбу қарор билан Сирдарё вилоятининг кам таъминланган оилаларига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида вақтинчалик Низом тасдиқланди.

Ҳозирги кунда тажриба-синов жараёнида аниқланган камчилик ва муаммолардан келиб чиқиб, Ягона реестр ахборот тизими янада такомиллаштирилди ва шуни ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 майдаги 286-сонли қарори билан вақтинчалик Низом янгиланди.

Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этилган Ягона реестрни жорий йилнинг якунига қадар босқичма-босқич республиканинг қолган 13та ҳудудида тадбиқ этиш назарда тутилмоқда. Буни амалга ошириш мақсадида ҳозирги кунда тегишли қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.

Мавзуга оид