Жаҳон | 00:45 / 26.05.2020
27923
3 дақиқада ўқилади

Қайси соҳаларда миллионерга айланиш осон эканлиги маълум бўлди

Маълумот берилишича, бойлиги 5 млн доллардан ортиқ бўлган тадбиркорларнинг аксарияти (30 фоизга яқини) ўз маблағларини банк ёки молия соҳасида қўлга киритган.

Фото: iStock

Wealth-X тадқиқот компанияси дунё бўйича бойлиги 5 млн доллардан ортиқ бўлган минглаб инсонлар тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиб чиқди ва бадавлат инсонлар бойликка энг кўп эришган 10та соҳани аниқлади.  Бу ҳақда Business Insider нашри хабар бермоқда.

10. Егулик ва ичимликлар 

Қайд этилишича, тадбиркорларнинг 3,8 фоизи ушбу соҳада 5 млн доллардан кўпроқ пул ишлаган.

9. Қурилиш ва техника ишлаб чиқариш

Бу соҳада бойликка эришганлар 3,9 фоизни ташкил қилади.  

Улар орасида қопчиқсиз чангюткич ихтиро қилган ва маиший электроника ишлаб чиқарувчи Dyson компаниясига асос солган Жеймс Дайсон ҳам бор. Унинг соф капитали 6,1 млрд доллар деб баҳоланмоқда..

8. Меҳмонхона ва кўнгилочар бизнес 

Бу йўналишдаги бадавлат инсонлар улуши 4,1 фоизга тенг.

Собиқ кўча артисти Ги Лалиберте унинг Монреалдаги цирк труппаси Cirque du Soleil номи билан машҳур салтанатга айлангач, 1,2 млрд долларга эга бўлган.

7. Ишлаб чиқариш

Тадқиқотда айтилишича, энг бой инсонларнинг 4,1 фоизи ўз бойлигига ушбу соҳа орқали эришган. 

ABC Supply (том ёпиш материаллари ва ойналар ишлаб чиқариш) компанияси эгаси Диана Хендрикс 8,9 млрд доллар бойлиги билан мана шу рўйхатдан жой олди. 

6. Технологиялар

Билл Гейтс ва Марк Цукерберг ушбу соҳада бойликка эришган 4,7 фоиз тадбиркор орасидаги энг таниқли миллиардерлар ҳисобланади.

5. Соғлиқни сақлаш

Бойлиги 5 млн доллардан ортиқ бўлган инсонларнинг 5 фоизга яқини мана шу соҳа орқали пул топган.

4. Кўчмас мулк

Бадавлат инсонларнинг 5,4 фоизи бойликларини кўчмас мулк орқали топган. Масалан, Американинг энг бой девелопери 7,6 млрд доллар соф капиталга эга Стивен Росс ҳисобланади.

3. Нотижорат ва жамоат ташкилотлари

Миллионерларнинг 7 фоиздан ортиғи нотижорат ташкилотларида банд. Шу билан бирга, уларнинг кўпчилиги, масалан, Билл ва Мелинда Гейтс ўз бойликларини дастлаб бошқа соҳада қўлга киритган. 

2. Истеъмол хизматлари 

Бойларнинг 16 фоизи истеъмол хизматлари орқали бойиган.

1. Банк ва молия

Маълумот берилишича, бойлиги 5 млн доллардан ортиқ бўлган тадбиркорларнинг аксарияти (30 фоизга яқини) ўз маблағларини банк ёки молия соҳасида қўлга киритган. Улар орасида JPMorgan Chase бош директори Жеймс Даймон бор.

Мавзуга оид