Ўзбекистон | 22:11 / 27.05.2020
8279
4 дақиқада ўқилади

Хонободни туризм марказига айлантириш бўйича ишлар бошлаб юборилди

Президент Шавкат Мирзиёев 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ички туризмни ривожлантириш, хусусан Хонобод шаҳрини туризм марказига айлантириш бўйича кўрсатма берган эди. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Давлат раҳбарининг топшириғидан келиб чиқиб, бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Хонобод шаҳрини Фарғона водийсининг туризм марказига айлантиришга доир тегишли ишлар олиб борилди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Азиз Абдуҳакимов Андижон вилоятидаги қатор туризм объектлари ҳолати билан танишди ҳамда Хонобод шаҳри ҳокимлиги, туризм йўналишида фаолият олиб бораётган ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар билан шаҳарни туризм марказига айлантириш, вилоятда туристик қишлоқларни ташкил қилиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш борасида учрашув ўтказди.

Учрашув давомида ҳокимлик ва тегишли идоралар масъуллари, туристик хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар, туристик объектлар раҳбарлари билан мавжуд муаммолар кўтарилиб, ҳудудда туризмни ривожлантиришга оид таклиф ва мулоҳазалар алмашилди.

“Йиғилишда сайёҳларни жалб этишга доир жаҳон тажрибаси ҳақида  сўз юритилди ҳамда масъулларга президент топшириқлари ижросини амалга ошириш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди. Мазкур тавсия ва кўрсатмаларни амалга ошириш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,  қўмитанинг Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси, ҳокимлик ва тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари 25 майдан эътиборан Хонобод шаҳрида доимий ўрганишларни йўлга қўйди.

Хусусан, шаҳар ҳокимлигида қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан бўлиб ўтган йиғилишда Хонободни туризм марказига айлантириш, унинг концепциясини яратиш бўйича Президент топшириғи ижросини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масалалари ҳамда вилоятда коронавирус пандемияси билан боғлиқ санитар-гигиеник ҳолат муҳокама қилинди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида ҳокимлик, тегишли  ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ Хонободдаги туристик объектлар ҳолатини ўрганиб чиқди, айни дамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, туризм йўналишида инвестициялар жалб этишга оид ишларни жадаллаштириш ҳақида сўз юритилди”, дейилади хабарда.
Йиғилишдан сўнг Азиз Абдуҳакимов ишчи гуруҳ вакиллари билан биргаликда тадбиркорлар мурожаати асосида баён қилинган камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф этиш мақсадида жойларга бориб туристик объектларни кўздан кечирди ва масъулларга туризм тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича зарур топшириқлар берди.

Қайд этилишича, ҳудуднинг пандемиядан кейинги даврда сайёҳларни қабул қилишга санитар-гигиеник тайёргарлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишдаги ишларга тайёргарлик кўриш учун ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитар эпидемиологик осойишталик агентлиги  вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳар бир объект -санаторий, дам олиш масканлари, болалар лагерлари, кафе ва ресторанлар, маданий мерос объектларида тиббий хавфсизлик талаблари ҳамда ижтимоий масофани сақлаш ишларини ўрганиб, тегишли далолатномаларни расмийлаштирмоқда.

Таъкидланишича, пандемия даври тугаши билан туризм хизматларини йўлга қўйишга оид ишлар Андижон вилояти кесимида ишлаш учун шай ҳолатга келтирилади ва расман рухсат берилган кундан эътиборан фаолият юритишни бошлайди. Бу эса вилоятдаги 43 зиёрат ва маданий мерос объекти, 5 санаторий, 375 кафе, ресторан ва 125 чойхона фаолият кўрсатиши ва асосийси - 12 мингга яқин аҳолининг иш ўринлари қайта тикланишини таъминлайди.

Мавзуга оид