Жаҳон | 07:32 / 04.06.2020
8927
1 дақиқада ўқилади

Жорж Флойднинг ўлими бўйича яна 3 полициячига айбловлар илгари сурилди 

Америкалик прокурорлар афроамерикалик Жорж Флойднинг қўлга олиниши вақтида ўлиши бўйича собиқ полициячи Дерек Шовинга аввалроқ билдирилган айбловни қатъийлаштириб, унинг 3 ҳамкасбига ҳам айбловлар илгари сурди.  

Миннесота штати бош прокурори Кит Эллисон Флойднинг ушланиши вақтида унинг бўйнини тиззаси билан босиб турган Шовинга аввал қўйилган айбловни қасддан содир этилмаган иккинчи даражали қотилликка ўзгартирган. Бундан аввал полициячига қасддан содир этилмаган учинчи даражали қотиллик айблови билдирилганди.   

Шунингдек, Флойднинг қўлга олинишида иштирок этган яна 3 полициячига қотилликка шерик бўлиш айблови илгари сурилди. Аввал уларга ҳеч қандай айблов билдирилмай, полициядан бўшатилган эди.

Миннесотадан сенатор Эми Клобушар Шовинга билдирилган айбловнинг қатъийлаштирилишини “адолат қарор топишидаги яна бир муҳим қадам” деб атаган.  

Ўтган ҳафта Флойднинг ушланишида иштирок этган барча 4 полициячи ишдан бўшатилган эди.

Аввалроқ Change.org платформасида Флойднинг ўлимида айбдор барча полициячиларни жазолаш талаб қилинган петиция пайдо бўлганди. Петицияни 12 млнга яқин одам имзолаган.   

Мавзуга оид