Ўзбекистон | 19:15 / 12.06.2020
31016
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқ шаҳри «қизил» ҳудудга айланди

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри 11 июндан бошлаб «юқори хавфли ҳудуд» сифатида тоифаланди ва «қизил» ҳудудга айланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берган.

«Чирчиқ шаҳри «қизил» ҳудуд тоифасига кириши муносабати билан, барча блокпостлардаги назорат кучайтирилган ҳолда иш олиб борилиши кўзда тутилган. Автотранспорт воситаларини қатнови эрталаб 7:00дан 10:00га қадар ҳамда 17:00дан 20:00га қадар амалга оширилади. Карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинг!», дейилади ҳокимлик хабарида.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳам вилоятда турли рангларга тоифаланган ҳудудларда ўзгариш бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар берган. Унга кўра, яна икки ҳудуд - Чирчиқ шаҳри ва Бекобод тумани «қизил» ҳудудлар қаторига киритилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳри (Тўйтепа) «сариқ»дан «яшил»га ўтиши режалаштирилган.

Коронавирус билан боғлиқ вазиятдан келиб чиққан ҳолда вилоятнинг тегишли мутасаддилари томонидан ҳудудлардаги аҳвол қуйидагича баҳоланмоқда:

  • «Қизил» ҳудуд: Чирчиқ шаҳри, Бекобод, Оққўрғон, Зангиота, Қибрай, Паркент, Пискент, Чиноз, Янгийўл, Тошкент туманлари.
  • «Сариқ» ҳудуд: Ангрен, Янгийўл шаҳарлари, Бўстонлиқ, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманлари.
  • «Яшил» ҳудуд: Нурафшон, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳри, Оҳангарон тумани, Бўка, Қуйи Чирчиқ туманлари.

Мазкур ўзгаришлар Республика махсус комиссияси қарори билан амалга оширилиши эслатиб ўтилган.

Чирчиқ шаҳри ва Бекобод тумани 6 июнь ҳолатига кўра, «сариқ» ҳудудлар қаторига киритилганди.

Эслатиб ўтамиз, 10 июнь куни Бекобод туманида аҳоли орасида касалланиш ҳолати аниқланганди.

Мавзуга оид