Жамият | 21:37 / 13.06.2020
39706
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хотин-қизлар ишсизлиги энг юқори бўлган ҳудудлар маълум қилинди

2020 йил январь-март ойлари давомида 20 минг нафардан зиёд аёл ишлаш учун хорижий давлатларга чиқиб кетган.

Республика бўйича хотин-қизлар ишсизлигининг энг катта улуши Фарғона, Андижон ва Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этиш масаласига бағишланган видеоселекторда маълум қилинишича, ҳозирги кунда республика бўйлаб ишсиз хотин-қизлар 524 минг 241 нафарни ташкил қилмоқда. 

Хусусан, энг юқори кўрсаткич Фарғона (83400), Андижон (78777), Самарқанд (62487), Қашқадарё (59111), Сурхондарё (50995), Бухоро (30210) вилоятларига тўғри келмоқда. Қолган вилоятларда ишсиз хотин-қизлар сони ўртача 25 минг нафарни ташкил қилади. Тошкент шаҳрида 8017 нафар ишсиз хотин-қизлар рўйхатга олинган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Эльмира Боситхонова чет давлатларга иш излаб кетган аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланмаётганини билдирди.

“Ишсиз аёллар билан якка тартибда ишлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, яратилган имтиёзлардан фойдаланиш бўйича маслаҳат-ахборот бериш ишлари қониқарсиз ташкил этилганлиги натижасида 2020 йил январь-март ойлари давомида 20 минг нафардан зиёд аёл ишлаш учун хорижий давлатларга чиқиб кетган.

Бугунги кунда норасмий тарзда четга чиқиб кетган хотин-қизлар бўйича аниқ маълумотлар мавжуд эмас ва чет давлатларда юрганларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланмаяпти”, деди у.
Боситхоновага кўра, жорий йил май ойида бандлик марказларига пандемия оқибатида ишсиз қолган 15 минг нафардан ортиқ аёл мурожаат қилган. 

Мавзуга оид