Ўзбекистон | 15:51 / 14.06.2020
78540
3 дақиқада ўқилади

Махсус комиссия қарори: Ўзбекистон халқаро авиақатновларни тикламоқда

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги ахбороти эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон 15 июндан халқаро авиақатновларни қисман тиклайди, хориждан келувчи рейслар ҳам «яшил», «сариқ» ва «қизил» рейсларга ажратилади.

«Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият яхшиланиб бораётган мамлакатлар билан халқаро авиақатновларни қайта йўлга қўйиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда инвестиция лойиҳалари доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда», дейилади комиссия қарорида.

15 июндан санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатлар билан авиақатновлар тикланади.

Қуйидаги тоифадаги шахсларга Ўзбекистонга кириш ва Ўзбекистондан чиқишга рухсат берилди:

  • хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
  • инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари;
  • даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар;
  • хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;
  • хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар;
  • Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.

Бундан ташқари, ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан чиқишга рухсат берилди. Бунда, авиақатновлар санитария қоидалари ва нормаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилади.

«Яшил», «сариқ» ва «қизил» авиарейслар

Шунингдек, хорижий давлатлар эпидемиологик вазиятга қараб уч тоифага - «яшил», «сариқ» ва «қизил» ҳудудларга ажратилади:

  • санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган (яшил рейслар) — Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроил давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар карантин назоратига олинмайди;
  • коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган (сариқ рейслар) — Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Сингапур давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар 14 кун давомида уй карантини назоратига олинади;
  • коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган (қизил рейлар — эвакуация рейслари) — қолган бошқа давлатлар, шу жумладан, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан кириб келган шахслар 14 кун давомида карантин назоратида сақланади.

Санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ва яхшиланаётган мамлакатларда авиарейс қатнови кунига қадар узлуксиз 14 кундан кам бўлган, шунингдек, оғир санитария-эпидемиологик вазият сақланиб қолаётган давлатлардан транзит орқали келаётган шахсларга Ўзбекистон Республикасига келиш учун авиачипталар реализация қилинмайди.

Мавзуга оид