Жаҳон | 01:05 / 15.06.2020
5503
2 дақиқада ўқилади

Миср июлдан халқаро авиаалоқани тикламоқда

Фото: AP

Миср коронавирус пандемияси сабабли тўхтаб қолган халқаро авиаалоқани 1 июлдан секин-аста тиклай бошлайди. Бу ҳақда Миср фуқаролик авиацияси вазири Муҳаммад Манар хабар қилди.

“1 июлдан республиканинг барча аэропортлари ишлай бошлайди. Бир қатор давлатлар билан авиаалоқа секин-аста тикланади”, деб маълум қилган вазир Қоҳирада ўтган матбуот анжуманда. 

Ўз навбатида Миср туризм вазири Холид ал-Ананийнинг маълум қилишича, Миср 31 октябргача маҳаллий курортларга келувчи барча сайёҳларга визаларни бекор қилади. Бироқ хорижлик сайёҳларга фақатгина учта курорт ҳудуд очиқ бўлади: Хургада жойлашган Қизил денгиз, Шарм-аш-Шайҳ ва Даҳаб курорт шаҳарлари жойлашган Жанубий Синай ҳамда Ўрта ер денгизида жойлашган Матруҳ вилоятлари.

Аввалроқ Миср ҳукумати коронавирус билан боғлиқ киритилган бир қатор чекловларни июнь охиригача узайтирганди. Жумладан, пляжлар ва боғлар ёпиқ қолади. Комендантлик соати 14 июндан 1 соатга қисқартирилиб, соат 20дан 4гача амал қилади. Давлат ишхоналарида чекланган сонда ишчилар ишлаши давом этади. 

Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда сўнгги суткада коронавирусга чалинган 1677 киши қайд қилиниб, умумий беморлар сони 42 мингдан ошиб кетган. Улардан 1484 нафари вафот этган.

Мавзуга оид