Жаҳон | 01:01 / 17.06.2020
52271
6 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Хитой чегарасида 20 ҳарбий ҳалок бўлди. Ўқ овозлари эшитилмаган

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирга ёндош Ладакҳ провинциясида хитойлик ҳарбийлар билан тўқнашув оқибатида 20 нафар ҳинд ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу сўнгги 45 йил ичида Ҳиндистон-Хитой чегараси вазифасини бажарувчи назорат чизиғи ҳудудида ҳарбийлар ўлими билан боғлиқ илк ҳолат бўлди.

Ҳиндистон ва Хитой бир неча ўн йилдан буён чегара масаласида баҳслашиб келади / GETTY IMAGES

Аввалроқ ҳинд нашрлари Ҳиндистон-Хитой чегарасидаги баҳсли ҳудуд бўлмиш Галван водийсида рўй берган тўқнашув оқибатида 1 зобит ва 2 аскар ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди. Кейинроқ оғир тан жароҳати олганлардан яна бир неча нафари вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Шунингдек, Хитой томонидан жами 43 киши жабрлангани, жумладан бир неча киши ҳалок бўлиб, яна бир неча киши оғир жароҳатлангани айтилди.

Ҳодиса ҳақида хабар тарқатган ҳинд нашрларида бу ҳудудда ўқ овози эшитилмагани айтилган, ҳинд аскарлари «ўлгунча калтаклангани» тахмин қилинганди. 

Бу маълумот расман тасдиғини топмади, аммо сўнгги ҳафталарда чегара ҳудудида аскарлар ўртасида муштлашув ҳолатлари кузатилаётганди.

Назорат чизиғи деб аталадиган ушбу чегара ҳудудида кўп йиллардан буён ўқ овози эшитилмаган ва ҳарбийлар ўлими кузатилмаганди. Ҳиндистон армияси бу сафарги тўқнашувда ҳам ўқ узилмаганини таъкидламоқда.

Ёмон демаркация
Ҳиндистон нашрлари икки томондан ҳам йўқотишлар бўлганини ёзмоқда, аммо Хитой армияси хитойлик ҳарбийлар ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқламаяпти, ХХР ТИВ вакили сешанба кунги брифингда ҳиндистонлик ҳарбий хизматчилар ўлими ҳақидаги хабардор қилинмаганини айтди.

Қайд этиш керакки, Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги амалдаги назорат чизиғи яхши демаркация қилинмаган, бу ҳудудда дарё, кўл ва тепаликлар мавжудлиги туфайли, унинг географик жойлашуви ўзгариб туриши мумкин. Бу эса Ҳиндистон ва Хитой армиялари турли нуқталарда юзма-юз туришига олиб келади.

Ҳиндистон армияси баёнотида қайд этилишича, икки давлат мудофаа вазирликлари вакиллари кескинликни юмшатиш мақсадида учрашув ўтказишади. Хитой томони ҳам учрашув ўтказилишини тасдиқлаган, шу билан биргаликда, Ҳиндистонни давлат чегараларни бузишда айблаган.

Хитой ТИВ расмийси Чжао Лицзянь сешанба кунги брифингда ҳиндистонлик ҳарбийлар душанба куни икки марта назорат чизиғини кесиб ўтишгани ва «иғвогарона ҳаракатларни амалга ошириб, хитойлик ҳарбий хизматчиларга ҳужум уюштиргани, бу икки томон ўртасида жиддий низога сабаб бўлгани» ҳақида гапирди.

ХХР ва Ҳиндистон ўртасида Кашмир шимолидаги тоғли ҳудуднинг бир қисми, шунингдек шимоли-шарқий Аруначал-Прадеш штатидаги қарийб 60 минг квадрат километр майдон кимга тегишли эканлиги билан боғлиқ азалий келишмовчилик мавжуд. Амалдаги назорат чизиғи Ладакҳ минтақасидан ўтади. 1962 йил кузда ушбу келишмовчилик чегара урушига айланиб кетган. 1993 ва 1996 йилларда ХХР ва Ҳиндистон ўртасидаги низоли жойларда тинчликни сақлаш тўғрисидаги келишув имзоланган.

Ўз навбатида Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги Хитойни ўтган ҳафтада эришилган, амалдаги назорат чизиғини ҳурмат қилиш бўйича келишувни бузишда айбламоқда. Ҳиндларнинг баёнотига кўра, «хитойликлар минтақадаги статус-квони бир томонлама тартибда ўзгартиришга уриниши шиддатли тўқнашувга сабаб бўлган».

Турли қисмлари Ҳиндистон, Покистон ва Хитой ўртасида талаш бўлган Кашмирдаги вазият сўнгги йилларда яна кескинлаша бошлади. Минтақада ҳарбийлар ва қуролланган гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар кўпайди, аммо ўнлаб йиллардан буён Хитой билан чегара чизиғида ҳарбийлар ўртасида тўқнашув кузатилмаганди. Бу чизиқ 1962 йилги зиддиятда Ҳиндистон мағлуб бўлганида тузилган сулҳ бўйича ўтказилган.

Қайд этиш керакки, май ойи давомида Ҳиндистон ва Хитой чегара ҳудудига қўшимча минглаб ҳарбийларини жойлаштира бошлаганди, расмий Деҳли ўз позицияси ҳақида яна бир бор эслатганди. Унга кўра, Хитой бу ҳудудда Ҳиндистоннинг 38 минг квадрат километр майдондаги ҳудудини эгаллаб олгани иддао қилинади.

2017 йилда можарога хитойликлар йўл қуриши сабаб бўлганди / PRESS INFORMATION BUREAU

6 июнь куни ўтказилган музокараларда томонлар вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга келишган ва икки томон ҳарбийлари ўз позицияларини тарк этишга киришганди.

Ушбу ҳудудда Ҳиндистон ва Хитой ҳарбийлари ўртасидаги сўнгги жиддий тўқнашув 2017 йилда  рўй берган, ўшанда хитойлик ишчилар Ҳиндистон ва Бутан чегарасини бузган ҳолда Доклам платосига йўл солмоқчи бўлишган, ўшанда ҳинд ҳарбийлари ишчиларни ҳайдаб юборганди. Бир неча ой давомида Ҳиндистон ва Хитой ташқи сиёсат идоралари масъулларининг маслаҳатлашувларидан сўнг Докламдаги кучларни тарқатиш бўйича келишувга эришилганди.

Таҳлил
Сутик Бисвас, BBC мухбири

Сўнгги ҳафта давомида ҳинд журналистлари икки томон ҳарбийлари зиддият ҳудудини тарк эта бошлагани, ҳукуматлар кескинликни йўқотиш учун иш олиб бораётгани ҳақида ёзишди. Шу туфайли ҳинд аскарлари ўлимига олиб келган шиддатли тўқнашув юз бериши кўпчилик учун кутилмаган ҳолдир.

Томонлар чегара ҳудудида сўнгги марта 1975 йилда ўт очишганди, ўшанда Ҳиндистон шимоли-шарқидаги Аруначал-Прадеш штати ҳудудида жойлашган довонда 4 нафар ҳинд аскари ўлдирилган.

Ҳозирда сўнгги тўқнашув ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун кўрилган чоралар ҳақида маълумотлар жуда кам.

Аммо оқибатлар қандай бўлмасин, бу воқеа Ҳиндистонда хитойларга қарши кайфият янада кучайишига олиб келади.

Бу шунингдек, ҳозирда коронавирусга қарши курашда ва иқтисодиётни тиклашда қийинчиликларга учраётган Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукумат учун ташқи сиёсатда жиддий синов бўлади.

Мавзуга оид