Жамият | 03:15 / 18.06.2020
14776
7 дақиқада ўқилади
Реклама

Сирдарёлик ўғил-қизлар “Истиқлол”да

Дунёга машҳур Алп тоғларидан-да бетакрор, табиати гўзал, иқлими мўътадил, баҳаво Зомин тоғлари бағрида жойлашган "Истиқлол"  болалар соғломлаштириш оромгоҳида айни пайтда “Сардоба” сув омбори ҳалокати натижасида жабрланган оилаларнинг фарзандлари дам олишмоқда.

Ҳукуматимиз томонидан Сардоба сув омбори ҳалокати жабрланувчиларига ҳар томонлама ёрдам беришга доир ташаббус “Олмалиқ КМК” АЖ раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, ушбу ташаббус доирасида Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган “Истиқлол” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам сирдарёлик болажонларнинг ёзги таътил мавсумида мароқли дам олишлари учун ҳозирланди. 2020 йил 12 июнь куни ушбу оромгоҳ 160 нафар болажонни қабул қилиб олди. Ахборот хизматининг ижодий гуруҳи 15 июнь куни мазкур оромгоҳга ташриф буюриб, болажонларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

-2020 йил 12 июнь куни 160 нафар 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган Сирдарёлик болаларни қабул қилиб олдик, - дейди оромгоҳ бошлиғи Дилором Усанова. - Болажонлар – “Элпарвар”, “Мард ўғлон”, “Ўзбегим қизлари”, “Зулфия издошлари”, “Ёшлик”, “Истиқлол”, “Юлдузча” ҳамда “Кичкинтой” каби отрядларга бўлинган ҳолда дам олишмоқда. Бу йил оромгоҳимиз “Ватанга муҳаббат, истиқлолга садоқат, миллий меросга ҳурмат” шиори остида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ҳозирги пандемия вақтида оромгоҳда қатъий карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда болажонлар учун 13 нафар малакали педагоглар жамоаси, 2 нафар шифокор ва 3 нафар ҳамширалар, 8 нафар етакчилар ҳамда қўриқлаш ташкилоти ходимлари хизмат қилиб келишмоқда.

Болажонларнинг оромгоҳда мазмунли ва мароқли ҳордиқ олишлари учун “Моҳир қўллар”, “Ёш табиатшунос”, “Инглиз тили”, “Маънавият ва маърифат дарслари”, “Бисер тўқиш”, “Расм чизиш”, “Ёш сухандон” каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Ҳар бир тўгаракка масофа сақлаган ҳолда 5 нафардан бола навбатма-навбат қатнашади. Бундан ташқари, ўзида 1300 дона бадиий адабиётларни жамлаган кутубхонамиз ҳам ҳар куни соат 9.00дан 18.00гача кутубхоначимиз Маҳбуба Ҳасанова бошчилигида болажонлар хизматида. “Ёш сухандон” тўгараги аъзолари томонидан ҳар куни радио орқали оромгоҳ янгиликлари, ватанпарварлик руҳидаги суҳбатлар олиб борилиб, шеърлар ўқилади.

Шунингдек, болажонларни соғломлаштириш мақсадида стол теннниси, футбол, баскетбол, волейбол, шашка, шахмат, бадминтон каби спорт тўгараклари ҳам ўз фаолиятини олиб боришмоқда.

Оромгоҳда болажонлар кун тартиби бўйича соат 7.00да уйқудан туришади ва бадантарбия машқларидан сўнг нонушта қилинади. Бош ошпаз Карина Филимонова бошчилигидаги қўли ширин ошпазлар Мавжуда Аҳмедова, Насиба Бойзоқовалар томонидан тайёрланаётган мазали таомлар болажонларга манзур бўлмоқда. Соат 13.00да тушлик, 16.00да алвон чой, 18.00да кечки овқат, 21.30да иккинчи кечки овқат берилмоқда. Гўшт ва сут маҳсулотлари ҳар куни янги келтирилади. Ошхонада тайёрланаётган таомларнинг сифати ҳар доим диет ҳамшира Маҳфуза Хидированинг диққат-эътиборида. Болажонларнинг таклифига кўра ҳам миллий овқатлар тайёрланмоқда.

Болажонларнинг соғлиги ҳар доим врач педиатр Фотима Исаева ва ҳамширалар Гулбаҳор Эрназарова, Шарофат Анорбоеваларнинг назоратида. 

Санитар қоидалар ва меъёрлар асосида ташкил этилган, бирламчи болаларни қабул қилиш куни оромгоҳнинг дезинфекцион йўлаклари орқали болажонлар киргизилиб, тана ҳароратлари ўлчанди. Болалар асосий ҳимоя воситалари бўлган тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминланди, -дейди Санитар эпидемолог Феруза Ўрозбоева. Барча отрядларга антисептик воситалар берилиб, улардан фойдаланиш жиҳозлари ўрнатилди. Оромгоҳнинг барча бино ва ҳудудларини профилактик дезинфекция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ошхона кунига 3 маротаба, болажонлар ётоқхоналари болажонлар бўлмаган вақтда кунига 2 маротаба, ҳожатхоналар, ювиниш хоналар кунига 3 маротабадан дезинфекция қилинмоқда. Шунингдек, фойдаланиб бўлинган тиббий ниқоб ва қўлқопларнинг утилизацияси ҳам амалга оширилмоқда.

Оромгоҳга ташриф буюрган кунимиз болажонлар учун “Хазинани топ” ўйини ташкил этилган экан. Ўйин давомида ўғил-қизлар 15та нуқтага яширилган калит сўзларни, излаб топиб, нуқтада ширинликлардан иборат хазинага дуч келишади. Болажонлар учун бу каби қувноқ ўйинлар, бошқотирмалар мунтазам ташкил этиб келинади. Улар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг беғубор боқишларидан миннатдорлик ҳиссини англадик.

-Мен синглим Дилафрўз билан оромгоҳга дам олишга келдим,-дейди Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 3-синф ўқувчиси Рухшона Абдуллаева. - Менга оромгоҳда яратилган барча шароитлар ёқди. Айниқса, турли хил тўгараклар, ташкил этилаётган саргузаштли ўйинлар, ошпаз опаларимиз тайёрлаётган мазали овқатлар, барчаси зўр. 

Оромгоҳ директори Ўрозбоқ Убайдуллаевнинг маълумотига кўра, 1976 йили бутун дунё географларининг халқаро анжумани бўлиб ўтади. Анжуманда 80га яқин давлатларнинг етакчи олимлари иштирок этади. Ўшанда европалик олимлар Зомин тоғларига ҳам ташриф буюришади. Тоғнинг ҳавоси, иқлими, гўзал табиати уларни лол қолдириб, ҳатто улар Зоминнинг Алп тоғларидан гўзаллигини эътироф этишган ҳолда, Зоминни Ўзбекистон Швейцарияси экан дея эътироф этишади.. 

-Зомин тоғларидаги баъзи арчалар бошқа жойларда учрамайди, -дейди биз билан суҳбатда Ў.Убайдуллаев. – Шунингдек, бу ерда эйфедра деган шифобахш ўсимлик ҳам ўсади. Ундан нафас йўллари касаллигига даво бўлувчи эйфедрин дориси тайёрланган. Ҳудудимизга кўпроқ астма касаллиги билан оғриган беморлар келишади. Зоминнинг фаунаси ва флораси ҳам жуда бой. 250га яқин доривор ўсимликлар ўсади. Нима учун арча бор жойда намлик яхши бўлади? Кун қанча исиса арча ўзидан шунча намлик чиқаради. Шунингдек, арча ўзидан инсон учун фойдали бўлган фитанцин моддасини ҳам чиқаради. Болаларимиз дам олаётган оромгоҳ ана шундай табиатнинг бетакрор бир гўшасида жойлашган. Ҳудудда 6-7та бир-бирини такрорламайдиган сойлар ҳам бор. Биз ҳозир Еттикечувсой деган жойда турибмиз. Зоминда яна табиатнинг тўрт фасли бир вақтда мужассам бўлган десам, муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, оромгоҳ ҳудудига яқинлашар эканмиз, ўзимизда бир таърифлаб бўлмас ажиб бир туйғуларни ҳис этдик. Ҳавонинг тозалиги, табиатнинг хушманзаралиги, оромгоҳ ҳудудига экилган турфа хил гуллар, чиройли тарзда шакл берилган арчалар кишига хушкайфият бағишлайди. Бугун сирдарёлик ўғил-қизлар мана шундай ажойиб соғломлаштириш масканида мароқли дам олишмоқда.

Шерзод Тиловбердиев,
Ахборот хизмати веб-муҳаррири

Реклама ҳуқуқи асосида

 

Мавзуга оид