Кўз остидаги кўкаришларни тез ва бутунлай йўқотишнинг йўли қандай?
Баъзан шунчаки етарли сув ичиш кифоя.
Кўз ости кўкариши сабаби нима?
Қуйида терини «кўкартириб» юборадиган омилларнинг энг кенг тарқалганлари келтирилган:
1. Чарчоқ, уйқусизлик
Қувват камайиши билан танадаги жараёнлар секинлашади. Натижада: тана фақат бир нарсани хоҳлайди – тикланиш учун ухлашга ётиш.
Қон секинроқ айланади, ҳаракати камаяди, қон томирлари кенгаяди. Кўз остидаги капиллярлар юзага яқин жойлашган. Кенгайган сари улар энг нозик тери остидан кўрина бошлайди. Шундай қилиб, кўкаришлар пайдо бўлади.
- Кўз соҳаси терисининг қалинлиги тахминан 0,5 миллиметрга тенг.
Қўшимча равишда: қон айланиши билан бирга лимфа чиқиши секинлашади. Шу сабабли шиш пайдо бўлади – кўз ости осилади.
2. Кўз чарчаши
Эҳтимол, монитор олдида жуда узоқ вақт ўтирган ёки диққат билан бирон бир матнни ўқиган бўлишингиз мумкин. Босим туфайли кўзлар остидаги қон томирлари яна кенгаяди ва тери орқали порлашни бошлайди.
3. Темир танқислиги камқонлиги
Анемия бу гемоглобин шунингдек ўпкадан орган ва тўқималарга кислород етказиб берувчи оқсил етишмаслигидир. Гемоглобин кислород билан алоқага киришиб ёрқин қизил тусга киради ва артериал қонга алвон ранг беради. Кислород чиқиши билан, гемоглобин тўқлашади, қон ҳам ўзгаради. Қўлдаги веналарингизга қаранг – улар кўкимтир тусда, уларда кислород камайган.
Гемоглобин яхши шаклланиши учун темир моддаси зарур. Агар танада унинг етишмовчилиги сезилса, қонда оқсил миқдори камаяди. Қолган гемоглобин кислородни тезроқ йўқотади. Натижада, томирлар тўқ кўк рангга эга бўлиб, биринчи навбатда, бу анемик кўкариш кўзлар яқинидаги нозик тери остида сезилади.
4. Сувсизланиш
Терига суюқлик етишмаса, у қуруқлашади ва нозиклашади. Кўз остида эса у одатда шаффоф пергаментга айланиб, остидаги капиллярларни яшира олмайди. Кўкаришлар юзага келади.
5. Аллергик реакциялар
Аллергияда кўзлар тез-тез қичишади ва ёшланади. Гистаминлар, яъни аллергенга қарши организм чиқарадиган тирнаш хусусиятига эга моддалар, томирлар кенгайишига олиб келади. Кенгайган томирлар эса кўрина бошлайди.
Кўзлар қашилганда аломатлар ёмонлашади. Ишқаланиш натижасида мўрт қон томирлари ёрилиб, майда кўкаришлар пайдо бўлади ва бу кўкаришни кучайтиради.
6. Ёш
Йиллар давомида тери намликни йўқотади, ингичкалашади. Шунинг учун, кўз ости соҳаси янада ажралиб кўрина бошлайди.
7. Генетик хусусиятлар
Баъзи одамлар туғилишдан жуда нозик терига эга бўлади ва кўз ости кўкаришлари уларни болаликдан таъқиб қилади. Баъзиларда эпидермис ёшга қараб жуда тез юпқалашади.
Агар яқин қариндошларингиздан бирида мунтазам равишда пастки қовоқ қора доиралари кўзга ташланса, сиз ушбу хусусиятни мерос қилиб олишингиз мумкин.
8. Чекиш, спиртли ичимлик истеъмол қилиш
Ушбу салбий одатлар терини нозиклаштириб, томирлар мўртлашади. Дарз кетган капиллярлардан чиққан қон ҳужайралари тери остида тўпланиб, оксидланади, тўқлашади ва кўк рангда порлайди.
9. Ошқозон-ичак касалликлари, заҳарланиш
Қусиш ва диарея туфайли тана кўп суюқлик йўқотади. Сувсизланишни бошланиши, ўз навбатида, қора доиралар пайдо бўлишига олиб келади.
10. Юрак-қон томир касалликлари
Бундай бузилишлар қон ҳаракати сусайиб (ёки тўхтаб) қолишига олиб келиши мумкин. Бу биринчи навбатда кўзлар остидаги нозик соҳада ўзини намоён қилади.
Уй шароитида кўз ости кўкаришларни қандай бартараф этиш мумкин
Бунда кўп нарса кўкаришлар пайдо бўлишининг асосий сабабига боғлиқ. Агар улар сиз қандай чарчашингиз, қанча миқдорда ухлашингиз, овқатланишингиз сифатидан қатъи назар мунтазам равишда пайдо бўлаётган бўлса, терапевтга мурожаат қилишдан тортинманг. Кўзлар остидаги қора доиралар юрак муаммоларининг биринчи аломати ёки камқонлик белгиси бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш жуда муҳимдир.
Агар кўкаришлар бир марталик бўлса, катта эҳтимол билан, ташвишланишга ҳожат йўқ. Улардан халос бўлиш учун турмуш тарзини бироз ўзгартиринг ва уй шароитида оддий усуллардан фойдаланинг:
1. Етарлича ухланг
Катталар учун уйқу меъёри кунига 7-8 соатни ташкил этади. Айнан шунча вақт ухлаш тана кучи тикланишига имкон беради. Шу билан бирга, қон айланишига ҳам.
Кичик лайфҳак: агар уйқудан турганда кўз ости осилишини сезсангиз, баландроқ ёстиқда ухлашга ҳаракат қилинг. Бу қон ва лимфа оқимини яхшилашга ёрдам беради.
2. Суюқлик ичинг
Кунига саккиз ёки ўн стакан сув ичиш мажбурий эмас. Фақат ташналикка йўл қўйманг. Чанқадингизми – ортга сурмай сув, чой, морс, шарбат ичинг. Шунингдек, сийдик рангини назорат қилишга ҳаракат қилинг. У рангсиз ёки оч сариқ рангда бўлса, сизда суюқлик билан муаммолар йўқ.
3. Тўлақонли овқатланинг
Сизнинг вазифангиз етарли гемоглобин даражасига эришишдир. Рационингизда қуйидаги модда ва озиқлар бўлиши лозим:
- темир (гўшт, балиқ, жигар, исмалоқ, товуқ тухуми);
- фолат кислотаси (барра кўкатлар, дуккаклилар, сарсабил);
- C витамини (цитрус мевалари, қулупнай, қора смородина);
- A витамини (жигар, треска балиғи жигари ёғи, исмалоқ, қовоқ).
4. Терини намлантиринг
Кўзлар остидаги энг нозик тери намлик етишмаслигидан биринчи навбатда азият чекади. Шунинг учун намлантирувчи воситалардан ҳеч бўлмаганда уйқуга кетишдан аввал фойдаланинг. Кремни енгил шапатлаш ҳаракатлари билан суринг – бу енгил массаж қон айланиши ва лимфа оқимини яхшилайди.
Иложи бўлса, ухланадиган ёки куннинг кўп қисми ўтказиладиган хонадаги намликни кузатиб боринг. Бу, айниқса, иситиш тизими ёқилган қиш мавсумида жуда муҳим.
5. Кўз остига совуқ компресс қўйинг
Бу кўкаришни тезда йўқ қилишга ёрдам берадиган экспресс-усул. 3-5 дақиқа давомида салқин сувда намланган пахта ёстиқчаларини ёки, масалан, ош қошиқни кўз ости соҳасига қўйинг. Совуқ ҳарорат қон томирларини торайтиради ва уларнинг тери остидан аниқ кўринишини тўхтатади.
6. Бодринг ёки қайнатилган чой пакетларини кўзларингиз остига қўйинг
Ҳа, бувиларнинг маслаҳатлари иш беради.
Бодринг – жуда кўп намликни ўз ичига олгани сабабли, кўз ости терисини жуда яхши намлайди. Бундан ташқари, у совуқ компрессга муқобил сифатида ҳам хизмат қилади.
Халтачали чой таркибида кофеин бор, демакки у қон айланишини яхшилай олади. Агар сиз чой халтачаларини олдиндан совутиб олсангиз, улар компресс ўрнини ҳам босади.
7. Аёллар консилердан фойдаланиши мумкин
Енгил макияж кўз ости доираларини йўқ қилмаса ҳам, уларни яширишга ёрдам беради.
Профессионал усуллар билан кўз остидаги кўкаришларни қандай бартараф этиш мумкин?
Агар қора доиралар юзага келиши сабаби генетик хусусиятлар ёки ёш бўлса, уларни ҳаёт тарзини ўзгартириш орқали енгиб бўлмайди. Бундай ҳолатда косметолог ёки дерматолог билан маслаҳатлашган маъқул. Шифокор шикоятларингизни тинглаб, текширув ўтказади ва унинг натижаларига кўра муаммони ҳал қилиш усулини таклиф қилади. Масалан:
- Очартирувчи крем. Таркибида гидрохинон, азелаин ва глеколь кислоталари мавжуд бўлган профессионал воситалар кўкаришдан халос бўлишга ёрдам беради.
- Кимёвий пилинг. Бундай муолажалар тери пигментацияси ва кўз ости доиралари сезилишини камайтиради.
- Лазер терапияси. Пигментацияни камайтириш ва тери тикланишини қўзғатишнинг яна бир усули.
- Қон плазмаси ёки гиалурон кислотаси асосидаги филлердан фойдаланиш. Бундай воситалар терига ингичка игна орқали киритилади ва терини янада зичроқ қилади.
- Блефаропластика. Кўпинча кўзлар остидаги доиралар фақат ёш ўтиши билан оғирлашган кўз қовоқлари бу соҳага соя солгани сабабли сезилиб қолади. Блефаропластика деб номланган пластик жарроҳлик кўз ости осилишларини олиб ташлайди ва кўз қовоқларини енгиллаштиради.
Қайси усулда тўхталишни фақат ўзингиз ҳал қиласиз. Албатта, шифокор билан маслаҳатлашгандан сўнг.
Мавзуга оид
21:30 / 20.12.2024
«Соғлом озиқ-овқат» таърифи янгиланди - энди у нимани англатади?
21:59 / 18.12.2024
Дунёдаги биринчи Fertilo бола туғилди
21:06 / 16.12.2024
Руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар пандемия даражасига етди – тадқиқот
15:14 / 13.12.2024