Жаҳон | 22:42 / 23.06.2020
14911
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг янги бош вазирига ниқобда бўлмагани учун жарима солинди   

Фото:kenesh.kg

Қирғизистон ҳукумати аъзолари, жумладан янги бош вазир Кубатбек Боронов собиқ бош вазир Муҳаммадкалий Абилгазиевни кузатиш вақтида гуруҳ бўлиб тушган суратлари эълон қилингандан кейин жаримага тортилдилар.  

Сурат 18 июнда Қирғизистон ҳукумати биноси ёнида олинган. Унда иштирокчилар ижтимоий масофага риоя қилмаган ва ниқобсиз ҳолда суратга тушишган. Ҳукуматнинг 124 аъзосидан фақатгина икки нафаридагина ниқоб бўлган.

Бишкек бўйича санитар-эпидемиологик назорат давлат маркази шу сабабли бош вазир, собиқ бош вазир ва ҳукуматнинг бошқа аъзоларига жаримага солган. Жумладан, бош вазир Кубатбек Боронов, бош вазир ўринбосарлари Аида Исмаилова, Акрам Мадумаров, Эркин Асрандиев, бўлимлар бошлиқлари, собиқ бош вазир Муҳаммадкалий Абилгазиев 5 минг сомдан (67 доллар) жаримага тортилган.

Қоидабузарларга, шунингдек, маъмурий баённомалар тузилган. Жарима уларнинг маошидан ундириб қолинади. 

Аввалроқ янги бош вазир ушбу ҳодиса учун узр сўраган ва ҳукуматнинг оддий ходимлари санитар қоидаларига риоя қилмагани учун жазоланмаслигига ваъда берган.  

“Қонунга кўра, мендан бошлаб, бош вазир ўринбосарлари, аппарат раҳбари ва собиқ бош вазир жарима тўлайди. Жарима аппаратнинг оддий ходимларига қўлланмайди, чунки бўлимлар бошлиқлари собиқ бош вазирни кузатиб қўйиш учун уларни иш жойларидан чақиртириб олишган. Шу сабабли улар жазоланмайди. Ишонтириб айтаман, ҳукумат аппаратининг барча ходимлари иш жойида ниқоб режимига қатъий амал қилмоқда. Яна бир бор узр сўрайман”, деб айтган Кубатбек Боронов.

15 июнда Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Муҳаммадкалий Абилгазиев радиочастоталарнинг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ можаро сабабли истеъфога чиққанди. Шундан кейин унинг ўрнига Кубатбек Боронов тайинланганди.

Мавзуга оид