Жамият | 18:56 / 30.06.2020
11441
18 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимовдан маҳорат дарси

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Лидерлар онлайн мактаби” ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа партия сафидаги аъзоларнинг 52 фоизини ташкил этувчи ёшларнинг етакчилик қобилиятларини рўёбга чиқариш, уларнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, партиянинг кадрлар ва депутатликка номзодлар захирасини ёшлар ҳисобидан шакллантириш ҳамда мамлакат сиёсий элитасининг янги авлодини тарбиялашга қаратилган.

Сиёсий таълим беришга ихтисослашган лойиҳа икки йўналишда: мансабдор шахсларнинг раҳбарлик тажрибасини кенг оммалаштиришга қаратилган онлайн очиқ мулоқотлар ҳамда видеодарслар асосидаги сиёсий ўқувлар шаклида ташкил этилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, унда нафақат мамлакатимиз давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари, балки хорижда фаолият юритаётган раҳбарлик лавозимидаги ватандошларимиз билан ҳам онлайн очиқ мулоқотлар ўтказилади.

Шу ўринда савол туғилади: Мамлакатимизда ҳокимлар мактаби борми? Депутатлар айнан қайси даргоҳдан етишиб чиқади?

Бу саволларнинг назарий асосини қонун ташкил этса-да, мазкур савол ўринли. Сабаби, кундалик ҳаёт сайловчининг талабларини қонун доирасида қондиришда демократиянинг нозири бўлган партия олдига муносиб номзодларни тарбиялаш борасида бир қатор вазифаларни қўяди. Бугун 150 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 8 мингдан зиёд маҳаллий Кенгаш депутатлари ёки 200дан зиёд туман-шаҳар ҳокимларининг иш самарадорлиги айнан шу омилларга боғлиқ эканига кўз юмиб бўлмайди.

Бундан ташқари, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ёш депутутларнинг сони атиги 2 фоизни ташкил этади. Партиядан сайланган маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг 2,8 фоизини 30 ёшгача бўлган депутатлар ташкил этмоқда.

Хўш, нима учун партия аъзоларида ёшлар қатлами етакчилик қилади-ю, ёш депутатлар сафида уларнинг сони кам?

Мамлакатимизда сиёсий ислоҳотлар шиддат билан олиб борилаётган айни пайтда “Ёшлар парламенти”нинг ташкил этилиши ҳам айни муддао бўлди. Бу борада партиянинг “Ёшлар қаноти” имкониятидан фойдаланиш сиёсий ислоҳотларнинг мағзини чақадиган, янги авлод кадрларини тарбиялаш борасидаги муҳим ташаббусдир. Чунки бу масала йиллар давомида пайсалга солиб келингани, ёшларнинг қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ташаббусларига эътибор хаминқадар бўлгани, бу вақтда эса дунё сиёсий тизимида сиёсий кучларнинг “Ёшлар қанотлар”ини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлари авж олгани бор гап. Қолаверса, парламентга йўл - парламент биносидан эмас, балки мактаб партасидан бошланишини дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибаси кўрсатиб турибди.

“Лидерлар онлайн мактаби” лойиҳасининг илк иштирокчиси Самарқанд вилояти ҳокими, сенатор, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси Эркин Турдимов бўлди.

Мазкур онлайн учрашувда Эркинжон Турдимов ёшларнинг саволларига жавоб берди.

“Аёл раҳбар алдамайди”

Л. Муҳитдинова, ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши “Аёллар қаноти” етакчиси: “Раҳбарнинг жинси борми, яъни сизнингча, раҳбар эркак киши бўлиши керакми ёки аёл, аёлларнинг ҳоким лавозимида фаолият юритишига қандай қарайсиз?”

Э. Турдимов: Аввало, қўлидан келган одам раҳбар бўлиши керак, деб ўйлайман. Раҳбарликда жинсга қарамаслик керак. Агар эпласа, аёл киши ҳам раҳбар бўла олади. Агар биз аёл киши, эркак киши, деб ажратсак, жамиятда адолатсизлик юзага келади. Қолаверса, бугун давлат сиёсати гендер тенглигини таъминлаш масаласини кун тартибига қўйган. Ўйлашимча, аёл раҳбар бўлса, яхши. Амалиётдан маълумки, аёл алдамайди, тўғрисини айтади-қўяди. Мен аёл раҳбарларни қадрлайман.

А. Акбаров, ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси: “Замонавий раҳбарда қандай хусусиятларни қадрлайсиз?”

Э. Турдимов: Умуман олганда, кейинги пайтларда “замонавий раҳбар” тушунчаси урфга айланяпти. Аммо раҳбарлар доимо бир хил бўлиши керак, деб ўйлайман. Замонга қараб ҳаётда ўз ўрнини топиши учун ҳамма раҳбарлар замон талабларини сеза олиши керак. “Замонавий” дегани ўзи нима?

Ҳамма замонда қуйидаги сифатлар раҳбар учун муҳим:

- биринчидан, етакчи бўлиши шарт;

- иккинчидан, ташкилотчи ва адолатли бўлиши шарт.

Агар етакчилик ва ташкилотчилик бўлмаса, бу ҳам қийин. Раҳбар ҳамма соҳада чуқур мутахассис бўлмаслиги мумкин, бунинг имкони ҳам йўқ, аммо у ташкилотчи бўлса, адолатли бўлса, унинг етакчилик қобилияти етарли бўлса, ўша ташкилотда, ҳудудда иш яхши йўлга қўйилади.

Шунинг учун ана шу каби шахсий фазилатлари борларни раҳбар этиб тайинлаш керак. Раҳбар ақлли бўлиши билан бирга фаросатли бўлиши даркор. Чунки ақл билан фаросатда гап кўп. Фаросатли одамларни кўпроқ раҳбар қилиш керак.

“Ҳокимларни сайлаш борасидаги фикрим ижобий”

М. Холбеков, ЎзМТДП Жиззах вилояти кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси: “Баъзи бир раҳбарларнинг партияга аъзолиги тез-тез алмашиб туради. Сиз туман ҳокими бўлгандан буён “Миллий тикланиш” партиясидасиз. Айнан нега “Миллий тикланиш” партиясини танлагансиз, шу билан бирга, яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган ҳокимларни сайлаш масаласига қандай қарайсиз?”

Э. Турдимов: Мен Ўзбекистон “Фидокорлар” миллий демократик партиясига аъзо бўлганман. Кейинчалик “Фидокорлар” партияси “Миллий тикланиш” билан бирлашди. Лекин ҳозиргача партияни алмаштириш масаласини ўйламаганман. Бунақа фикр хаёлимга ҳам келмаган.

Мен учун партия ўз йўлига, иш ўз йўлига. Ҳокимликка сайлангандан кейин, албатта бетараф позицияда бўлиш керак. Шунинг учун ҳам иложи борича мана шу иккита масъулиятли ишни бир-бирига аралаштириб юбормасликка ҳаракат қиламан.

Ҳокимларни сайлаш керак. Бир кун келиб шунга эришамиз ҳам. Лекин айни вақтда “Сайловчилар шунга тайёрми?” деган масала ҳам бор. Бугунги сайловларимиз шуни кўрсатиб турибдики, айрим ҳолларда аҳоли маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчиликка берилиб иш тутади. Шу нуқтаи назардан, биз бу масалани икки томонлама обдон ўрганиб, кейин бир қарорга келишимиз керак. Менинг ҳокимларни сайлаш борасидаги фикрим ижобий. Ўзимга ҳам бу тўғрисида саволлар келиб тушган, ҳеч қачон бунга қарши чиқмаганман. Ўйлайманки, бу вақт ҳам келади. Ҳокимларни халқ сайласа, ҳокимларнинг ўзига ҳам яхши: унда мустақил қарор қабул қилиш учун имкониятлар кенгаяди ва халқ олдида масъулияти ошади. Чунки у ижро ҳокимияти олдида эмас, балки кўпроқ ўзини сайлаган ҳудудига ҳисобдор бўлади. Бирор қарор қабул қилишдан олдин у ўзини сайлаган аҳоли фикрини ўрганади ва унга таянади.

“Ота-онам – биринчи устозим”

М. Аҳмедов, ЎзМТДП Тошкент вилояти кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси: “Сиз бугунга қадар учта вилоятда ҳоким бўлдингиз, шу даражага эришишингизда сизга кимлар устозлик қилган? Миллий анъанамиз бўлган “устоз-шогирд” мактабига қандай муносабатдасиз? Сизнинг ҳам шогирдларингиз борми, бор бўлса, санаб ўтсангиз?”

Э. Турдимов: Иккинчи саволдан бошласам. Устоз-шогирд анъанасини қўллаб-қувватлайман. Мана ҳозирги “Лидерлар онлайн мактаби” ҳам қайсидир маънода устоз-шогирд анъанасини ёдга солади. Кимдир ўзига сабоқ олиб, кимнидир устоз деб билиб, ўша инсонга тақлид қилиб ўрганишга ҳаракат қилади. Умуман, ўз-ўзидан бир мутахассис ёки етук бир шахс шаклланмайди. Унга кимдир устозлик қилади. Нафақат бир киши, балки ўнлаб, балки юзлаб инсонлар унга устозлик қилади. Кимлардир кўришмасдан ўшандай инсонларнинг китобларини ўқиб, фикрларини ўзига жамлаши мумкин. Шу нуқтаи назардан, устоз-шогирд анъанаси жуда ҳам яхши. Устоз-шогирд бўлмайдиган бўлса, жамият ривожланмайди.

Жамият нима учун ривожланяпти? Устоз-шогирд анъаналарига содиқ бўлгани учун ривожланяпти. Зеро, устоз илмнинг элчиси, улашувчиси. Илм эса таррақиётнинг асоси. Қаерда илмга асосланган ишлаб чиқариш бўладиган бўлса, бугунги кунда ўшаларнинг маҳсулоти ўтяпти, ўшалар ривожланяпти. Илмга асосланган давлатлар ҳам халқини рози қилиб, катта ишлар қиляпти. Шунинг учун ҳам устоз-шогирд анъаналари жуда керакли йўналиш, уни ривожлантириш зарур. Шу билан бирга, менинг шаклланишимга биринчи навбатда, ота-онам сабабчи бўлган, деб баралла айтишим керак.

Шогирдларимни номма-ном айтиб ўтсам, бу тўғри бўлмайди. Агар фаолиятим давомида мен билан бирга ишлаган инсонлар ўзлари мени устоз, деб билишса, жуда хурсанд бўламан.

З. Алланов, ЎзМТДП Самарқанд вилояти кенгаши фаоли:Маълумки, партия ташаббуси билан Самарқандда ва бошқа ҳудудларда тарбияси оғир, алоҳида шароитларда таъминлаш ва тарбилашга ихтисослашган махсус мактаблар фаолияти ўрганилган эди. Шулардан бири Самарқанд шаҳрида жойлашган мактаб. Бу бўйича сиз ва партиямиздан сайланган депутатлар томонидан ҳам ўрганиш ташкил этилганди. Кейинчалик бу борада президент қарори қабул қилинишига эришилди. Ҳозирги кунда мазкур мактаб ва уларда тарбияланаётган болаларнинг аҳволи ҳақида қисқача маълумот берсангиз”.

Э. Турдимов: 2018 йил август ойларида Самарқанд шаҳридаги тарбияси оғир болалар ўқийдиган 64-махсус мактаб интернати, у ердаги мактаб директори ва тарбиячиларнинг ўқувчиларга нисбатан меҳнат қонунини бузаётганлиги, боз устига жисмоний ва руҳий томондан тазйиқ ўтказаётганлиги тўғрисида масалалар бўлганди. Шу масалалар ўрганилиб, ҳаммаси жой-жойига қўйилди. Умуман, 64-сонли махсус мактаб интернати фаолияти тўхтатилди. Болаларнинг ҳаммаси ота-оналар қарамоғига қайтарилди, шу билан бир қаторда жойлардаги профилактика ходимлари ва маҳаллаларнинг бу борадаги масъулияти оширилди. Ҳокимликдаги вояга етмаганлар комиссиясига ҳам зарур топшириқлар берилди.

Ҳозир улар билан мунтазам равишда мулоқот олиб бориляпти. Доимий назорат, ота-онаси ҳамда жамоатчилик таъсири билан ижобий тарафга ўзгариш бошланди. Бу масала доим масъуллар назоратида.

Бундан ташқари, меҳрибонлик уйларида ҳам битирувчиларни уй-жой билан таъминлаш масалалари бор, биз бу борада Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритдик. Ижтимоий ҳимояланмаганлиги сабабли меҳрибонлик уйлари битирувчилари кўчада қолиб кетяпти, уй-жойи йўқ, ҳеч кими йўқ. Уларни уй билан таъминлаш, бюджет параметрларига улар учун алоҳида маблағ киритиш масаласини киритганмиз ва ўзимиз қараб турмасдан жорий йилда уй-жойи йўқ 20 нафар ёшларимизга уй учун бир миллиард 254 миллион сўм бошланғич бадалини ўзимиз тўлаб, Самарқанд шаҳар Қорасув массивида ажратилган уйлардан жой бердик. Ҳозирда уларни иш билан таъминлаш чораларини кўряпмиз. Ахир уйнинг қолган тўлови фоизи ҳам бу борада чора-тадбир белгилашни тақозо этади. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати дастури доирасида уларни алоҳида назоратга олганмиз. Бундан ташқари, кўзи ожизлар бор, улар билан ишлашда Япониядан Брайл алифбосини 260 миллион сўмга сотиб олиб келтириб берилди. Каттақўрғон шаҳрида уларга алоҳида кутубхона қуриб бериш масаласи бўйича иш олиб бориляпти, бу ҳам 6 ой ичида тўлиқ битириш бўйича якуний ечимини топади. Бу йўналиш бўйича қилинаётган ишлар кўп, имконияти чекланган ва тарбияси оғир бўлган ёшлар билан шуғулланиш устувор вазифа, деб қараш керак. Фурсатдан фойдаланиб вилоятимиздаги барча раҳбарлардан бу борада масъулиятли бўлишини сўраб қолардим.

 

Самарқандни сув босганда ...

Э. Ғайбуллаев, ЎзМТДП Сирдарё вилояти кенгаши фаоли: “Меҳнат фаолиятингиз давомида сиз тушиб қолган энг қийин вазият? Ушбу вазиятдан қандай чиқиб кетгансиз? Мазкур саволга амалиётдан аниқ мисол билан жавоб берсангиз”

Э.Турдимов: Қийин вазиятлар ҳаммада ҳам бўлади. Мисол айта олмайман. Аммо шундай вазиятда бор ҳақиқатнинг юзига қараб, тўғрисини тан олиб, қила оладиган ишни айтадиган бўлсак, одамлар биз билан муроса қилади. Агар алдайдиган бўлсак, ўша ердан кетиш мумкин. Аммо барибир орқадан гап бўлади. Шунинг учун ҳам муаммони ўзимиз ҳал қиладиган бўлсак яхши, аммо бу масала республика даражасида бўлса, унда шунга қараб ишни ташкил қилиш лозим. Шунинг учун ҳам ҳар қандай муаммоли масала бўйича жойида ҳақиқатни тан олинса енгил кўчади.

Шу ўринда бир мисол. Ҳамманинг хабари бор, Самарқанд шаҳрини ҳар баҳорда, кузда сув босади. Бу ҳолат эскитдан бор эди. Об-ҳаво (айниқса баҳорда) инжиқликлари, жойнинг рельефи бунга таъсир кўрсатади. Жорий йилда ҳам кўп ёғингарчилик бўлди. Май ойида ёғингарчилик меъёридан қарийб уч баробар кўп бўлди. Интернет тармоқларида Самарқандни сув босганлиги, ҳаттоки қайиқда сузиш мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилди. Шундан сўнг бир учрашувимизда менга аниқ савол беришди: “Биз қачонгача сув остида қоламиз? Бизга аниқ жавоб беринг”

Қандай аниқ жавоб бериш мумкин, сувда қолмаймиз десак нотўғри бўлади ва бунга жуда катта маблағ сарфланади. Шунда мен айтдим: биринчидан, бу муаммога биз ҳам айбдормиз, чора-тадбир кўрмаганимиз учун. Иккинчидан, аҳоли ҳам айбдор. Чунки чиқиндини сувга ташлаган, натижада тиқилиб қолиб, шу вазиятга сабабчи бўлган. Уйларини ҳам ноқонуний қуриб олган. Давлат кўпчилигига ҳужжатлари ноқонуний бўлса ҳам уйларини қонунийлаштириб берди. Айримлар каналнинг устига уй қуриб олган, уй қурганлар бунинг ноқонуний эканлигини билмагандир, маҳаллий ҳокимият вакиллари, яъни кадастрлар уларга кадастр ҳужжатларини тайёрлаб берган. Энди бу уйларни бузайлик десак, компенсация пули тўлаш керак. Бузмайлик десак, сув остида қолиб кетади.

Шунинг учун одамларга бу мураккаб вазиятни айтдик ва келгуси йили албатта натижасини сезасизлар, деб ваъда бердик. Шундан кейин Сиёб ҳамда Чашма каналини, шаҳардаги 82 км узунликдаги канал ва ариқларни тозалаш ишларини бошлаб юборганмиз. Шунингдек, кўплаб ноқонуний қурилмаларни олиш, янги-янги тармоқларни тортиш учун катта дастур қилганмиз ва шу бўйича иш олиб борилади. Шу масала бўйича бизга қўшилиб ёрдам берувчилар кўпайди, шу билан вазиятдан чиқдик ва ўзимизга катта масъулият олдик. Худо хоҳласа, кузда Самарқанд шаҳрида тошқинлар бўлмаслигига кафолат бермаймиз-у, лекин вазият анча барқарорлашади ва яхшиланади.

Шундан сўнг онлайн очиқ мулоқотнинг энг қизғин палласи бошланди. Яъни модератор томонидан вилоят ҳокимига республика ёшларидан тақдим қилинган умумлаштирилган саволлар асосида тайёрланган қисқа саволлар йўлланди.    

Модератор: Ёшлигингизда ўқиган илк китобингиз ва ҳозирда энг сўнгги ўқиган китобингиз қайси?

Ҳоким: Илк ўқиган китобимни эслашим қийин. Энг аввало, эртак китоб ўқиганман. Охирги ўқиган китобим ёзувчи Ювал Ноа Ҳарарининг “XXI аср учун 21та сабоқ” номли китоби. Уни бошқаларга ҳам тавсия қиламан, бугунги кундаги реал ҳолатлар ва фактлар билан ёзилган асар.

Модератор: Сиз ҳавас қиладиган энг яхши лидер?

Ҳоким: Умуман олганда, ҳар битта раҳбарнинг тўғридан-тўғри раҳбари бўлади. Ҳокимларнинг тўғридан-тўғри раҳбари бу - Ўзбекистон Республикаси президенти ҳисобланади. Албатта, уларни мен ўзим ҳавас қиладиган лидер деб биламан. Шавкат Миромонович раҳбарлигида жуда катта, кенг қамровли ишлар олиб бориляпти. Интернет тармоқларида ҳам ўқиш мумкин. Шунга қарасангиз, бунга бутун дунё тан беряпти. Бундай раҳбар билан бу шароитда ишлаш учун жуда қаттиқ меҳнат қилиш керак. Эски тизимдан қолиб кетган камчиликлар кўп. Буларнинг ҳаммасини зўр қила олганимиз йўқ. Лекин қилинаётган ишлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар жуда катта.

Модератор: Яхши кўрган миллий мусиқангиз?

Ҳоким: Дилхирож.

Модератор: Агар имконият бўлса, қайси тарихий шахс билан суҳбатлашган бўлардингиз?

Ҳоким: Бунинг имконияти йўқ.

Модератор: Қайси спорт турига қизиқасиз?

Ҳоким: Футболга қизиқаман.

Модератор: Ўзбекистондаги қайси маданий мерос объектига оилавий боришни таклиф этасиз?

Ҳоким: Самарқандга, самарқандлик бўлганим учун Шоҳизинда мажмуасига келса, одам руҳан енгил бўлади. Жуда улуғвор жой, деб ҳисоблайман. Яна менга ёқадиган жой Хоразм, Хива, Ичан қалъа. Менга жуда ёқади, кўпчиликка шу икки объектга боришни тавсия қиламан.

Модератор: Сиз ёқтирган энг яхши миллий ва жаҳон киноси?

Ҳоким: Миллий кинолардан “Маҳаллада дув-дув гап”. Неча марта кўрсангиз ҳам кўргингиз келади. Жаҳон киносидан “Кавказ асираси”, “Шурикнинг саргузаштлари”. Бу фильмлар ҳам ўлмас асарлар ҳисобланади.

Модератор: Муҳаббатга ишонасизми?

Ҳоким: Ишонаман.

Республика ёшларига тилакларингиз?

Ҳурматли ёшлар, сизларни “Ёшлар куни” билан чин қалбдан табриклайман. Илоҳим, сизни яхши кўрган инсонлар бахтига омон бўлинглар. Сизни ҳеч қачон омад тарк этмасин. Доимо ҳаётдан унумли фойдаланиб, эртага “эҳ, аттанг”, деган сўзни ишлатмаслигингизга тилакдошмиз. Ота-онангиз, яқинларингиз бахтига омон бўлинг!

ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи Дониёр Тошбоев тайёрлади

Мавзуга оид