Ўзбекистон | 08:14 / 03.07.2020
7915
5 дақиқада ўқилади

«Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Қонуннинг мақсади риэлторлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси янги таҳрирда эълон қилинди.

Риэлторлик фаолияти - бу юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятидир.

Кўчмас мулк бозорида кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ бўлган риэлторлик ташкилотлари фаолияти ягона электрон мультилистинг тизимида (ЯЭМТ) амалга оширилади.

Риэлторлик ташкилотларининг ЯЭМТга кириши риэлторларнинг жамоат бирлашмасига аъзо бўлиш орқали таъминланади.

Жамоат бирлашмасига аъзолик аъзолик тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.

Риэлторларнинг жамоат бирлашмасига аъзо бўлиши ЯЭМТда фаолиятни амалга ошириш учун мажбурий шарти ҳисобланади.

Риэлторлик ташкилоти тижорат ташкилотидир.

Риэлторлик ташкилоти қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Риэлторлик ташкилоти штатида риэлторнинг малака сертификатига эга бўлган камида икки нафар ходим, шу жумладан риэлторлик ташкилотининг раҳбари бўлиши керак.

Риэлторлик ташкилоти ЯЭМТда кўзда тутилган фаолият турларини фақат унга берилган рейтинг асосида амалга ошириши мумкин.

Риэлторлик ташкилоти риэлторлик фаолиятидан ташқари бошқа фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

Риэлторлик ташкилоти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.

Риэлторлик ташкилоти ўз фаолиятини риэлторлик ташкилотининг устав капитали миқдоридан кам бўлмаган миқдорда фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полиси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширади.

Риэлтор малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахсдир.

Риэлтор меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида фақат битта риэлторлик ташкилоти билан ишлаши мумкин.

Риэлтор қонунчиликка мувофиқ риэлторлик ташкилоти олдида сифатсиз риэлторлик хизматларини кўрсатиш, тижорат сирларини ошкор этиш ва риэлторлик ташкилотига зарар етказадиган бошқа ҳаракатлар натижасида етказилган зарар учун жавобгардир.

Давлат ва жамоат органлари риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли органлар ҳисобланади.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи:

риэлторлик фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида риэлторлик фаолияти соҳасидаги халқаро ташкилотларда давлат номидан иш кўради;

ўз ваколатлари доирасида риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи норматив - ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлайди;

ишчи органнинг иш тартиби ва регламентини белгилайди;

риэлторлар жамоат бирлашмалари иштирокида малака имтиҳонини ўтказади;

риэлторнинг малака сертификатининг шаклини тасдиқлайди, шунингдек, риэлторнинг малака сертификатини беради, қайта расмийлаштиради, унинг муддатини узайтиради ва тугатади;

риэлторларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда риэлторлар учун малака оширишнинг ягона дастурини тасдиқлайди ва унинг бажарилишини назорат қилади;

риэлторлик ташкилотининг ходимларига, шу жумладан раҳбарига ва малака сертификатини олиш учун даъвогарларга малака талабларини белгилайди;

малака сертификатини беради, унинг амал қилишини тугатади ва уни бекор қилади;

риэлторларнинг реестрини юритади;

ЯЭМТ дастурий комплексининг ахборот тизимини ривожлантиришни таъминлайди;

жиноий фаолиятдан топилган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя этилиши учун жавобгар бўлган риэлторлик ташкилотлари ходимларининг рўйхатини шакллантиради.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли жамоат органи риэлторлик ташкилотларининг жамоат бирлашмаси ҳисобланади.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли жамоат органи:

келгуси йил учун иш режасини давлат органи билан келишади;

жамоат бирлашмаси аъзолари билан риэлторларнинг малакасини ошириш курсларининг ӯқув дастурини келишиб олади;

таълим муассасалари билан биргаликда риэлторларни тайёрлаш бўйича ӯқув дастурини ташкил этади;

таълим муассасалари билан биргаликда келгуси йилда риэлторларнинг малакасини ошириш курсларининг ӯқув дастурларини ташкил этади;

янги аъзоларни қабул қилади;

риэлторлик ташкилотлари томонидан жамоат бирлашмасига аъзо бўлиш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

жамоат бирлашмасида аъзоликни тўхтатади, қайта тиклайди, тугатади.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли жамоат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Мавзуга оид