Ўзбекистон | 16:39 / 06.07.2020
51309
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 43 ёшли бемор коронавируснинг навбатдаги қурбонига айланди

Тошкентда 2 июль куни коронавирус аниқланган 43 ёшли бемор бугун оламдан ўтди. У Ўзбекисонда коронавируснинг 36-қурбони бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Учтепа туманида яшовчи А. (эркак киши) бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, уй шароитида даволаниб юрган.

Жорий йил 2 июль куни Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида тиббий кўрикдан ўтган ва текширув натижасига кўра, пульмонолог тавсиясига асосан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига юборилган.

43 ёшли беморга «Икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 2-даража, семизликнинг 3-даражаси» ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлари томонидан доимий назоратга олинган.

Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бугуннинг ўзида ҳозирча икки ўлим ҳолати қайд этилди. Бунгача Тошкентда 1 июль куни коронавирус ташхиси билан шифохонага ётқизилган 67 ёшли эркак оламдан ўтгани хабар қилинганди.

Ҳозиргача Тошкентда 22, Наманганда 4, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона ва Қашқадарёда биттадан ўлим рўй берди.

 

Мавзуга оид