Жаҳон | 16:43 / 15.07.2020
46478
11 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги вазият: шифохоналар тўлиб-тошган, дори-дармон танқис

Нур-Султонда яшовчи 38 ёшли Аида Жексен шифохонанинг қабул бўлимида ўтириб, ўлим ҳақидаги хаёлларни миясидан чиқаришга уринади. Унда коронавируснинг типик белгилари кузатилмоқда - нафас қисиши, ҳолсизлик ва юқори ҳарорат. Уч соат давомида унга ҳеч ким қарамаган. Бу унинг шифохонага жойлашиш учун иккинчи уриниши. Бир кун олдин тинимсиз қўнғироқлардан сўнг уни тез ёрдам стационарга олиб келган, лекин қабул қилишмаган. Бўш жой йўқ.

Фото: Reuters

«Мени бир амаллаб палатага жойлаштиришди, аввалига йўлакка ётқизишмоқчи эди, чунки барча жойлар тўлган. Одамлар йўлакларда ётибди. Ҳатто каравотларда эмас, кушеткаларда», - дея эслайди Жексен.

Қозоғистонда кундан кунга Covid-19 тарқалиши авж олмоқда. «Ҳозир биз уруш ҳолатидамиз», дея вазиятга баҳо берганди мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматнинг жума кунги йиғилишида.

Июль ойи бошида Қозоғистонда вазият ёмонлашгани туфайли қайта карантин жорий этилди. 13 июль куни эса мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар хотираси учун мотам куни эълон қилинди. BBC Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатидаги вазият ҳақида материал тайёрлади.

Душанба куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва ҳукумат аъзолари ижтимоий масофа сақлаган ҳолда пандемия қурбонларини хотирлади

Қозоғистонда ҳақиқий иккинчи тўлқин

Қозоғистон иккинчи марта бутун мамлакат бўйлаб қатъий карантин чоралари жорий этган дунёдаги илк мамлакат бўлди.

5 июль кунидан шаҳарларда жамоат транспорти ҳаракати чекланди, фуқароларга кўчада 3 кишидан кўп бўлиб юриш тақиқланди. Шунингдек, гўзаллик салонлари, кафе ва ресторанлар, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган дўконлар, спорт муассасалари ва савдо марказлари ёпилди, оммавий тадбирлар ўтказилишига рухсат йўқ. Карантинни бузганларга йирик жарималар солинади.

Шу билан бирга, халқаро авиақатновлар тўхтатилмаган, ҳудудлар орасида эркин ҳаракатланиш мумкин.

Бутун республика бўйлаб тўлиқ карантин жорий этилиши ҳақида мамлакат президенти Қосим Жўмарт-Тўқаев 1 июль куни твиттери орқали эълон қилганди. У акс ҳолда август ойида бир кунда қайд этиладиган ҳолатлар сони 27 мингга чиқиши хавфи борлигини маълум қилганди.

Қозоғистонда аввалги карантин 16 мартдан 11 майга қадар амалда бўлганди. Янгиси ҳозирча икки ҳафтага жорий этилган. Аммо Қозоғистонда карантин чоралари юмшатилишни бошланганидан буён касалланиш ҳолатлари сони 5 баробардан кўпроқ ўсди - 9 мингдан 49,6 мингга. Айни вақтда шифохоналарда даволанаётганлар сони (актив кейс) 20 мингга яқинлашган. 11 майгача 32 ўлим қайд этилган бўлса, ҳозирга келиб бу сон 264тага етган.

Мамлакатда 2 июлдан янги ҳолатлар сони кескин ўсиб кетди - 1 июль куни 944 кишида касаллик аниқланган бўлса, бир кун ўтиб бу миқдор 1509тага етди. Кейинги 4 кунда ҳам кунлик ўсиш 1400-1600 орасида бўлмоқда.

Карантин чоралари 1 августгача жорий этилган, зарурат бўлса карантин яна узайтирилади.

Қозоғистонликлар коронавирус тестлари барча касалларни аниқламаяпти деб ҳисобламоқда Фото: Reuters

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 63,5 мингдан ошган (сўнгги  бир кунда 1759та янги ҳолат), 375 киши коронавирус қурбони бўлган, сўнгги 5 кунда жами 111 ўлим қайд этилган. Аммо ҳақиқий рақамлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Масалан, коронавирусга тестдан манфий натижа олинганда, пневмония ҳолатларини коронавирусдан алоҳида ҳисоблаш амалиёти мутахассисларда саволлар пайдо қилмоқда.

Расмийларнинг маълум қилишича, йилнинг 6 ойида пневмония ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55 фоизга кўп бўлган ва қарийб 100 минг ҳолатга тенг бўлган. Бу вақтда Хитойнинг Қозоғистондаги элчихонаси баёнот билан чиқиб, хитойликларни Қозоғистонда «коронавирусдан ҳам хавфлироқ» номаълум пневмония тарқалгани тўғрисида огоҳлантирди.

Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Қозоғистонда тарқалган «номаълум» пневмония коронавирус бўлиши мумкинлигини маълум қилди. ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райаннинг фикрича, мавжуд ҳолатларда «шунчаки нотўғри ташхис қўйилган».

Унинг қўшимча қилишича, ЖССТ Қозоғистон ҳукумати билан биргаликда касаллик коронавирус белгиларига мос келиш-келмаслигини ўрганиш мақсадида пневмонияга чалинганларнинг рентген тасвирларини текширмоқда. «Соғлиқни сақлаш органлари сохта салбий тестлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида ўтказилган тест ҳамда синовлар сифатини текширади», деган Райан.

Аида Жексеннинг коронавирусга топширган биринчи тести мусбат натижа берган, аммо бир ҳафта ўтиб - манфий.

«Мен шифокорлардан нега бундайлигини сўрадим, уларнинг айтишича, биринчи кунларда бурун ва томоқдан суртма олишган ва вирус ўша жойда бўлган. Кейин инфекция ўпкага тушади, иккинчи намуна балғамдан олиниши керак, лекин яна бурун ва томоқдан олинади, бу вақтда у ерда вирус қолмаган бўлади. Шунинг учун, пневмонияга чалинганларда манфий натижа чиқмоқда, чунки тиббий ходимлар балғамдан намуна олишни исташмаяпти», дейди бемор.

Коронавирусга топширган тести натижаси манфий чиққан, лекин пневмонияга чалинган тиббиёт ходими Гулянинг (исми илтимосига кўра ўзгартирилган) сўзларига кўра, ҳукумат коронавирус беморлари сонини камайтириб кўрсатиш учун статистикани турли тоифаларга ажратмоқда.

«Улар касалланиш ҳолатлари сони бўйича биринчи ўринда бўлишимизни исташмайди, тамом вассалом. Уларга фарқи йўқ […] Ахир коронавирусга қарши курашишдан кўра, статистикани ўзгартириш осонроқ», дея фикрини билдирган у.

Аммо бу статистика ўйинлари туфайли одамлар жабрланмоқда, дея хавотирини билдиради Гуля. Унинг компьютер томографияси ковид белгиларини кўрсатганига қарамай, унга шифохонага ётишга ҳожат йўқлигини айтишган.

Натижада беморлар зарур тиббий ёрдамларни ололмаяпти.

Бир неча ой олдин мамлакат аҳолиси пандемияга ишонқирамай қараган бўлса, бугунги кунда вазият тубдан ўзгарган. Чатлар ва ижтимоий тармоқлар қаерда дори-дармон сотиб олиш ёки компьютер томографияси қилдириш мумкинлиги ҳақидаги муҳокамалар билан тўлган. Кимдир осма укол тавсия қилади, кимдир иссиқ ўлчагич излайди. Дексаметазон, сатурация ёки ПЗР (полимераз занжир реакцияси) каби дорилар ва тиббий атамалар - кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган.

Қозоғистондаги дорихоналар олдида узун навбатларни кўриш мумкин Фото: Reuters

Одатий дорилар, масалан, парацетамол, бугунги кунда бутун Қозоғистон бўйлаб дефицитга айланган. Кўнгиллилар томонидан олиб борилган таъминот бўйича мониторинг шуни кўрсатдики, Олмаота областидаги кўплаб дорихоналар бир ойдан бери коронавирусдан даволашда қўлланадиган дориларни қабул қилишмаган, ҳолбуки бундай дорилар омборхоналарда сақланмоқда.

Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев текширув ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди, давлат тиббий муассасаларини жиҳозлаш ва дори-дармон етказиб бериш, шунингдек, мамлакатга кириб келаётган инсонпарварлик ёрдамларини тарқатишга масъул бўлган «СК-Фармация» компанияси раҳбариятини ишдан бўшатди.

Оғир аҳволдаги беморлар кўпайиши туфайли шифохоналарда жой қолмаган. Икки кунлик даволанишдан кейин Аида Жексенни вақтинча стационарга ўтказишган - бундай тиббий марказлар касалланганлар билан алоқада бўлганларни карантинда сақлаш учун ташкил қилинган.

Нур-Султондаги беш юлдузли «Рамада Плаза» меҳмонхонаси ҳам карантин учун қайта жиҳозланиб, вақтинчалик стационарга айлантирилган.

«Ҳар бир хонада 4-5тадан темир каравот жойлаштирилган. Биринчи куни даволашмади, чунки уларга касаллик тарихи юборилмаганди. Менга дори ҳам беришмади - 10 соат мобайнида қусиб чиқдим. Мен жуда қаттиқ ҳолсизлангандим, нафас олиш қийинлашганди. Ўлишим аниқ деб ўйлаганди», дея эслайди Жексен.

«У ердаги одамлар кечаси билан бақириб чиқишади, бўғилишади, йўталишади. Бир ҳафтадан кейин жавоб беришди ва яна бир ҳафта давомида антибиотиклар ичишимни тайинлашди. Улардан сўрадим: сизлар берасизларми? Улар айтишди: рухсат йўқ. Мен қаердан топаман дедим. Бу уларнинг муаммоси эмаслигини айтишди», дея давом этади у.

Шахсий ҳимоя воситалари барча шифокорларга ҳам етмаяпти Фото: Reuters

Шифохоналардаги врачлар ҳам оғир шароитларда мисли кўрилмаган юклама билан оғир шароитларда ишлашмоқда. Шахсий ҳимоя воситалари йўқлиги туфайли Қўстанай шаҳри шифохонасида уч нафар шифокор ишга чиқишдан бош тортган.

Шифокорлардан бири - Роман Лавриненко - ижтимоий тармоққа жойлаштирган видеосида унга қандай ҳимоя кийимлари берилганини кўрсатди.

«Бизда стерил костюмлар йўқ. Мана ювилган бир марталик костюмлар, унга «санитарка» деб ёзилган», дейди у видеода.

Видео тармоқда тарқалиши ортидан шифокорлар ишдан четлатилди, касалхона бош шифокори эса уларни навбатчиликни рухсатсиз тарк этишда айблади.

«Биз ўзимизча кетмадик, ишлашдан бош тортдик. Чунки бундай шароитда ишлаш чиндан ҳам жуда хавфли. Мен ҳам аввалига бу коронавирус хавфига шубҳа билан қарагандим. Аммо буларнинг барчасини ўз кўзларим билан кўрдим, беморларнинг суратлари, компьютер томографиялари, касаллик тарихларини кўрганимдан кейин бу қанчалик хавфли эканини тушундим. Шунинг учун зарур шароитлар йўқ деб ҳисоблайман. Бундай хавфли шароитларда ишлаш жуда қўрқинчли», дея ўз ҳаракатларини изоҳлаган у.

«Бизга жуда катта юклама бўлди. Касаллар билан тўлган бутун стационарга икки шифокор. Бу ер 250 кишига мўлжалланган. Дорилар етишмайди, ҳамширалар кам, уларга ҳам юклама кўп», дея давом этади у.

Жамоатчилик беморлар ва шифокорларга ёрдам кўрсатиш учун қатор ташаббусларни илгари суришмоқда - шахсий ҳимоя воситаларидан тортиб, дори-дармонгача пул йиғиш ишлари бошланган.

Газ саноати технологияси соҳасида тадбиркор бўлган Ерлан Нурпеисов Олмаотада ўртача оғирликдаги беморлар учун кундузги касалхона ташкил этиш ташаббусини билдирган.

«Бундай беморларни стационарларга қабул қилишмаяпти, чунки шифохоналар биринчи навбатда оғир аҳволдагиларни қабул қилади», дея изоҳ беради Нурпеисов.

Унинг сўзларига кўра, ҳамиша ҳам поликлиникалар бундай беморларга қараш учун одам жўнатавермайди. Улар асосан уйда ўз кучи билан даволанади, лекин бундайларнинг кўпчилигининг аҳволи ёмонлашади ва уларни шифохонага олиб кетишга, ҳатто жонлантириш бўлимига ётқизишга тўғри келади.

Ҳозирда тиббий ходимларни йиғиш ва жой излаш ишлари кетмоқда.

«Агар биз шундай касалхоналарни етарли миқдорда очолсак, шифохоналарга оғир аҳволдаги беморлар оқимини тўхтатишимиз мумкин. Шу тариқа, давлат секторига юкламани ҳам, ўлим даражасини ҳам пасайтиришимиз мумкин», деган у.

Мавзуга оид