Ўзбекистон | 00:17 / 20.07.2020
23096
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусдан даволанишда парҳез қандай бўлиши керак? Мутахассис жавоб берди

Вирусология институти илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Раъно Қосимова COVID-19 беморлари таомнома масаласида нималарга эътибор беришлари кераклигини санаб ўтди.

«Бемор кун давомида тахминан 3 литр – ҳар 15-20 дақиқада 1 пиёладан сув ичиши керак. Сув ичгим ҳам, овқат егим ҳам келмаяпти, дейдиган беморлар ҳам бўлади. Бу табиий. Чунки бу вақтда организмда интоксикация жараёни кузатилади. Лекин бемор ўзини мажбурлаб бўлса ҳам овқатланиши, ҳар икки соатда оз-оздан, кун давомида 6 маҳал таом истеъмол қилиши керак.

Иштаҳа бўлмаса, оғиз қуриса ёки таъм билиш қобилияти йўқолса, лимон сингари аччиқ маҳсулотлардан иштаҳа очиш учун фойдаланиш мумкин.

Коронавирусдан даволанишда овқатдан чекловлар мавжуд эмас. Асосийси, бемор яхши овқатланиши, оқсилли таомлар ейиши керак. Оқсил бу – иммунитет. Интерферон, вирус билан курашувчи таначалар оқсилдан иборат. Бемор оқсил қабул қилмаса, иммунитет ҳам ривожланмайди», – деди мутахассис «Tez yordam» дастуридаги чиқишида.

Шунингдек, беморларга имкон қадар шамоллатилган хонада бўлиш тавсия қилинди.

«Бемор имкони бўлса, оила аъзоларини хавфга қўймаган ҳолда ҳовлида, тоза ҳавода ҳаракатланиши мумкин. Имкон бўлмаса, хонани тез-тез шамоллатиб туриш керак. Чунки бемор ҳар гал нафас чиқарганда вирусли ҳаво ҳосил қилади.

Шунингдек, ҳозирги жазирама кунларда, устига-устак иситма бўлган беморга қулайлик яратиш учун кондиционердан фойдаланиш мумкин. Бунда кондиционер ҳароратини 26-28 даражадан оширмаслик, вақт-вақти билан хонани шамоллатиш тавсия этилади», – деди Раъно Қосимова.

Мавзуга оид