Спорт | 16:10 / 24.07.2020
5580
4 дақиқада ўқилади

ПФЛ Суперлига 1-даврасини марказлаштирилган ҳолда якунлайди

4-тур учрашувларидан бошлаб қайта тикланган Суперлиганинг яна 6 тур учрашувлари муваффақиятли ўтказилди. 10-тур арафасида эса жамоаларда касалланиш ҳолатлари пайдо бўла бошлади. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ июль ойининг сўнгги ўн кунлигига режа қилинган 10-11 тур учрашувларини қолдиришга мажбур бўлди. 

«Куз фаслининг ҳар бир ойида ЎзПФЛ 10 кундан муддатни миллий жамоага беришига тўғри келади. Демак, умумий яна 30 кун давомида миллий чемпионат ўйинларини ўтказишнинг иложи бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ вақтдан ютқазмаслик учун Суперлиганинг I даврасини марказлаштирилган ҳолда якунлашга қарор қилди. Режага кўра, 3 августдан бошлаб Суперлига қайта тикланади ҳамда 15 август куни I давра ўз якунига етади. Якшанбадан ташқари ҳар куни футбол учрашувлари ўтказилади. Якшанба кунларида эса клублар умумий текширувдан ўтказилади. 

Бунда ҳар бир клуб ўзи истиқомат қиладиган объектдан фақатгина машғулот ва ўйин майдонларига ўз автобусида сафар этади. Клублар қароргоҳи талаб этилган кунларда мунтазам дезинфекция қилинади. Ҳар бир клуб жой олган объект назоратда бўлиб, делегация олдига бегона кишилар қўйилмайди. Икки ҳафта давомида футболчилар ҳам бошқа юмуш билан ташқарига чиқарилмайди», - дейилади ПФЛ расмий хабарида.

Шунингдек, ЎзПФЛ ЎФА ёрдамида ҳакамлар бригадаларини ҳам алоҳида объектда бўлишларини таъминлайди. Улар ҳам карантин қоидаларига тўла амал қилиши таъминланади. 15 августга қадар мамлакатдаги вазият яхшиланса, Ўзбекистон кубоги учрашувларидан бошлаб уй-сафар тизимига қайтилади. Бу қарор ҳолатнинг қандай кечишидан келиб чиқиб, қайта муҳокама қилинади. 

«Марказлашган мусобақада кунига 3 тадан ортиқ учрашув ўтказилмайди. Бу ҳолат нафақат трансляция ҳуқуқига эгалик қилувчи Спорт-ТВ учун, балки бошқа ОАВ учун ҳам қулайлик яратади. Қуйида учрашувлар тақвими билан танишиш имконияти бор. Қайси учрашувнинг қайси майдонда ўтиши масаласига ЎзПФЛ келаётган ҳафта аниқлик киритади», дейилади манбада.

Суперлига. 10-тур

3  август, душанба

НАСАФ — СЎҒДИЁНА

БУНЁДКОР — МЕТАЛЛУРГ

ОКМК — ЛОКОМОТИВ

4 август, сешанба

ҚЎҚОН-1912 — ПАХТАКОР

МАШЪАЛ — АНДИЖОН

ҚИЗИЛҚУМ — БУХОРО

5 август, чоршанба

СУРХОН — НАВБАҲОР
 
11-тур

6 август, пайшанба

СЎҒДИЁНА — БУНЁДКОР

7 август, жума

ПАХТАКОР — НАСАФ

АНДИЖОН — ОКМК

ЛОКОМОТИВ — ҚЎҚОН-1912

8 август, шанба

НАВБАҲОР — МАШЪАЛ

МЕТАЛЛУРГ — ҚИЗИЛҚУМ

БУХОРО — СУРХОН

 12-тур

10 август, душанба

НАСАФ — БУНЁДКОР

ҚИЗИЛҚУМ — СЎҒДИЁНА

ПАХТАКОР —  ЛОКОМОТИВ

11 август, сешанба

ОКМК — НАВБАҲОР

СУРХОН — МЕТАЛЛУРГ

ҚИЗИЛҚУМ — СЎҒДИЁНА

12 август, чоршанба

МАШЪАЛ — БУХОРО
 
13-тур

13 август, пайшанба

АНДИЖОН — ПАХТАКОР

ЛОКОМОТИВ — НАСАФ

14 август, жума

СЎҒДИЁНА — СУРХОН

НАВБАҲОР — ҚЎҚОН-1912

БУНЁДКОР — ҚИЗИЛҚУМ

15 август, шанба

БУХОРО — ОКМК

МЕТАЛЛУРГ — МАШЪАЛ.

Қайд этилишича, 3 августга қадар жамоаларда бугунги кундаги вазият ҳақида етарлича хулоса чиқариш, касалланган футболчиларга ғамхўрлик қилиш ва уларни оёққа турғазишда имконият бўлади. 3 августдан бошлаб эса эҳтимолий касалланиши мумкин бўлган футболчилар масаласи билан шуғулланиш учун СЭОА ёрдамида алоҳида комиссия тузилади. Бунда касалланган футболчи билан яқин мулоқотда бўлганлар тарихи ўрганилади ва улар белгиланган тартибда изоляцияга олинади. Футболчиларга ва клублар персоналларига машғулотлардан ташқари вақтларда бир-бирларидан масофа сақлаш тавсия этилади. Зеро жамоанинг кейинги натижаларига бу ўз таъсирини кўрсатади. Ҳар бир клуб асосий таркибида 45 нафаргача футболчи рўйхатдан ўтказилганидан келиб чиқиб, эҳтимолий касалланган футболчилар майдонга туша олмаса, уларнинг ўрни бошқа футболчилар билан тўлдирилади. Яъни, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ва интизоми кучли бўлган клублар бундан табиийки ютади. 

«ЎзПФЛ осон бўлмаган даврда футбол клубларини бир ёқадан бош чиқаришга, ўз ишига масъулият билан ёндошишга чақиради ҳамда футбол жамоатчилигига саломатлик тилайди», - дейилади ПФЛ хабарида.

Мавзуга оид