АҚШдагилар Хитойдан антиқа жўнатмалар олмоқда
Нью-Йорк штатида яшовчилар ҳам маҳаллий радиостанцияга Хитойдан жўнатилган тиббий ниқоблар ҳақида хабар берган.
Америкадаги бир нечта штатлар аҳолисига Хитойдан нафақат уруғ солинган пакетлар, балки бошқа жўнатмалар ҳам келмоқда, деб ёзади New York Post газетаси.
Америкаликлар қуёшдан ҳимоя қилувчи сохта Rayban кўзойнаклари, ҳуштаклар олмоқда.
Ўтган ойда Келли Литти исмли аёлга Хитойдан тиббий ниқоблар келган.
Нью-Йорк штатида яшовчилар ҳам маҳаллий радиостанцияга Хитойдан жўнатилган тиббий ниқоблар ҳақида хабар берган. Эндикотт қишлоғида яшовчи Доун Прокторга эса эски пайпоқ келган.
Август бошларида АҚШ, Португалия, Янги Зеландия ва Буюк Британияда яшовчи кишилар почта орқали уруғ солинган жўнатмалар олгани хабар қилинганди. Жўнатмаларда оқ ёки қора рангдаги уруғлар бўлиб, жўнатмалар устига Хитой почтаси стикери ёпиштирилган.
Хитой томони ушбу стикерлар қалбаки эканлигини билдирган.