Жамият | 14:04 / 13.08.2020
4431
2 дақиқада ўқилади

Ўқувчини тингловчи эмас, фаол иштирокчига айлантириш лозим – мутахассис

Республика таълим маркази, Халқ таълими вазирлиги ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида ташкиллаштирилган анъанавий август кенгашида Таълим маркази директори ўринбосари Меҳринисо Пардаева ўқувчиларга таълим бериш усулларида эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ҳақида маълумот берди.

«Ўқувчиларни таълимда фақат тингловчи ва пассив иштирокчи эмас, балки фаол иштирокчига айлантиришимиз лозим. Жуда кўп ҳолатларда ўқувчиларга «Жим ўтир», «Кўп савол берма» ёки «Менинг айтганимни қил», деб таъкидлаш натижасида уларни пассив иштирокчига айлантириб қўямиз. Ўқувчиларга ишонч билдиришимиз, уларнинг ахборотлар билан ишлаш ва мустақил таълим олишга ўргатишимиз лозим. Методология ва методларни ўзгартириш вақти келди», деди Меҳринисо Пардаева.

Марказ расмийси маълум муддат амалда бўлган масофавий таълим ўқув жараёнида ўқувчининг фаол бўлиши кераклигини, ўқувчини фақат синфхонасида ўқитиш ёки ўқитувчига билим олиш мумкин бўлган ягона манба сифатида қараш нотўғрилиги исботланганини ҳам айтиб ўтди.

Шунингдек, ўқитувчи юритадиган конспектларнинг бекор қилинганига ҳам тўхталиб ўтилди.

«Ўқитувчи юритиб борадиган конспектнинг бекор қилиниши жуда яхши янгилик бўлди. Сабаби малакали ўқитувчи ўқувчиларга сарфлайдиган вақтининг маълум қисмини конспектлар учун ажратар эди.

Лекин конспект ўқитувчилар учун йўл харитаси ва дарснинг бир қисми ҳам бўлиб қолган эди. Шунинг учун конспектнинг ўрнига халқаро ва миллий консультантлар иштирокида ишлаб чиқилган «Ўқитувчи китоблари» жорий қилинмоқда», деди у.

Мавзуга оид