Ўзбекистон | 12:12 / 14.08.2020
40267
7 дақиқада ўқилади

Кислород концентратори: у нима учун керак?

Хориж фильмларида кўп кузатганмиз – тез-тиббий ёрдам етиб келиши билан беморнинг юзига махсус ниқоб ёпилади ва кислород берилади. Кислород инсон ва умуман тирик жонзотлар учун жуда муҳим модда ҳисобланади ва унинг оз миқдорда камайиши ҳам қайтмас жараёнларга олиб келиши мумкин.

Коронавирус пандемияси сабаб нафақат тиббиёт мутахассислари, балки бутун дунё аҳолиси «Кислород концентраторлари» ва сунъий нафас олиш аппаратлари деган ускуналар борлиги ҳақида билиб олди. Шундай бўлсада, кислородотерапия олдин ҳам саломатликни мустаҳкамлаш ва бошқа бир қатор касалликларни даволаш учун мунтазам қўллаб келинган.

Кислород ҳар қандай организмга нафас олиш учун ўта зарур модда, демак у ҳаёт учун жуда муҳим саналади. Ҳатто озгина кислород етишмаслиги – гипоксия, иммунититет пасайиши, моддалар алмашинуви бузилишига олиб келади, бош ва мушаклар оғришига, асабийлик ҳолатларига, ҳолсизликка, жисмоний ва ақлий фаолият пасайишига сабаб бўлади.

Нафас йўллари ва юрак-қон томирлари хасталиклари билан касалланган беморларга кислород концентратори деб аталадиган махсус аппаратлар зарур.

Кислород концентратори – атмосферадан кислород молекулаларини ажратиб олиб, концентрланган тоза кислород тарзида етказиб берувчи аппарат ҳисобланади.

Улар кислород терапияда қўлланади, беморга кислород очиқ ҳаводагидан кўпроқ концентрацияда берилади.

Бу ускуналарнинг муҳимлиги ва ҳаётий зарурлиги COVID-19 касаллиги асоратларини даволашда янада кўпроқ намоён бўлди. Кислород концентраторларини сотиб олиш ва ҳатто ишлаб чиқариш давлат дастурларига киритилди. Нафақат тиббиёт муассасалари, балки оддий фуқаролар ҳам фойдаланиш учун бу асбобни сотиб ола бошладилар. Интернет маконида кислород концентраторини жуда кўп реклама қилишмоқда, турли нархларда сотиб олиш учун таклифлар берилмоқда. Турли ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган бу асбобнинг техник жиҳатлари ва имкониятларини аниқлашда ҳатто мутахассислар ҳам қийин аҳволда қолмоқдалар.

Кислород концентраторлари қандай ишлайди?
Кислород концентраторининг ишлаш принципи қуйидагича: у икки цилиндрдан иборат, хона ҳавоси ўша цилиндрлар ичидаги цеолит шарчалар – «молекуляр панжара» ичидан ўтади ва бу панжара азот молекулаларини тутиб қолиб, кислород молекулаларини ўтказади. Натижада кислород концентратори 95 фоизгача кислороддан иборат аралашма ишлаб чиқаради.

Энг оммабоп моделларда кислород билан таъминлаш тезлиги дақиқасига 3 литрдан 5 литргачани ташкил этади, 2000-йиллардан эса дақиқасига 10 литргача таъминлайдиган моделлар ишлаб чиқарила бошланди. XXI асрда кўплаб ишлаб чиқарувчилар ичхам, кўтариб юришга қулай концентраторлар ишлаб чиқаришга киришди. Уларнинг тезлиги одатда дақиқасига 2 литрни ташкил этади, аммо шунақа нусхалар ҳам борки, дақиқасига кислород билан 6 литргача таъминлай олади.

Кислород концентраторлари вазифасига қараб бир-биридан фарқ қилади. Мослама стационар ва портатив бўлади. Турли моделларни бир неча юз доллардан бир неча минг долларгача бўлган нархларда сотиб олиш мумкин.

Тиббий кислород концентраторларидан касалхоналар, санатор-курорт муассасаларида, реанимация бўлимларида қўлланади. Бунда мосламалар кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда, ўпка ва юрак хасталикларида керак бўладиган кислород терапияда ишлатилади. Терапия бўлимларида ва операция хоналарида бу стационар ускуналар оғир беморларни дақиқасига 5 литрдан 10 литргача кислород билан таъминлаш кучига эга. «Тез ёрдам» машиналари эса ихчам портатив кислород концентраторлари билан таъминланади.

Ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган, дақиқасига ўртача 5 литр кислород берувчи универсал кислород концентраторлари ҳам бор. Улар уй шароитида қўллаш учун қулай, шунингдек улардан стационарлар, санаторийлар, фитнес-марказлар ва гўзаллик салонларида ҳам профилактика ишлари ва даволаш мақсадларида фойдаланилади.

Уй шароитида қўлланиладиган кислород концентраторлари дақиқасига 1-3 литр кислород ишлаб чиқаради. Бу ихчам ва қулай мосламалар замонавий дизайнга эга. Аппарат кислород коктейли тайёрлашга қўл келади, шунингдек, профилактик ингаляциялар учун ҳам ишлатиш мумкин (тўпламга небулайзер ҳам киритилган).

Кислород концетраторлари нархи бир нечта омилларга қараб белгиланади
Улардан энг асосийси - мосламанинг мақсадга мувофиқлиги, унумдорлиги. Масалан, дақиқасига 3 литргача кислород ишлаб чиқарадиган кислород концентратори, кучли, дақиқасига 10 литргача кислород ишлаб чиқарадиган мураккаб қурилмадан анча арзон туради.

Шунингдек, тўйинган кислород оқими кўрсаткичи ҳам муҳим. Ишлаб чиқарувчилар тақдим этган асбобларда бу ўртача 85 фоиздан 95 фоизгача бўлган рақамни кўрсатади. Газли аралашмада кислород даражаси қанча юқори бўлса мослама шунча қимматроқ бўлади.

Нархни белгилайдиган навбатдаги талаб, бу ишлаб чиқарувчи мамлакат ҳисобланади. Энг қимматбаҳо тиббий асбоблар Германия ва АҚШда ишлаб чиқарилади. Хитойда ишлаб чиқариладиган мосламалар ҳам сифат жиҳатидан улардан қолишмайди, аммо нарх томонидан анча ҳамёнбоп.

Баҳо белгиланишига яна бир сабаб – бу функционал жиҳатлар. Тиббий техника бозорида уй шароитида қўллаш учун турли моделлар: оддий мосламадан тортиб юқори технологияга эга асбоблар тақдим этилади. Функционал қурилмалар нафақат уй шароитида, балки клиник ҳолатларда ҳам фойлаланилади.

Тиббий муассасалар учун ускуналар ва муайян моделлар мутахассислар томонидан қаттиқ назорат остида танланади.

Бугунги кунда уй шароитида ишлатиладиган кислород концентратор нархлари 200 доллардан 1000 долларгача атрофида. Тиббиёт муассасалари учун зарур бўлган моделлар эса анча баланд нархларда сотиб олинмоқда.

Ўзбекистонда ҳукумат томонидан бу тиббий асбобни сотиб олиш учун бир қанча имтиёзлар ва преференциялар берилган.

Бозордаги ҳолат
Ўзбекистонда пандемия билан боғлиқ ҳолат оғирлашганда, тиббиёт тизими беморларни қамраб олишга улгурмаган пайтларда уй шароитида фойдаланиш учун кислород концентраторларига талаб кескин ошиб кетди. Албатта, талаб борки таклиф пайдо бўлади. Дастлаб юқори талаб, олиб киришдаги мавҳумликлар, тақчиллик туфайли бу аппаратлар жуда юқори нархларда сотилди. Ўша кунлари асл қиймати 300 долларлик аппаратлар 1000 доллардан сотилиши оддий ҳолатга айланган эди.

Қўлбола ускуналар ишлаб чиқариш кўпайди, улардан фойдаланиш бўйича расман тасдиқланмаган, таваккалчиликка асосланган йўриқномалар пайдо бўлди.

Мураккаб вазиятда яхшигина даромад қилувчилар билан бирга савоб умидида бундай аппаратларни арзон ёки бепул ижарага берувчи саховатпешалар ҳам майдонга чиқишди. Бундай хайрли ишни қиладиган махсус гуруҳлар тузилди.

Вақт ўтгани сайин бу соҳада шуғулланувчи тадбиркорлар сафи кенгайди. Таклиф кўпайиши нархга ҳам таъсир қила бошлади ва маҳсулот қиймати мўътадиллашди. Айни пайтда маркаси, сифати ва ишлаб чиқарилган жойига кўра бу маҳсулотни 6-8 млн сўм атрофида таклиф этишмоқда. Айрим компаниялар ҳатто харидорни жалб қилиш мақсадида концентраторга пульсоксиметр ҳам қўшиб беришяпти.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид