Спорт | 23:23 / 17.08.2020
45180
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Қурбонов ва Отабек Умаров MMA спортчилари билан учрашди

Фото: Ўзбекистон MMA ассоциацияси

Ўзбекистон триатлон федерацияси ва ММА ассоциациясининг собиқ раҳбари Отабек Умаров 14 август куни асосий иш фаолиятига кўпроқ диққат қаратиш мақсадида ушбу лавозимларни тарк этганини маълум қилган эди. Унинг ўрнига Триатлон федерациясига Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, MMA ассоциациясига эса мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов раис этиб сайланди.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда бир неча нафар аралаш жанг санъати усталарининг видеомурожаати тарқалди. Унда спортчилар Отабек Умаровдан ассоциация раҳбарлигини тарк этмасликни сўраган. Бунинг ортидан айрим манбаларда 17 август куни Миллий олимпия қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтгани ва Отабек Умаров MMA ассоциацияси раҳбарлигига қайтгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси вакиллари билан боғланди.

Маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам бугун, 17 августда Миллий олимпия қўмитасида Отабек Умаров, MMA ассоциациясининг янги президенти Баҳодир Қурбонов, спортчилар, мураббийлар ва ZOOM дастури орқали вилоят бўлимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтган.

Учрашувда Отабек Умаров 14 августдаги интервьюсида ҳам таъкидлаб ўтганидек, Ўзбекистонда MMA спорти ривожини ва ассоциация фаолиятини қўллаб-қувватлашда давом этишини айтиб, жамоа ўз олдига қўйган мақсадларига Баҳодир Қурбонов раҳбарлигида эриша олишига ишонч билдирган.

Шунингдек, хабар қилинишича, MMA ассоциацияси раҳбариятида ўзгариш рўй бермаган – биринчи вице-президент сифатида Шерзод Ташматов, вице-президент лавозимида Мурод Хонтўраев, ижрочи директор сифатида Зафар Қаҳрамонов фаолият олиб боради.

Мавзуга оид