Жаҳон | 08:57 / 18.08.2020
14909
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск миллиардерлар рўйхатида 4-ўринга кўтарилиб олди

SpaceX компанияси асосчиси ва Tesla компанияси бош директори Илон Маск Bloomberg’нинг миллиардерлар рўйхатида 4-ўринга кўтарилиб олди. Бу Tesla акциялари нархи кескин ошиши ортида юз берган.

Фото: Ringo H.W. Chiu / AP

Маск миллиардерлар рўйхатида LVMH компаниялари гуруҳи директори Бернар Арнодан ўзиб кетди. Айни вақтда Арнонинг бойлиги 84,6 млрд долларга, Маскники эса 84,8 млрд долларга баҳоланмоқда. Маск 3-ўринни эгаллаётган Марк Цукербергдан 15 млрд доллар “ортда” қолмоқда.

Рейтингга Amazon раҳбари Жефф Безос 188 млрд доллар билан етакчилик қилмоқда. 2-ўринни 121 млрд долларга эга Билл Гейтс эгалламоқда.

Bloomberg’нинг хабар беришича, 49 ёшли Маскнинг бойлиги 17 августда Tesla акциялари қимматлашиши ортида 7,8 млрд долларга кўпайди. Умуман олганда, Tesla акциялари 2020 йил бошидан бери 339 фоизга қимматлашган ва бунинг ортида Маск ҳам жорий йилда 57,2 млрд долларга бойиган. Бу дунёдаги иккинчи кўрсаткич ҳисобланади. Жорий йилда фақатгина Безос Маскдан кўпроқ бойиган: унинг бойлиги йил бошидан 73 млрд долларга кўпайган. 

17 августда Tesla акциялари нархи тарихий максимумга эришди. Акциялар 11 фоизга қимматлашиб, бир донаси нархи 1845 долларгача кўтарилган. Компания акциялари нархи Хитойда электромобилларга талаб ошиши кутилаётгани ортида кўтарилган.

Мавзуга оид