Жаҳон | 23:53 / 18.08.2020
10614
2 дақиқада ўқилади

Малида қўзғолончилар президент ва бош вазирни ҳибсга олишди  

Фото: AP Photo/Mohamed Salaha

Мали пойтахти Бамакода ҳарбий қўзғолончилар мамлакат президенти Иброҳим Бубакар Кейта ва бош вазир Бубу Сиссени ҳибсга олишди. Бу ҳақда қўзғолонга раҳбарлик қилаётганларга таяниб Agence France-Presse ахборот агентлиги хабар берди.    

“Президент ва бош вазир бизнинг қўлимизда эканини айта оламиз. Биз уларни ўз уйларида ҳибсга олдик. Ҳозир улар бронетранспортёрда Кати ҳарбий базасига олиб кетилмоқда”, деб айтган қўзғолончилардан бири. 

18 августда пойтахт Бамакодан 15 км узоқликда жойлашган Кати ҳарбий базасида ҳарбий қўзғолон юз берган. Ҳарбийлар бир қатор вазирларни, жумладан ташқи ишлар ва молия вазирларини ҳамда парламент спикерини ҳибсга олишган.

Malijet порталининг хабар беришича, қўзғолончиларга Кати базасидаги ҳарбий мактабнинг собиқ директори, полковник Садио Камара бошчилик қилмоқда. Маълумотларга кўра, Мали қуролли кучлари бош штаби ҳам ҳозирда қўзғолончилар назоратига олинган, бир қатор ҳарбий амалдорлар ҳибсга олинган. 

Мали давлатида июнь ойидан бери ҳукуматга қарши оммавий норозиликлар давом этмоқда. Мухолифат ҳукумат ва президент Иброҳим Бубакар Кейтани коррупция ва мамлакат хавфсизлигини таъминлай олмасликда айбламоқда. 

Мавзуга оид