Light | 19:30 / 19.08.2020
119516
7 дақиқада ўқилади

Шакардан 150 баробар ширин, қандли диабетда фойдали ўсимлик ҳақида биласизми?

Шакар – энергия манбаларидан бири. У инсон организмида глюкозага айланиб энергия учун сарфланади. Аммо уни доим ҳам фойдали маҳсулот деб бўлмайди.

Масалан, шакарни доимий равишда меъёрдан ортиқ қабул қилиш организмда гликоген захирасини оширади. У ёғ тўқимасига айланади, қоринда ва оёқларда тўплана бошлайди, шундан сўнг семиришга олиб келади.

Мутахассисларга кўра, шакарни меъёридан ортиқча истеъмол қилиш терида ажинлар пайдо бўлишини ҳам тезлаштиради. Радикаллар чақириши оқибатида организмнинг ички ҳужайралари нобуд бўлади.

Шакар юрак мушакларига ҳам ножўя таъсир ўтказади, тиамин миқдорининг камайиши юрак мушакларида дистрофик ўзгаришларга ҳамда томирдан ташқари суюқлик тўпланишига олиб келади.

Буни қарангки, ҳаммага ҳам яхши таниш бўлмаган стевия ўсимлиги нафақат фойдали, балки шакарга нисбатан 150 баробар ширин ўсимлик ҳисобланар экан. Стевиозидни қайта ишлаш натижасида олинадиган ребадиозид моддаси билан эса 300 баробаргача тотли. Яъни у шакарнинг ўрнини бемалол боса олади.

Бу ўсимлик ҳозирда Ўзбекистоннинг бир қатор худудларида ва унча катта бўлмаган майдонларда етиштирилади.

Kun.uz мухбири Тошкент вилояти Янгийўл туманида бўлди ва ҳудудининг кичик бир қисмида стевия ва бошқа фойдали ўсимликлар етиштирилаётган «Юлдуз ситора» агрофирмасидан репортаж тайёрлади.

«Ўсимликни шакардан кўра 100-200 баробар ширинроқ деганларича бор экан. Ҳақиқатан ҳам таъми тилни ёрар даражада», – дейди сафар давомида бизга ҳамроҳлик қилган Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раҳбари Мухтор Умаров.

Унинг айтишича, стевия ўсимлиги инсониятга XV асрдан буён маълум. Инсонлар уни одатда сувга қўшиб истеъмол қилади. Ўсимлик Ўзбекистонга 1986 йилда келтирилган.

Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раҳбари Мухтор Умаров

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, стевия экишни кўпайтириш бўйича ҳукумат даражасида бир неча бор ҳаракатлар бўлган. Аммо ҳалигача унга етарли даражада эътибор бўлмаяпти.

«Бунга экин майдонларининг катта қисмига доимий тарзда пахта ва ғалла экинлари экиб келинаётгани сабаб», – дейди у.

Стевия шифобахшлиги билан жаҳон бозорида талаб юқори бўлган ўсимлик ҳисобланади.

«Бу ўсимликнинг қуритилган ҳолдаги бир килограмми жаҳон бозорида 350-400 долларни ташкил қилади. Экстракция ҳолида эса унинг нархи 5 минг долларга етади.

Ўзбекистон халқаро савдога чиқиши учун иккита давлат чегарасини босиб ўтиши керак. Табиийки, транспорт харажатларимиз ҳам жуда юқори. Бу маҳсулотда эса бизнинг транспорт харажатларимиз деярли сезилмайди», – дейди уюшма раҳбари.

Стевия Ўзбекистонда уруғлантириш ва қаламча усули билан етиштириб келинмоқда. Натижалар эса ҳайратланарли. Ўзбекистонда парваришланган ўсимликдаги стевиозид моддаси дунёнинг бошқа мамлакатларида етиштирилганига қараганда анча юқори – 19,7 фоизни ташкил қилади. Бу кўрсаткич ҳатто стевия ўсимлигини етиштиришда илғор бўлган Жанубий Кореяда 16 фоизга тенг. Бунинг сабабини бизнинг ўзига хос иқлими билан таснифлаш мумкин.

Мутахассисларга кўра, стевия ўсимлиги инсон иммунитетини оширишда қўл келади. У қандли диабетни даволашда ҳам самарали восита бўлиб, қон айланишини ва қон босимини маромига келтиради. Мия қобиғини мустаҳкамлайди, паришонхотирликни яхшилайди. Моддалар алмашинувини тиклайди, эндокрин безлари фаолиятини мўътадиллаштиради, нобуд бўлган ҳужайра ва тўқималар тикланишига ёрдам беради. Оғриқни бартараф қилиб, бактерия ва замбуруғларга қарши курашишда яхши восита. Меъда-ичак йўллари фаолиятига фойдаси катта. Танадаги ортиқча ёғларни парчалаш хусусияти борлиги боис, семиришнинг олдини олади.

Экспорти орқали давлатга катта иқтисодий фойда келтириши мумкин бўлган яна бир ўсимлик розмарин ҳисобланади. Биз меҳмон бўлган «Юлдуз ситора» агрофирмаси майдонида розмарин ҳам етиштирилар экан.

Маълумотларга кўра, розмарин эфир мойига бой ўсимлик ҳисобланади. Ушбу мой ўз таркибида 50 фоиз пинен, камфен, синеол, барнеол ва камфора сақлангани сабабли улардан парфюмерия саноатида, доривор ва инсектицид воситаларини тайёрлашда фойдаланилади.

«Ўсимликнинг ер устки барглари ва ёш пояларидан тайёрланган дамлама ва спиртдаги эритма (тиндирмаси)лари бош оғриғи, меъда-ичак касалликлари, грипп, ЎРВИ, хотин-қизларда учрайдиган айрим хасталикларни даволашда ижобий наф беради. Шу билан бирга, организмни тетиклаштириб, қувват бағишлаш хусусиятига ҳам эга», – дейди Мухтор Умаров.

Агрофирма раҳбари Анвар Рашидовнинг бизга таништиришича, розмарин ўсимлиги бир неча йилдан буён агрофирмага қарашли иссиқхонанинг кичик майдонида етиштирилмоқда.

Анвар Рашидов

«Агрофирмамиз жами 92 гектар майдондан иборат. Асосан ғалла, пахта, мева сабзавот ва доривор ўсимликларни етиштириб келамиз (маълумот учун, Ўзбекистон президенти қарори билан, 2010 йилда Асака, Янгийўл ва Жомбой туманлари пахтачиликдан чиқарилган ва бу туманларда хомашё учун пахта етиштирилмаслиги белгиланган).

Розмарин ҳам худди шундай экинларимиздан бири. Бу каби ўсимликларни шифо учун истеъмол қилишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Нафақат розмаринни, балки бошқа ўсимликларни ҳам даво учун истеъмол қилишда 45 градусдан ортиқ бўлмаган илиқликдаги сувга тайёрлаб олиш керак. Шунда истеъмол қилаётган киши унинг бор шифосини, фойдасини тўлиқ сезади», – дейди Анвар ака.

Афсуски, ҳам шифобахш, ҳам иқтисодий жиҳатдан фойдали бу каби ўсимликлардан деҳқонларимиз ҳали етарли даражада хабардор эмас.

Шу боисдан ҳам, бизнингча, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши каби масъул идоралар ҳар томонлама фойдали ҳисобланган экинларни етиштириш бўйича деҳқонлар хабардорлигини ва экинлар тарғиботини ошириши жуда муҳим.

Одатда биз билан мулоқотда бўладиган фермерлар қайси экинни етиштириш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқи уларда эмаслиги, барча режа аниқ рақамлар билан юқоридан тушишини айтишади. Бу эса биз айтаётган ташкилотлар томонидан ўйланиши керак бўлган яна бир жиҳат.

Деҳқонга эркинлик бермай туриб ердан юқори даромад олиб бўлмаслиги борасида эса бизда керагидан ҳам ортиқ тажриба бор.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи: Отахон Юсупов.

Мавзуга оид