Ўзбекистон | 16:57 / 21.08.2020
5493
3 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» агентлиги бош директорига парламент сўрови юборилди

«Ўзстандарт» агентлиги бош директорига «Импорт маҳсулотларини божхона текширувидан ўтказиш тизимини янада қулайлаштириш мақсадида вилоятларда агентликнинг махсус лабораторияларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги парламент сўрови юбориладиган бўлди.

Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида Навоий вилоятида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилди.

Парламент сайтида ёзилишича, ўрганиш давомида вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан, «Навоий» эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олган тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар чоғида уларни қийнаб келаётган қатор масалалар кўтарилди. Хусусан, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматларнинг айрим турлари муаммо туғдираётгани маълум бўлди.

Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг 2020 йил 21 август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан кун тартибига киритилган «Ўзстандарт» агентлиги бош директорига парламент сўрови юбориш масаласи депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, тадбиркорлик субъектлари томонидан хориждан импорт қилинган товарларни эркин божхона режимига чиқаришда агентлик сертификатларини олиш учун ўртача 10-15 кун кутилмоқда. Хориждаги айнан бир етказиб берувчидан товарлар импорт қилганда бир хил товарга қайта-қайта сертификат талаб қилинмоқда. Шунингдек, агентликнинг синов лабораторияларида мажбурий сертификация қилинадиган импорт товарларнинг мувофиқлигини ўрганишда етарли лаборатория жиҳозлари, ҳудудларда махсус синов лабораториялари мавжуд эмаслиги тадбиркорлар учун муайян қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Шулардан келиб чиқиб, «Ўзстандарт» агентлиги бош директорига «Импорт маҳсулотларини божхона текширувидан ўтказиш тизимини янада қулайлаштириш мақсадида вилоятларда агентликнинг махсус лабораторияларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги парламент сўрови юбориладиган бўлди.

Унда тадбиркорлик субъектлари томонидан хориждан импорт қилинган товарларни эркин божхона режимига чиқаришда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан талаб қилинадиган сертификатларни бериш муддатини қисқартириш, синов ўтказишда таркиб топган илғор халқаро усуллардан кенг фойдаланиш, тадбиркорлик субъекти томонидан хориждаги доимий шерик — товар етказиб берувчидан бир хил турдаги товарларни олганда ҳар сафар товарларни қайта-қайта синовдан ўтказиш ва сертификат беришни соддалаштириш юзасидан кўрилаётган чоралар, шунингдек,  «Ўзстандарт» агентлигининг синов лабораторияларида мажбурий сертификация қилинадиган импорт товарларнинг мувофиқлигини ўрганиш имкониятини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар тўғрисидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш сўралди, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид